«Бу овулда сенинг қорангни кўрмайлик». (воқеий ҳикоя)
Ботир Норбой, филология фанлари доктори
Ушбу кичик шаҳарда ягона деса бўладиган иморатлари битиш арафасида Ғайратнинг феъли айниб қолди.. Иморат эса битиб бўлди. Аммо усталарга пул бергиси йук эди. У хаёлида режа тузиб, бугун усталардан қутилмоқчи бўлди.
— Бугун кечқурун базми жамшид. Сизлар билан бир мазза қилиб ўтирамиз. Кейин хайрлашамиз,
— деди усталарнинг бошлиғига. Ушбу ҳовлини қуришга бош—қош бўлган асли Узбекистонлик козок йигити Маммат хўжайиннинг кўнглидаги режасидан хабари йўқ, ўзича хурсанд бўлди. Хурсанд бўлмасинми, деярли бир йил давомида қурган иморатлари битди. Бугун олти одам олти ойлик маошини олади. Хўжайин, кейинги пайтларда ишларидан камчилик топиб, баъзи жойларни қайта таъмирлатган, хоналарни гоҳ кўкка, гоҳ сариққа, гоҳ пушти рангга бўятган бўлсада, қийинчиликлар орқада қолди. Бугун сал ким бир миллион тенге олишади. Агар ҳар бир ишловчидан ўн фоиздан олиб, уртакаш Сарсенга берса… қолганини бўлиб берса… ҳамюртлари анча бойиб қолишади. У шўро аскарлари сафида Авғон тупроғига бориб жанг қилганида, авғонларга асир тушиб қийналганларида тирик қоламан, шундай уста қурувчи бўлиб, мўмай пул ишлайман, деб ҳеч ўйламаганди. Сарсен сабаб шу ишларга бош бўлди. Бугун худо ҳоҳласа, орзусига эришади, уй томонга бориб қизини чиқаради, ўзи ҳам беш олти кун одамга ўхшаб яшайди…
Кечқурун хўжайин, ўғли билан қурувчиларни меҳмон қилди. Тўғри, дастурхонлари устидаги ноз неъматлар меҳмонларники каби эмас: нон, гўшт, турли газаклар… Дастурхонда ҳамма нарсадан кўра ароқнинг кўплиги Мамматни ҳайрон қолдирди. Ичишди, ейишди. “Мен ичмайман”, деганига қарамасдан, хўжайин Мамматга ҳам беш олти марта фужерни тўлдириб ароқ қуйиб берди. Ичида “Худо ўзинг кечир”, деб ичаверди. Ичмаса хўжайинни жаҳли чиқади, пул бермай қўйиши мумкин… Бошқалар эса, ўзлари сўраб олиб ичишди. “Ҳў, ичаверманглар”, дейишига қарамасдан, бўридай овқат еб, итдай ичишди. Ҳаммаси оёғида зўрға турадиган аҳволга келганда ўзи ҳам бошқалардан кам ичмаган хўжайин:
“Иморат битди, бунинг учун Сизларга раҳмат. Аммо ҳозир кризис бўлгани учун Сизларнинг иш ҳақларингни беролмайман”, деганда ҳаммасининг капалаги учиб кайфи тарқай бошлади. Маммат козокча суйлаб уни инсофга келтиришга ҳаракат қилди. Аммо хўжайиннинг бадтар жаҳли чиқа бошлади… Охирида, “Йўл ҳақларингни бераман, бошимни қотирма, Ўз оёғинг билан кетмоқчи бўлсанг, кет, агар кетмайдиган бўлсанг, ҳаммангни бўлиб — бўлиб обчиқиб ташлаймиз”, деди.
— Охрана, буларни бирма бир уйдан олиб чиқ, — дегач, Маммат бирдан хушёр тортди.
— Майли, хўжайин, кетамиз, майли. Йўл пулимизни берсангиз бўлди, – деди. Қурувчиларнинг ҳар бирига ўн минг тангадан йўл пули беришди. Улар юкларини олиб, таниш газелда йўлга тушишди. Беш олти километр юришгач, Ғайрат: “Менга шу ишни топиб берган оғайним бор, мен ҳозир тушиб қоламан, унга айтиб кўрайчи, балки тил топишар… Уларникида ётиб, эртага етиб бораман, Сизлар чегарадаги арзон баракда ётинглар. Худо ҳоҳласа бир ҳафталардан кейин кўришамиз”, деб машинадан тушиб қолди.
Маммат собиқ авғончи оғайниси Сарсенникида тунади. Нонуштадан кейин у авғончи дўстига бўлган воқеани, олти ойлик пулларини беришмагани айтиб берди. Сарсеннинг жаҳли чиқиб кетди. “Шешенгни… шундай қилдими?
Бермай кўрсинчи, мен унга кўрсатиб қўяман” деб муштларини тугиб, столга муштлади. У авғондаги урушда минага дуч келиб яраланган, контужен бўлган, ноҳақликни кўрса чидаб туролмайдиган йигитлардан эди…
Икки авғончи Мамматлар қурган иморат олдига келишганда тушга яқинлашганди. Иморат дорвозасидаги каттакон эълонда: “Уй сотилади”, деб телефон рақамлари ҳам ёзилган, аммо зоғ ҳам кўринмасди. Улар дорвозадаги номерга қўнғироқ қилишди. Сарсенбой уй эгасига ўзини таништирди. Унинг қилган иши ноҳақлик эканлигини тушунтирган бўлди. Ўзини авғонистонда жанг қилганини, ҳукумат унга қулоқ солишини айтди. Аммо хўжайин қўполроқ гапирди, шекилли, ранглари оқариб “шешенгни”, деб сўкиниб, телефонни ўчириб қўйди…
— Бермай кўрсинчи, онасини кўрсатаман, — деди нимагадир ўзбекчалаб. Собиқ авғончилар бир-бирларининг тилини билар, Маммат қозоқча гапирганда, Сарсен атайлаб ўзбекча сўзларди.
— Бермайди, оввора бўлмай қўя қолайлик. Худога солдим… – деди Маммат.
— Ия, қанақа авғончисан? Шунча ишлаб жимгина кетаверасанми? Биз сен билан қон тўкиб жанг қилиб юрганимизда бу хўжайин мазза қилиб айшини суриб яшаган. Ҳозир ҳам айшини суришяпти. Масалани бундай қолдириб бўлмайди. Кунини кўрсатиш керак, буларни. Мамматнинг:
— Қўй, оғайни, сен ўз юртингдасан, мен мусофирман! Уйимга омон – эсон бориб олай, — деганига қарамасдан, Сарсен уни бир четга чақириб ўз режасини айтди. Маммат чор—ночор рози бўлди…
* * *
Эртасига эрталаб Ғайратларнинг янги қурилган данғиллама ҳовлисида қаттиқ ёнғин содир бўлди. Иморатнинг иккинчи қавати биринчи қаватга ёниб тушди. Дорвозадаги эълон ғалати лиқиллаб турар, ёнғин ҳали бу ерга етиб келмаганди. Уйларидан ҳовлиқиб чиққан қўшнилар йиқилган деворларнинг тирқишларидан уйларга мўралашди. Маълум бўлишича, ҳовлида ҳеч ким йўқ бўлиб, уй эгалари эски ҳовлиларига кетишган экан. Кимдир ўт ўчириш командасига, кимдир уйнинг эгасига қўнғироқ қилди. Уй эгаси Ғайрат келганда атроф тумонот одам, ҳамма оловни ўчириш билан оввора эди. Уй эгаси дорвозани очиб айвондаги сув кранини очиб, шлангда сув
сепа бошлади. Аксига олиб, сув сепган сайин олов гуриллаб ёнар, олов бошқа уйларга ҳам ўтарди. Қарама – қарши томондаги хонада яна портлаш юз берди… Кичик газ баллони портлаб кетганди…
— Ҳа, билдим, бу ишни ўша менга қўнғироқ қилган Сарсен қилган… Онасини…
— Сарсен ким? Нега ундай қилади? – деди хотини анграйиб.
— Пулларини бераолмовдим…
Бу гап бир пасда қўшниларга тарқади. “пулини бермаган экан”, “усталар ёқиб кетишибди”, деб ўзларидан қўшиб гапира бошлашди. Шу орада ўт ўчирувчилар келиб. Оловни ўчиришди. Ёши олтмишлардан ошган, яхши кийинган, шлапали киши – шу овулнинг бийи келиб, ҳаммани тинчликни сақлаб туришга, сунг бир жойга йиғилишга ундади. Сўнг Ғайратнинг ўзидан: «нима гап бўлди», деб сўради. Ғайрат гап нимадалигини тушунтирган бўлди.
— Ўзингдан бўлибди, иним, — деди салмоқлаб, бий. Қани, жамоат энди нима қилдик?! Ҳамма гап бу кишининг ўзида экан! Усталарни рози қилмаган. Усталар рози бўлмаган уйда барака бўлмайди. Мана шундай кўнгилсизликлар бўлади.
— Сиз бий бўла туриб уйимни ёққанларнинг ёнини олаяпсизми?! – ажабланиб сўради, Ғайрат.
— Мен ҳеч кимнинг ёнини олаётганим йўқ. Мен халқдан, қўшнилардан фикр сўраяпман. Қани жамоат, бу кишини нима қиламиз? Агар бошқа жойларда: “фалон овулда шундай иш бўлибди, усталарни рози қилмаган кишининг уйи ёнибди», дейишса, бизга иснод эмасми?!
— Иснод, – дейишди қўни-қўшнилар.
— Сизнинг ишингиз бўлмасин, нега сизга иснод бўларкан?! Аралашманг…
— Нега аралашмайман! Мен шу овулнинг бийи бўламан! Халқимизга иснод келтирмаслик учун масалани халққа соляпман…
— Халқни иши бўлмасин, мен ўзим қайтадан қураман – деди Ғайрат. Шунда чоллардан бири:
— Қайта қурмайсан! Сен инсофсизлик қилдинг, сен халқимизнинг обрўсини тўкмоқчи бўлдинг, бу овулда сенинг қорангни кўрмайлик.
Усталарни эса, келиб қолишса, овулдошлардан пул йиғиб бўлсада, ўзимиз рози қиламиз, бу уйни қайта таъмирлаб болалар боғчасига айлантирамиз
— деди. Унинг гапини барча қўшнилар қўллаб – қувватлашди. Ғайрат бошини хам қилиб, машинасига ўтириб жўнаб кетди. У бу овулга қайтиб келмади…
“…Бир ёмон нарсанинг бир яхши томони ҳам бўлади”, дейди халқ. Ажабо, кўп ўтмай, қўшнилар ҳашар қилиб ёнган ҳовлини бир қаватлик болалар боқчасига айлантиришди. Ғайрат расмийлаштириб улгармаган бу ҳовлида 50дан ошиқ бола тарбияланиши мумкин бўлган яхшигина боғча пайдо бўлди.




