ёхуд яна дардисар КВОТА ҳақида
Абулфайз БАРОТОВ
Бюджетда белгиланган харажатлардан ташқари, ҳукуматимиз томонидан ҳар йили ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни янада кучайтиришга қаратилган махсус қарорлар қабул қилиб келинмоқда.
Президентимиз 2007 йилни –аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш йили деб эълон қилганлиги муносабати билан қабул қилинган ана шундай қарорлар бўйича, Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан Зарбдор туманидаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга мухтож 31 нафар оилага Квота ажратилиб, улар газ ва свет тўловларидан озод этилган эдилар. Зарбдор туман ҳокимлиги мутахассиси Шохдор Ортиқов уйимга келиб, менга ҳам Квота ажратилганлигини айтиб, зарур бўлган ҳужжатларни олиб кетган эди.
Орадан уч йил ўтганидан кейин, 2010 йилнинг бошларида “Зарбдортумангаз” филиали Абонент бўлимининг назоратчиси Шушаева Махфири уйимга келиб, газ ҳақини тўлаб қўйишимни талаб қилди. Мен унга “Зарбдортумангаз” филиалининг ўша пайтдаги директори Б.Обрўев томонидан тузилган, Зарбдор тумани ҳокими ва вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган Квотани кўрсатдим. Назоратчи бу қоғозингиз ўтмайди, уни ўзингиз тўғрилаб олган бўлишингиз мумкин,- деган гапларни пйтди. Ана шунда газ тўловларидан қарзим 240 минг сўм эканлигини билдим.
2010 йилнинг 10 майида Зарбдор туман ҳокимлигига бориб, ҳужжатларимни тайёрлаган Шохдор Ортиқовга учрашиб, воқеани айтдим. У киши гапларимни эшитиб, “ Президент Фармони ўйинчоқ эмас-ку, сиз газ-энергия тўловларидан бутунлай озод бўлгансиз”- деб, ҳокимнинг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Олим Қулматовнинг ҳузурига юборди. Мен ўринбосарга аризамга қўшиб Квота рўйхатини ҳам бердим ва бу ҳақда ёзма равишда жавоб қайтаришини сўрадим.
Ҳоким ўринбосаридан аризамга жавоб ололмадим. Ўрнига “Зарбдортумангаз” филиали Абонент бўлимининг бошлиғи Х.Қорабоевдан қаҳрли хат келди.. Абонент бўлими бошлиғи 2010 йилнинг биринчи январь ҳолатига кўра, газ тўловларидан қарзим 385716 сўм эканлигини, қарзимни вақтида тўламаганлигим учун 38571 сўм пеня қўшилиб, жаъми қарзим 424287 сўмни ташкил этганлигини, агар қарзимни 10 кун муддат ичида тўламасам, суд ижрочилари департаменти ходимларини юбориб, мажбурий тўлаттиришини айтганди.
Тасодифан билиб қолганим 240 минг сўмлик қарзим ҳокимликка мурожаат қилганимдан сўнг бир думалаб икки баровар ошиб кетганди.
Қизиғи, 2010 йилнинг 24 февралида 5/404-рақами билан регистрация қилиниб, менга жўнатилган хатни 2010 йилнинг 15 июлида олдим.
Кейин вилоят ҳокимига, вилоят прокурорига, вилоят миллий хавфсизлик бошқармасига, Республика Бош прокуратурасининг нашри “Ҳуқуқ” газетасига, иккинчи маротаба Зарбдор туман ҳокими Эргаш Ғайбуллаев номига шикоятлар ёздим. Вилоят ҳокимлиги хатимни вилоят “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси эътиборига ҳавола қилибди шекилли, у ердан икки нафар вакил билан назоратчи Шушаева Махфири уйимга келишди.
Вакиллардан биттаси шикоятимдаги Важларни ўқиб эшиттирди-да, кейин Президентимизнинг 2003 йилда қабул қилган Фармонини кўрсатиб, “ногиронларга ажратилган имтиёзлар барҳам топганлигини, шунинг учун газ ҳақини тўлашим шартлигини ўқтира бошлади. Мен эса Президентимизнинг 2007 йилдаги Фармонни билан ажратилган Квотани рўкач қилиб, анча тортишдик. Мен боғдан келсам, вакил тоғдан келиб, КВОТА деганини сира тушунгиси келмасди.
Орадан ўн кунлар вақт ўтганидан кейин ўша вакилларнинг иккинчиси назоратчи Шушаева Махфири билан яна уйимга келди.
-Сизнинг қарзингиздан 70 минг сўмчасини кечиб юбордик. –Қолганини тўлайман деб, мана бу қоғозга қўл қўйинг.
Шундай деб вакил менга қоғоз узатди.
-Қоғозингизга қўл қўймайман,- дедим унга. – Сизлардан Квотанинг бекор қилинганлиги ҳақида ёзма равишда жавоб қайтаришларингизни сўраганман.
Шу пайт мен яшаётган Бўстон шаҳарчаси, “Мустақиллик” даҳасининг оқсоқоли Абдураҳмон Умурзоқов келиб қолди. У бундан уч йил аввал Квота ҳужжатларини тайёрлаш учун уйимга келган ва менга, “сиз газ-свет тўловларидан бутунлай озод бўлдингиз,”- деган туман ҳокимлиги вакили Шоҳдор Ортиқовнинг гапларига гувоҳ бўлган эди. Ўшанда даҳа оқсоқоли вакилга шундай савол берганди:
-Кечирасиз, сиздан бир гап сўрасам, майлими? Сиз устозга (Абдураҳмон мени шунлай деб атайди). газ-свет тўловларидан озод бўлдингиз деяпсиз. Яна бир ишкаллик чиқиб қолмасмикин?
Абдураҳмоннинг бу гапидан вакилнинг афти бужмайиб кетди, овозини бир парда кўтариб,
-Қанақа ишкал ҳақида гапираяпсиз? Саводингиз борми ўзи? Президент қарорини ҳазил деб ўйлаяпсизми?- деганди.
Ҳозир Абдураҳмон ана шу гапларни эслади.
-Мен сизга айтувидим-а, устоз, бир ишкал чиқмасайди- деб. –Ҳокимликдан келган ҳалиги кишининг оти нимайди, Шохдор дедингизми? Ўшанинг олдига бориш керак. Гаплари учун жавоб берсин.
Ўрнимга ҳокимиятга вакил билан Абдураҳмон кетди. Шохдор Ортиқов билан бўлган учрашув ғирт асаббузарлик билан ўтган. Абдураҳмоннинг Квота ҳақидаги гапларига жавоб бера олмаган Шохдор Ортиқов жойида сапчиб тушаверган. Кейин Абдураҳмон вакил билан “Зарбдортумангаз” филилалига ҳам борган. У ердаги гап-сўзллардан шу нарса маълум бўлганки, Квота ҳақида улар мутлақо тасаввурга эга эмас эканлар.
Вилоят прокурорига ёзган аризам бўйича, Зарбдор туман прокуратурасига суҳбатга чақирилган Шохдор Ортиқов, тушунтириш хатида Квота ҳақида бирон жўяли гап айтолмаган. Вилоят “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси ва “Зарбдортумангаз” филиали назоратчилари эса, Президентимизнинг 2003 йилда қабул қилган Фармонидаги ногиронларга ажратилган имтиёзларнинг барҳам топганлигини рўкач қилиб, газ ҳақини тўлаб қўйинг,-дейди-ю, аммо бу ҳақда ёзма жавоб қайтиришга келганда эса, дом-дараксиз кетишди..
Назоратчилар Квота рўйхатидаги фамилиялар рўпарасидаги“оилавий шароити” деган графадаги, “кам таъминланган, боқувчини йўқотган,”- деган ёзувга салгина эътибор қаратганларида эди, 15 нафар боқувчисини йўқотганларни бирваракайига ногиронга айлантириб, улардан газ ҳақини ноқонуний равишда ўндириб олмаётган бўлардилар.
Квотани тасдиқлаб берган туман ҳокими, (ҳозир у Зомин тумани ҳокими) Ўскан Азимовга ҳам хат ёзиб юборганимга уч ойдан ошди. Жавоб йўқ. Республика Президенти И.Каримовга, Республика Бош прокурори Р. Қодировга ҳам шикоятлар ёзганимга ҳам бир ойдан кўп бўлди.
Мана етти ой бўлаяптики, шикоятларим қумга синган сувдек изссиз кетди. Фвқат “Ҳуқуқ” газетасидан жавоб олдим. Жавобда, “шикоятингизни Жиззах вилоят прокурори П.Бобожоновга юбордик. Натижаси ҳақида сизни хабардор қилади,”- дейилган. Бунга ҳам икки ойдан ошиб кетди. Ваҳоланки, “Фуқороларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги 2003 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасида, “фуқороларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари,” деган графада, ариза ёки шикоятлар масалани моҳиятан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб қилмайдиган ариза ва шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади,”-дейилган.
Шунингдек, ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёи бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш муддати тегишли давлат органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтириши мумкин ва бу ҳақда ариза ёки шикоят берган шахсга маълум қилинади,-дейилган Қонуннинг ана шу 18-моддасида.
Қонуннинг 24-моддасида эса, мансабдор шахсларнинг фуқороларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Унда, “фуқороларнинг мурожаатдларини кўриб чиқишни асоссиз равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш сингари ҳолатларни содир этганлар қонунга мувофиқ жавобгар бўлади”,-дейилган.
Бугун эса Квота жанжали ҳақида ёза-ёз қилганимга етти ой тўлаяпти. Яқинда қўшнимиз Инобат Инатуллаева уйимга келиб, “мен ҳам квотага илинганман, аммо ҳокимиятдагилар бу ҳақда ҳужжат беришгани йўқ. Қўлимда асос бўлмаганлиги учун газ ҳақини тўлаяпман,”-деб ёзғирди.
2007 йилда ҳукуматимизнинг кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилган махсус қарорига биноан газ-свет Квотасига илинганлар вилоятда қанча экан? Зарбдор туманида яна 16 нафар кам таъминланган оилалар энергия квотасига эга. Агар газчилар эртага Квотани бир ёқлик қилишса, қовун-қовундан ранг олганидек, светчилар ҳам дарҳол ҳужумга ўтишлари аниқ.
Мен эса етти ойдирки, адолатни қарор топтира олмай, бу ёғи нима бўларкин, шикоятларимга қачон жавоб келаркин деб, юрагим қон бўлиб ўтирибман. “ Квота дегани бор нарса экан, сизга ўхшаган кам таъминланган оилалар газ тўловларидан озод бўлганларингиз рост экан,”- деган жавоб келган кун биз учун байрам бўлса, агар чархпалак тескарисига айланиб, “мана буниси сенга Квотанг учун, буниси эса ёза-ёзинг учун,- деб, бир неча миллион қарздорликни гарданимга илиб қўйган кун, билсангиз, қип-қизил мотам-да. Чунки камбағални туянинг устида ит қопибди деганларидек, эски ашуласини айтиб юракларни қон қилиб келаётган, бу беозор ва бешафқат дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкин.




