ТАРИХДА ЯХШИ НОМ ҚОЛДИРГАНГА НИМА ЕТСИН…

(Остона Саммитидан кейинги баъзи мулоҳазалар)

Ботир Норбой, филология фанлари доктори

 
2010 йилнинг охирги ойи бошларида ўтган бу Саммит аввало Қозоғистонинг
сиёсий имиджи учун фойдали бўлганини тан олмоғимиз лозим. БМТ бош
котиби Пан Ги Муннинг ўзи Қозиғистон ОБСЕга раислиги даврида максимал
даражада ишлаганини айтиб ўтди. Албатта, Қозоғистон расмийлари 29
ўзбек қочқинини экстрадиция қилиши (Худо кўрсатмасин) ҳақидаги гап
сузлар кўпайиб турган бир шароитда Ўзбекистон мухолифати БМТ бош
котибининг бу фикри билан баҳслашиши мумкин, аммо бу фикрда жон
борлигини ҳам тан олмай иложимиз йўқ Иккинчидан, куч ишлатар
тизимлари, Н.

Назарбоевдан сўрамай, шунча кишини экстрадиция қилиши
мумкин эмас. Н. Назарбоев эса, тарихда яхши ном қолдиришга интилаётган
лидерлардан бири. Бу хил шубҳали ишга қўл урмаса керак. Зеро у келажак
олдида масъул эканлигини, агар қочоқлар ҳаётида бирон кор ҳол бўлса,
(худди ҳозирда Зайниддин Асқаровни экстрадиция қилгани учун Демирел
жавоб беришга масъул бўлаётгандай) 29 қочоқ, 29 оила ва юздан ортиқ
норасидалар тақдири учун у жавоб беришини билади. Учинчидан, бу
Саммит баҳонасида Европа ва Осиё халқлари ҳаётидаги кўпгина долзарб
муаммолар ўртага ташланди. Чунончи, Ўш ва Жалолобод қирғини, Гуржистон
ва Россия, Озарбайжон ва Арманистон можоролари, Ўзбекистондаги Инсон
ҳуқуқлари муаммолари яна ўртага чиқди. Бу гаплардан сўнг жаҳон
жамоатчилиги яна бир бор ҳушёр тортди. Айниқса, Ўзбекистон ташқи ишлар
вазири Владимир Норовнинг чиқиши хориждаги ўзбекларда ҳам
хайриҳоҳлик туйғусини уйғотди.
“ОБСЕ ва унинг тузилмалари Қирғизистон жанубидаги қонли воқеаларни
тўхтатишда ва нейтраллаштиришда амалда ҳеч қандай ижобий рол
ўйнамади”, (таржима меники Б.Н.) деди Вл. Норов. Гарчи бу гаплар
кечкиброқ айтилаётган бўлсада, биз ҳамиша халқни ёнини олмаяпти, деб
юрган ҳукумат вакилидан бу сўзларни эшитиш мароқлидир. Қолаверса, В.
Норов июнь ойида бўлиб ўтган қонли қирғинни: “ким бу ишларга буюртма
бергани, ким ташкил қилгани, ким бажарганини текшириш, ҳаммасини
маҳкамага тортиш учун” Халқаро текшириш ўтказиш лозимлигини урғулагани
кўнгилдагидай иш бўлди. Шунингдек, В. Норов ҳозир Қирғизистон жанубида
иш олиб бораётган Н. Кильюнен бошчилигидаги халқаро комиссиянинг БМТга
ҳам, ОБСЕга ҳам дахли йўқлигини, бу комиссия амалга оширган ишлар
қайси мақомда кўриб чиқилиши номаълумлигини ҳам айтиб ўтди. “Агар
Қирғизистон жанубидаги июнь фожиаларининг аниқ айбдорлари топилиб, бу
масалага нуқта қўйилмас экан, бу хил фожиалар такрорланмаслигига ҳеч
ким кафолат беролмайди”, сингари фикрларни Ўзбекистон ташқи ишлар
вазири оғзидан эшитиш шахсан бизнинг кўнглимизда умид уйғотди. БМТ
минбаридан Ўзбекистон президенти И. Каримов айтган бир гапни В. Норов
янада қатьийроқ таъкидлагани дуруст бўлди: “Ўз вақтида объектив,
мустақил, тахминлардан, биртомонламаликдан холи халқаро текширув
ўтказилса, жаҳон жамоатчилигининг қатъий нуқтаи назари қирғизлар ва
Қирғизистондаги ўзбеклар жамоасини яраштиришга, розилигига йўл очиши
мумкин.”
Хуллас, Владимир Норовнинг ОБСЕ Қирғизистон воқеаларига фаол
аралашмагани, ҳозир ишлаётган экспертларнинг мақоми аниқ эмаслиги, бу
қирғинни халқаро текширувдан ўтказиш билангина ҳақиқатга етиш
мумкинлиги ҳақидаги бу хил фикрлар (гарчи анча кечикиб айтилаётган
бўлсада) ҳар бир ўзбекни хурсанд қилиши турган гап. Бу хол биз
тинимсиз танқид қилаётган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида озми кўпми
миллатимизга ён босадиган арбоблар ҳам борлигини билдиради.
В. Норовнинг акси ўлароқ, Роза Отунбаеванинг чиқиши Шўро давридаги
марказком котибларининг сўзларини эслатди. В. Норовнинг жиддий ва
хавотирли гапларига жавоб бериш ўрнига: “ўзини босиқ тутгани учун” В.
норовга миннатдорлик билдиришдан нарига ўтмади. Яна у киши
Қирғизистонда стабиллик бошланганини айтиб, афкор-оммани аладамоқчи
бўлди. Ҳолбуки, Қирғизистонда июль, август ойларидагина эмас, кейинги
куз ва қиш ойларида ҳам ўзбекларни таҳқирлаш, хўрлаш тўхтагани йўқ.
Роза Отунбаева Саммитда шу сўзларни айтаётган пайтларда ҳам Ўш ва
Жалолободда қароқчи тўдалар изғиб юрганди. Улар ҳар куни бир ўзбек
маҳалласини тўнашаётганини бутун дунё билади, аммо Отинбоева хоним
“билмайди”. Ўз қаламравидаги мамлакатда нималар бўлаётганидан огоҳ
бўлмаган президент қандай «призидент»лигини англаб етиш мумкин.
Ўзбекистон раҳбарлари Қирғизистондаги қирғинни халқаро текширувдан
ўтказиш ғоясини илгари сурсалар, Қирғизистондаги миллатчи амалдорлар
(Ўзбекистон мухолифати кўп бора такрорлаб келаётган) “Сизлар нега
Андижон фожеларини Халқаро текширувдан ўтказмадинглар”, деб баҳона
излашади. Сизлар халқаро текширувга ён беринглар, бу ёғи ҳам бир гап
бўлар, жаноблар! Аслида, ҳар хил баҳоналар қилиш, ёмонликни ёмонлик
билан ювишга интилиш дуруст эмас.
Хиллери Клинтоннинг Марказий Осиёдаги мамлакатларда, хусусан,
Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганлигини эътироф этиб
сўзлагани, Саммит баҳона Ўзбекистонга бориб, юртимиздаги мухолифат
вакиллари ва Ўзбекистон президенти билан учрашгани ва у кишига сиёсий
маҳбусларнинг рўйхатини топширгани (интернет сайтларида шунга ишора
бор) нур устига аъло нур бўлди. Ажаб эмас, бир пайтлар бўлганидай, бу
гал ҳам Ўзбекистон президенти тантилиги тутиб (Мамадали Маҳмуд, Мурод
Жўраев, Юсуф Жума, Солижон Абдураҳмонов, Рашид ва Муҳаммад Бекжон,
Аъзам Турғун, Норбой Холжгитов сингари) мухолифат вакилларини, ўнлаб
виждон тутқунларини озод этса!!! Албатта, бу ҳодиса юз бериши ёки
бермаслигини вақт кўрсатади. Нима бўлганда ҳам Вақт кимнинг кимлигини
(шу жумладан, И. Каримов ва Р. Отинбаева ҳукумати нималарга қодиру,
нималарга қодир эмаслигини) ҳам аниқлаб беради. Ҳар ҳолда, қўлидан иш
келадиган пайтда, одамларга яхшилик қилиб, тарихда эзгу ном қолдиришга
нима етсин!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares