Азоннинг шайтонга, қолаверса департаментга қандай алоқаси бор деб ўйлашингиз мумкин. Ҳей, оғойнилар, ковлайверсанг, гап тагидан гап чиқаверар экан. Пенсиядаман, демак, ғирт бекорчиман. Ўйлаяпсизлар-а, қарилик гаштини суриб, айш қилиб яшаётгандирсиз деб. Ахир, журналистлар, фалончи қарилик гаштини суриб, роҳат-фароғатда яшаяпти деб, ёзишади-ку. Қарилик гашти эмиш… Ўзим ҳам журналист сифатида, шундай деб кўп ёзганман. Мен сизга айтсам, қарилик умрнинг энг расво фасли экан. Азойи баданингдаги “мурруватлар” бўшашиб, касалликлар бирин-кетин “лаббай” деб, юз кўрсатавераркан. “Дом”да яшайман. Томорқада ивирсиб, ўзимни овутай десам, ҳовли деганининг “Ҳ” ҳарфи ҳам йўқ. Вақтни ўтказиш учун нима қилишим керак? Албатта, газета варақлайман. Газетада эса турли-туман хабарлар…
Газетанинг бир сонида “Долларфурушлар” деган мақолани ўқиб, ўйланиб қолдим. Илгарилари эшитганларимга ҳозир юз фойиз ишондимки, кўчага чиқиб олиб, доллар оламан, рубль оламан ва бошқа хориж валюталарини оламан деб, жар солиш, ғирт жиноят экан. Ё, товба! Жиноят кўз олдимизда, “мана мен” деб, сўмкасини ўзбекнинг сўмига тўлдириб, мирзатеракдай қаторлашиб ўзини кўз-кўз қилиб турса-ю, биз уни тафтиш қилиб, изига одам қўйиб, қўлга қурол олиб, овора-ю, сарсон бўлиб қидириб юрсак-а. Балки ҳаётнинг қонуниятлари шундайдир деб, ўйлаб қоламан гоҳида.
Яхшиси фалсафа тўқишдан ўзимни тияман-да, ривоятга ўтаман. Яратган эгам гўзалликда тенгсиз бир махлуқотни яратишни ният қилиб, ҳозир биз яшаётган еримиздан Жабройил алайҳиссалом олиб борган қора, оқ, сариқ тупроқдан кўза ясаб, унга жон киргизган. Қарабсизки, Одам Ато пайдо бўлган. Энди унинг жуфтини ясаш керак. Худо Одам Атони ухлатиб қўйиб, унинг чап қовурғасидан иккитасини кўчириб олиб, ўша ердаги бир парча этдан Момо Ҳавони бунёд қилган. Ана шундан бери улар эр-хотин бўлиб, “тош келса кемириб, сув келса симириб”, бир-бирларига елкадош бўлиб яшаб келаяпти. Бундан олдин Худо, лак-лак фаришталарга ва бошқа махлуқотларга ўзи яратган Одам Ато билан Момо Ҳавога таъзим қилинглар деб буюрган. Таъзим бажо келтирилган. Фақат биргина Шайтон худонинг буйруғини бажармаган.
-Сен нега буйруғимни бажармаяпсан? –сўраган Худо.
-Қандай қиилиб буйруғингни бажарайин,- деб, эътироз билдирган шайтон.- Одаминг тупроқдан яралган бўлса, мен эса оловдан яралганман. Валло-билло унга таъзим қилмайман.
Одамзот тарихида биринчи марта мухолифат деган тушунча Арши Аълода, шундай пайдо бўлиб, кейин урчиб кетган-ов. Маълумки, шайтон худонинг лаънатига учради. Лаънатланган шайтон Одам Ато билан Момо Ҳавони йўлдан урди. Уларга Худо ман қилган мевани алдаб егизади. Натижада барчаси жаннатдан бадарға қилинади. Жаннатдан қувилган шайтон еримизга келиб олганидан кейин, ҳаддидан оша бошлади. Бир амаллаб Одам Ато билан Момо Ҳавонинг вужудига абадий жойлашиб олиб, роса ҳунар кўрсатишда давом этиб келаяпти. Одамларни бирин-кетин йўлдан уриб, уларни арақхўр, порахўр, майишатпараст, ахлоқи бузуқ ёвуз ниятли кимсаларга айлантириб, инсоф, диёнат, виждон деганларини бўтқага айлантириб ташлади. Унинг дастидан азият чекмаган одам кам қолди. Худо галварс шайтоннинг домига илиниб, диндан чиқиб кетишдан сақланиш йўлларини ҳам белгилаб берган бўлса-да, биз бунга ҳаммавақт ҳам амал қилавермаймиз. Масалан, шайтонни жинни қилиб, қаталоғи тутган молга айлантириб, тентак қилиб тирақайлаттиришнинг йўллари кўп. Мана номозхонларни номозга чорловчи илоҳий даъват – Азонни олиб кўрайлик. Азон айтилганда, шайтон орқа тешигидан ел чиқариб, тирақайлаб қоча бошлар экан. Қачонки, азон товуши эшитилмайдиган масофага боргандан кейингина бу азобдан қутилиб, ўзини ерга таппа ташлаганича, шайтонлаб сўкинармиш..
Баъзан бозорларни оралаб қолганимда, ҳар жой-ҳар жойда, қўлларида сўмка тўла пул, “доллар оламан, доллар”- деб, бақириб турган одамларни кўриб, азон билан шайтон воқеаси эсимга келаверади. Ҳалиги тўққизта ҳарфдан ташкил топган Департамент органи дегани қаёқда қолди экан деб, ўйга толаман. Ўтган йили компютер олиш учун Тошкентга борганимда, Навоий кўчасидаги дўконлар олдида, қўлида пул тўла қопчиқ, “доллар оламан, доллар-р-р,”- деб, бақириб турган кимсани кўрганимда ҳам шундай ўй-хаёллар кўнглимдан ўтган эди.
Жиззах шаҳрида иккита катта бозор бор. Ана шу бозорда гоҳида доллар оладиганлар қатор бўлиб туришганини кўрганман. Улар мақсадини қулоғингизга шивирлаб айтиб ўтирмайди, балки, овозини баланд қўйиб, бемалол савдолаша бошлайди. Масалан, 100 долларни банкда миллий валютамизга алмаштирмоқчи бўлсангиз, “қорабозор”дагидан анча кам бўлади. Шунинг учун одамлар долларини кўтариб бозорга чопишади. У ерда бемалол долларини банкдагидан анча юқори нархда миллий валютамизга алмаштириб олиш мумкин.
Бозорни “қорабозор”га айлантириб, қонунга хилоф равишда бемалол доллар ва бошқа чет эл валюталарини сотиб олаётганларга қарши курашадиганларга Азон шайтонга қандай таъсир қилган бўлса, балки “доллар оламан” деган гап ҳам уларга шундай таъсир қилиб, қаёқларгадир қочиб кетаётганмикин-а, деб, ўйлаб қоламан. Нима бўлсаям, бу ҳозирги кундаги бор гаплар. Унинг илдизига етиш қийин. Шунга айтсалар керакда, сирга тўла, жумбоққа тўла бу дунё деб.
Шайтоннинг ичимлиги бўлган спирт ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин. Газеталарда ва ахборотларда, “спирт билан қўлга тушди, маҳсулотлар мусодара қилинди, эгасининг устидан жиноий иш қўзғатилди,” ва ҳоказо гаплар,-айтилади. Фалон томондан фалон ёққа ҳаракатланиб бораётган уловдаги спиртларни ушлаганлар, бозорга ҳам бир ўтсалар яхши бўлармиди.
Камина ҳам ҳар замонда юз грамча шайтон сувини дангалига отиб турадиганлар хилиданмиз. Шунинг учун, бозорнинг қоқ ўртасида спиртини кўз-кўз қилиб савдо қилаётган спиртфурушнинг олдига яқинлашаман.
-Оғойни спиртингиз тозами?
-Бу нима деганингиз?
-Аптечний спиртми деяпман.
-Э, қизиқ одам экансиз-ку. Аптечний спирт аптекада бўлади. Бу ер бозор, амаки.
-Тозароғидан бўлса девдим-да. Ҳар замонда ўзим истеъмол қилиб тураман.
-Сизга топамиз-да, амаки. Мана бу идишдагиси бунисидан икки минг сўм қимматроқ. Аммо пулига яраша, зўр.
Зўрлиги учун ики минг сўм қиммат бўлган спирт идишини кўздан кечираман. Ё, товба! Икки минг сўм арзон бўлган идишдагиси билан ранги-туси бир-а.
-Ахир, эгизаклардек бир-биридан фарқи йўқ-ку, бу идишларнинг. Зўрлигини қаердан биласиз? Бирон жойига ёзиб қўйилмаган бўлса.
Бизлар учун ёзиб қўйиш шарт эмас. Билганимиз учун спирт сотамиз-да.
Икки минг сўм қимматроқ тўлаб, зўрроғидан олдим. Спиртга уйда сув аралаштириб, ундан тўртта арақ ясайман. Магазиндан тўртта арақнинг пулига бу ердан икки баклашка спирт олса бўлади. Дўкондаги арақ тозароқ бўлса керак деб, ўйлашингиз мумкин. Балки шундайдир. Аммо мен фарқини била олган эмасман.
Баклашкани қўлтиқлаб уйга жўнадим. “Асабни бузманг, тақсири олам,”- деб, қўяман ўзимга-ўзим. Ўтган замонларда тозасини ҳам ичганмиз. Умр дегани тушови узилган отдек елиб ўтиб бораяпти. Баклашкани қўлтиқладим ё қўлтиқламадим, гап унда эмас. Номоз чала қолиб кетгани чатоқ бўлди-да. Демак, жаннатга киришим қийин. Яна худо билади. Юрагимга битта ниятни тугиб қўйганман. Мени ҳақорат қилишгача борган комментарийчиларнинг баъзи бирларини муллага ўқитиб, момолатмоқчиман. Мулла косадаги сувга қараб, уларнинг кимлигини тахминан айтаверади. Мен уларни боплаб комментарий қиламан. Уларчи… Бу ёғини омон бўлсак кўраверамиз.
Абулфайз БАРОТОВ.



