Янгисини қурмай туриб, эскисини бузманг
Ислом КАРИМОВ
Абулфайз БАРОТОВ
Эндигина кўзим илинган экан шекилли, деразамнинг панжараси қарсиллаб, жаранглаб кетди. Жон ҳолатда жойимдан тураман деб, полга ағнаб тушдим. Эсхонам ўйнаб, жоним танамдан тиккалай чиқиб кетай деди. Афтидан уйимизнинг шундоқ ёнгинасидан ўтган катта йўлда футбол ўйнаётган шумтакалар яна деразамни “бомбардимон” қилишди-ёв. Зумрашалардан биттаси югуриб келиб, “бова, деразангизга анови бола тўп тепди,”-деб, қочиб бораётган болани кўрсатди. Жойимдан зўрға инқиллаб турар эканман, “ҳе, ўша боланининг онасини..,-деб, сўкиндим.
Баҳор, ёз, мана кузнинг очиқ кунлари ҳам шунақа машмаша билан ўтаяпти. Мен яшаётган “Дом” Саркисов кўчасининг Ў.Хўжабеков кўчаси билан кесишган чорраҳаси яқинида жойлашган. Лаънати зумрашалар бошқа жой қуриб қолгандек, нақ менинг деразам рўпарасида футбол тепишади. Уларнинг дастидан на ухлаб бўлади на дам олиб. Ота-оналарига ҳам қанчалаб шикоят қилдик, фойдаси бўлмаяпти. Мен қанча бақирсам, улар футболга шунчалик зўр беришади. Шунга айтсалар керак-да, “ит қўриқланган жой ўч деб.
Деразамни очиб, баркамол авлод вакилларига гапим таъсир қилмаслигини сезсам ҳам, ҳар доимги гапимни такрорлайман: “стадионга бориб ўйнасаларинг, ўласанларми?
Зумрашалар чувуллашиб жавоб беришади:
-У ёққа қўйишмайди, стадион дарвозасини қулфлаб қўйишган. Буни сизга илгари айтганмиз.
-Айтмай ўлларинг, лаънатилар, галварслар, пандавақилар,- дедим жиғибийроним чиқиб. –Охир мени адойи тамом қиласанлар. Стадионни хусусийлаштириб олган шоввоз, уни ишлатмай, дарвозасини қулфлаб ўтирадими?
Бу гапни айтишга айтдим-у, тилимни тишлаб қолдим. Дарвозасини қулфлаб ўтирган бўлсаям, стадионни вайрон қилиб, тупроғига қўшиб темир панжараларини аллақаёқларга ташиб кетгани йўқ-ку. Шунисига ҳам шукур. Бошқа “тадбиркорларнинг” қилмишлари олдида. стадион эгасининг бу қилиғини ҳолва деса бўлади.
Мен яшаётган Бўстон шаҳарчаси, ўзлаштирилаётган Жиззах массивининг маркази бўлиб, шаҳарчага чўлқуварлар шундай ном беришганди. Жиззах вилояти ҳудудидаги суғориш ва ўзлаштириш ишларини амалга оширадиган қурилиш, қишлоқ хўжалик ва бошқа ташкилотларни бошқаришни янада такомиллаштириш мақсадида, 1976 йилда ташкил этилган “Жиззахчўлқурилиши” ҳудудий бошқармасининг йирик бўлинмалари шу ерда жойлашган эди. Бошқарма таркибига 8 та трест ва кўплаб катта-кичик ташкилотлар ва ўнлаб совхозлар кирарди. Шаҳарчада икки қаватли бинолар, маданий-маиший корхоналар, даволаш ва савдо марказлари, ям-яшил хиёбонлар обод коттежларнинг ўзига хос эталони барпо этилиб, шаҳарча вилоятда энг гўзал масканлардан бирига айланганди.
Мустақилликка эришганимиздан кейин хусусийлаштириш бошланди. Пули борлар “тадбиркорман” деб майдонга чиқди. Улар биринчи бўлиб анча йиллар иқтидорли болалар лицейи ва ҳайдовчилик ўқув комбинати сифатида фаолият кўрсатиб келган иккита катта ёғоч баракни хусусийлаштириб олишди-да, кейин биноларни бузиб, беҳисоб ёғоч материалларини ташиб кетишди. Кейин бундай кўргуликлар бошқа бино ва объектларнинг ҳам бошига тушди.
Шаҳарчага ўрта йўлдан кираверишдаги Ўсарбой Хўжабеков кўчасида мовий гумбазли “Чўл гули” ошхонаси ўзининг гўзаллиги ва салобати билан алоҳида ажралиб турарди. Ошхонани шаҳарчадаги обрўли ҳожи бовалардан биттаси хусусийлаштириб олдида, ижарага берди. Ошхонада чучвара, манти, жиз сингари турли хил овқатлар тайёрланиб, мижозлар билан гавжум бўлиб кетди. Аммо ошхона эгаси ижарачиларнинг хизматидан қониқмадими билмадик, ижарачиларни қувиб солиб, аввал ошхонанинг мовий губазини ағдарди, сўнгра уни бузиб харобазорга айлантирди.
Муҳтарам президентимизнинг, “янгисини қурмай, эскисини бузманг,”- деган даъвати Бўстонда тескари акс-садо берди. Бино ва объектларни хусусийлаштириб олганлар, у ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш ўрнига, ким ўзарига буз- бузга киришиб кетдилар. Ўсарбой Хўжабеков кўчасидаги савдо марказининг 80 фойизи ер билан яксон бўлди. “Жиззахчуўқурилиши” ҳудудий бошқармасига қарашли егнгил автомабиллар саройи ва унинг устахонасини аввал бир тадбиркор хусусийлаштириб олди-да, макарон цехи очмоқчи бўлди. Уддасидан чиқолмади. Кейин сарой комплекси бошқа бир тадбиркорнинг қўлига ўтди. У бу ерда “цех-пех” очаман деб, ўзини уринтириб ўтирмади. Ҳайҳотдай комплексни бузиб, плита деворларини кўчириб, бошқа материллари билан қўшиб аллақаёқларга ташиб кетди.
Сохта тадбиркорлар айниқса, “Жиззахчўлқурилиши”нинг ишчилар таъминоти бошқармасига қарашли объект ва маиший хизмат биноларига қирон келтирди. Бўстон ишчилар таъминоти бўлимига қарашли ҳайҳотдай омборхона комплексини донгдор фермерлардан биттаси хусусийлаштириб олди. Аммо у бу ерда бирон -бир тадбиркорлик ишларини амалга оширмай, уни аста-секинлик билан бузишда давом этаяпди. Юзлаб тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қиш фаслида сақлашга ихтисослашган ер ости омборхонасининг ҳам кули кўкка совурилди. Бундай кўргуликлар Бўстон тиббиёт-санитария қисмини ҳам четлаб ўтмади.
Кейинги пайтларда тўй ва маъракаларни тўйхона ва ресторанларда ўтказиш анъанага айланмоқда. Аммо, шу пайтгача 8 мингдан ортиқроқ аҳоли яшайдиган Бўстонда биронта тўйхонанинг йўқлиги туфайли, тўй эгаси базмни ўтказиш учун Жиззах шаҳрига чопади. Бу эса тўйга таклиф қилинганларга анча-мунча ташвиш олиб келаяпти.Бориш-келиши билан салкам 30 километр йўл босиб, яна бунинг устига кечаси базмга бориб келишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Айниқса, улови йўқлар алламаҳалда тугаган базмдан қайтишлари учун сарсон бўлаётибди.
Ваҳоланки, Бўстонда тўйхонага айлантириш мумкин бўлган икки қаватли маҳобатли универмаг биноси бор эди. Уни аввалига биттаси хусусийлаштириб олди. Аммо тадбиркорлик ишларини амалга ошира олмади шекилли, бино бир неча йиллар ҳаракатсиз турди. Кейин уни бошқаси сотиб олди. У бу ерда тадбиркорлик ишларини амалга оширган бўлса керак,- деб, ўйлаётган бўлишингиз мумкин. Қаёқда? У қудратли техникаларни олиб келиб, универмагни вайрон қилишга тушди. Аҳоли бир неча йиллар ўзларига беминнат хизмат қилиб келган иншоотнинг хоробозорга айланаётганини қалблари изтиробга тўлган ҳолда кузатиб турардилар.
Энг қизиғи, Бўстон шаҳарчасининг ҳокимиман деб юрган шоввоз ва тўртта маҳалла фуқоролар йиғини раислари буз-бузларга тамошабин бўлиб турганликлари ҳанузгача тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Давлатнинг катта маблағи эвазига қурилган бундай иншоотларни ҳозир бир неча миллиард сўм маблағ сарфлаб ҳам қуриб бўлмайди. Бир вақтлар вилоятнинг кўрки бўлган Бўстонга бу кўргуликлар камлик қилган экан шекилли, “Дом”лар атрофини ноқонуний қурилган паст-баланд иморатлар чирмовуқдай ўраб ола бошлади.Бу гўзал маскандан аввал файз кетган бўлса, эндиликда минглаб дарахтлар кесилиб, қурилишларга материал ва ўтин бўлганлиги сабабли, шаҳарча чўлнинг нуқси ура бошлади..
Бундан анча йиллар илгари Янги Бўстон қўрғонидан ўтган каналдан шаҳарчага лоток орқали оқар сув келтирилган эди. Сув мотор ёрдамида қувурлар орқали шаҳарчанинг чекка-чеккасигача етиб бориб, дарахтларга, хиёбонларда ўсиб ётган гулу-гулзорларга кўрк бағишларди. Кейин бир оқшомда мотор гум бўлди. Мотор ҳақида қайғурадиган шоввоз шаҳарчада топилмади. Сув етиб бормаган ҳудудларда дарахтлар қовжирай бошлади. Натижада “қуриб қолди” баҳонасида дарахтларни кесиш янада авж олди.
Яқин-яқинлардагина қурилган, бир-биридан гўзал ва мустаҳкам бино ва иншоотларнинг бошига нега шундай кўргуликлар тушди? Бу саволга жавоб берадиган одам эса йўқ. Бир гал ёнимиздаги коллежда Республика савдо-саноат палатасининг раиси билан учрашув бўлди. Фамилияси ҳозир эсимда йўқ. Унинг кейинчалик Фарғона вилояти ҳокими бўлганлигини эшитдим. Мен хусусийлаштириб олган маиший ва маданий биноларини вайрон қилган тирноқ ичидаги тадбиркорларнинг кўпчилиги шу ерда эканлигидан фойдаланиб, шу масалани кўтардим. Нуфузли раҳбар дарров қўлига қалам олиб, менинг айтганларимни ёзиб ола бошлади. Шунда Азиз Несиннинг бир ҳикояси ёдимга тушди. Худди шу палата раисига ўхшаб, одамларнинг арз-додларини гугурт қутисига ёзиб олган раҳбар, йиғилишдан чиқа сола гугунрт қутисини бир четга улоқтирган. Гугурт қутисида эса шундай сўзлар ёзилган экан, “Алие, сени жуда соғиндим, қачон бир инқиллатар эканман деб, ўлиб турибман. Қани энди манови лаънати йиғилиш тезроқ тугаса-ю, ёнигга учсам,”
Мен савдо-сотиқ палатаси раисига ҳикоядаги воқеани эслатиб, мабодо сиз ҳам шундай йўл тутманг тағин, – деганимда унинг ранги қув учиб кетди ва жойидан шоша-пиша тура сола, деди:
-Бу нима деганингиз? Яқинда бу масала билан қаттиқ шуғулланилади.
Шундай деб, жуда катта бир раҳбарнинг номини тилга олди. Бу гапларга ҳам тўрт йилча бўлди. Унинг ваъдаси эса ваъдалигича қолиб кетди. Президент даъватини менсиммай, буз-бузларни амалга оширганлар билан ҳеч ким шуғулланмади. Хайрият, “Дом”лар атрофини қуршаб олган ноқонуний қурилишларга қирон келди. Ўзим ҳам чекка подъездда жойлашган уч хонали уйимнинг атрофини девор билан айлантириб олган эдим. Биринчилар қаторида буздим. Қўшниларимиз ҳам бузишди.
Во, ажабо! Ҳаммаёқ очилиб, атрофга кўрк кириб қолди. Уйимиз олдини ва атрофини девор билан тўсиб олиб, турли хил майда-чуйда қурилишларни қалаштириб ташлаганимиз учунми, беш қадам нарида яшаётган қўнимиз худди бегонадек эди. Ҳозир эса кўз-кўзга тушганидан кейин бир-биримизга меҳримиз ошди, подъезддан чиқибоқ ҳол-авол сўрашиб кетамиз. Айниқса, шаҳарчада дардисар моллар кўпайиб, ҳамма томоннинг расвосини чиқара бошлаган эдилар.
Лекин, шаҳарчани ноқонуний қурилишлардан тозалаш тадбири чала қолиб кетганлиги юракка бироз хижиллик солиб турибди-да. Ҳозир молхонаси, ошхонаси, товуқхонаси, кладовкасини ҳар хил баҳоналар билан бузмаганлар, бузганлар устидан кулиб юришибди. Чунки бузилмай қолган иморатлар, “гоҳо бузилар эмиш, гоҳида эса, бузилмайдиган бўпти,-деган гаплар шаҳарчада баъзан оралаб қолганини эшитиб қоламиз.
Мени эса муҳтарам президентимизнинг, “янгисини қурмай туриб, эскисини бузманг,”- деган даъвати нега туманимизда тескари акс-садо берганига сира тушуна олмаяпман. Бу даъватни оёқ ости қилганлар қачон бўлмасин қилмишлари учун жавоб берармикинлар? Баъзи бир хўжаликлардаги метал конструкция лойиҳасида барпо этилган бутун бошли техника саройлари ва чорвачилик комплекслари таг-туги билан бузиб олиб кетилди. Бўстон шаҳарчасига қарашли, Янги Бўстон қўрғонидаги универмагдан ҳам ном-нишон қолмади.
Ҳозир мамлакатимизда коррупцияга қарши қаттиқ кураш кетаяпи. Турли лавозимдаги порахўрлар бошига қора кунлар келди. Улар зор-зор йиғлаганларича қамоқхоналарни тўлдиришмоқда. Илгарилари мансаби, пули борлар халқ назарида даҳлсиз шахсдек эди гўё. Чунки уларнинг кўпчилиги жазога тортилсада, пулининг кучи билан қамоқдан озод бўлиб кетган ҳоллар кўп бўлган.
Оддий одамлар коррупцияга қарши кураш жараёнини хурсандчилик билан кутиб олаяпти. Чунки юртбошимизнинг, жиноят жазосиз қолмайди, жиноятчиларга жазо муқаррардир, деган гаплари ҳаётда ўз исботини топмоқда. Халқнинг мулкини сув текинга хусусийлаштириб олиб, енгил-елпи йўл билан бойлик тўплаганлар охир бир кун юзтубан кетиши аниқ. Эртаклардаги “сичқоннинг ини минг танга…” ибораси реал воқейликка айланаяпти. Демак, “қилмиш-қидирмиш,”-деган қисматдан ҳеч ким қочиб қутула олмаслигига бугун барчамиз гувоҳмиз.




