Э Ҳ, А Т Т А Н Г…

Соиб Мухандис
Ишдан қайтган Ғуломжон эшикни очаркан, остонада целлофан пакет ушлаб турган хотинини кўриб, гап нимадалигини дарҳол тушунган бўлса-да:
– Хоним, қаергадир кетяптиларми? – деб ҳазил қилмоқчи бўлди.
– Йўқ, жаноб олийлари. Сизни ана шу пакет билан ахлатхонага жўнатмоқчиман. Икки кундан бери ялинаман-а… Доим баҳона… – деган жавобни эшитган Ғуломжон:
– Онажониси, кечир мени. Бугун жуда чарчадим. Эртага ишга кета туриб, албатта ташлаб ўтаман, – деб, хотинини ўпиб қўйганди, ҳайтовур, ҳаво ёришгандек бўлди.
– Кириб қўлингизни ювинг, овқатингиз тайёр, – деб, хотини ошхона томон ўтиб кетди.
Ғуломжон овқатланиб, бироз ҳордиқ чиқаргач, эртаси кун ишхонада ўтадиган юбилейга тайёргарлик кўра бошлади. Унинг эътирозига қарамай, ҳамкасблари икки оғиз илиқ сўз айтиб, совға топширишни унга юклатишганди.
Совғани-ку Ғуломжон пакетга бир пасда жойлади, лекин илиқ сўз айтишга келганда анчагина овора бўлиб, бирор бамаъни гап топа олмади. Хонага кириб келган хотини:
– Эртага барвақтроқ туришим керак, дегандингиз. Ётмайсизми? – деганида Ғуломжоннинг хуноби чиқиб турганди. Эрининг аҳволини тушунган хотин бир пасда керакли қутлов сўзларини қоғозга тушириб, унинг қўлига тутқазди. Мушкул ишдан осонгина қутилган эр ёстиқдошини бағрига босиб:
– Ўзинг зўр хотинсан-да, – деб, мақтаб ҳам қўйди.
“Мана энди футбол кўрсам ҳам бўлади. Табрик сўзини эртага, ишга кетаётиб, ёдлаб оларман” деган хаёлда Ғуломжон телевизор олдига ўтирди… Ярим кечада ухлашга ётди…
Эрталаб хотинининг:
– Дадаси, туринг. Ишга кеч қоляпсиз, – деган овозидан сесканиб уйғонди. Иш бошланишига ярим соат қолганди. Ғуломжон нонушта ҳам қилмасдан апил-тапил кийинди-ю, совға пакетини олиб, чиқиб кетаётганди, хотини:
– Ахлат ташлаб ўтаман, дегандингиз, – деб, кечаги пакетни эрининг қўлига тутқазди.
Пакетлардан бирини шоша-пиша ахлат қутисига ташлаб ўтган Ғуломжон керакли автобусга ҳам чиқиб олди. Энди у анчагина тинчланиб, ичида табрик сўзларини ёдлашга тушди. Лекин, кошкийди, бунинг иложи бўлса… Кимдир тиқилинчда унинг оёғини босиб ўтади-ю, кимдир беихтиёр тирсаклари билан туртади…
Ғуломжон, ниҳоят, ишга етиб келди. Кутиб туришган экан, уни дарҳол одамлар йиғилган хонага бошлашди. Сўз беришди. Ниҳоятда ҳаяжонланган Ғуломжон хотини ёзиб берган табрик сўзини бир амаллаб ўқиб бергач, совғани топшириш учун пакетни очди-ю, қотиб қолди. Аъзойи баданини муздек тер босиб: “Наҳотки… Наҳотки…” – деёлди, холос. “Эҳ, аттанг, хотиннинг гапига кирсам бўларкан. Мана оқибат…” – Ғуломжонга келган дастлабки фикр шу бўлди… Унинг қўлида ахлат солинган пакет турарди…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares