Cаиджаҳон Равоний: ҚАЛАМПИР-ТУЗ

(ҳажвий қитъалар)
1.
Ҳажвни ҳеч демангиз зарар,
Шаҳсан сизга тегса-тегмаса;
Қалампир-туз бўлмаса агар,
Овқат бўлар жуда бемаза.
2.
Ҳар қайда ё мисқол, ё ушоқ,
Унсур бўлар бари-бир соҳта:
Олтин вале бўлмаса юмшоқ,
Мис бўлмасди унга омиҳта.
3.
Тирраки бир айлади нолон,
Фалон нонкўр мани сотти, деб.
Юрарди лек бермай бурда нон,
Сотқиннинг ул нонин ўзи еб.
4.
Муҳолифда унсурлар бор ёт,
Фикрим аччиқ бўлса-да, айтай:
“Озод қил, деб Жумани, жалод!”,
Қийнатишар шоирни атай.
5.
“Ҳуқуқбонлар гала бетамиз,
Гирант учун юртини сотар”.
Шундай деган битта акамиз,
Қайси пулга пиляжда ётар?
6.
Бир судя дер; правазашитник,
Тузук-қуруқ билмас қонунни.
Хукмларин ўқиб дейсиз лек;
Ким қилибди судя жунунни?
7.
Қиламан, деб ўйламанг, зарар,
Дўстингиздан пичингчи, кечинг!
Ҳаққо афти очилгун қадар,
Ғаним ёрон қилади пичинг.
8.
– Ҳурмиз!
– Хўп!
– Зўрмиз!
– Хўп!
– Бой…
– Хўп!
– Бас,
Фикрингни айт, мунча дейсан, хўп!
– Нон…
– Нон?
– Йўўўқ…
– Йўқ?
– Бооор…
– Ҳой, ярамас,
Сиёсатга аралашма кўп!
9.
Мен қўрқоқ ва тузум малайи,
Бир мухожир айлар мани фош.
Лек мард ўзи, сохиби раъйи,
Қочгани йўқ, олиб кетди бош!
10.
Эвоҳ, қолдим кунларга қандай,
Қисматнинг бу қандай ўйини?
Қочқинлар дер: “Тузумга малай”,
Баттагилар: “Ватан хоини”.
11
Оқ кастюмни кийиб, битта тўнг,
Саёхатин қилганди кўз-кўз.
“Оқ қарға”, деб луқма ёзиб сўнг,
Очибди ул орқасини ўз!
12.
Калишодан чиқибди чалиш,
Ҳаммани ул қилар калака.
Отасин ҳам аямаганмиш,
Ҳаммамас лек отасидака.
13.
Андишани, ёв дейди қўрқоқ,
Тилин қилур суиистеъмол.
Лек заҳарман, ундан-да кўқроқ,
Чақсам омон қолиши махол.
14.
Кампютерни мақташни бас қил,
Чалавошга мунинг – бир тийин!
Майкрасопинг ўзи мустақил,
Жой ташламас нуқтадан кейин!
15.
Ўнбешинчи тўртликни аммо
Ўзгартириб қўйдим сўнги дам.
Чиқармасин дедим муаммо,
Юрак қисиб бирорта одам.
***
Андижон
11 12 2010

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares