Қўшиқчилигимиз муаммолари ҳақида

Носир Зокир

Совет замонларида радиода ҳам, телевиденияда ҳам, тўй -ҳашамларда ҳам фақат миллий чолғу асбоблари билан ҳақиқий миллий қўшиқларни тинглаб, томоша қилар эдингиз.
Ҳар ҳолда биз шундай қўшиқларни эшитиб катта бўлганмиз. 80- йилларни ўрталарига келиб қўшиқчилик санъати миллийликдан йироқлаша бошлади. Хонадонлар оврупо чолғу асбоблари билан қўшиқ куйлай бошлашди. Ўша йиллари мени «Ўзбекистон адабиёти ва санъати » газетасида шу муаммога бағишланган мақолам кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлган эди.

Бугунги кунга келиб таксига чиқасизми, магазинга кирасизми, ҳамма жойда фақат бачкана, миллийликдан йироқ қўшиқларни тинглашга мажбурсиз. Уйга келиб телевизор томоша қилсангиз ўзини хонанда санайдиган бир кимса яна ўшанақа бачкана қўшиқ айтаётган ва албатта ёнида икки ёки тўрт нафар ўйинчи ўйнаб турган бўлади.

Ҳафтасига бир -икки марта миллий қўшиқларни тарғиб қилувчи баъзи кўрсатув ёки эшитишларни назарга олмасак, 90 фоиз қўшиқлар миллийликдан йироқ. Сиз эса уларни тинглашга мажбурсиз. Чунки, ҳозирда фаолият олиб бораётган радиоларда фақат шундай қўшиқлар тарғиб қилинади.

«Хўш, нима бўлибди. Енгил -елпи қўшиқ бўлса, бу ўткинчи давр. Қолаверса ҳозирги ёшлар вақт ўтиб қариб қолсалар ҳақиқий миллий қўшиқларимизни тинглай бошлайдилар!»- дегувчилар қаттиқ адашадилар.

Биринчидан: онги шуури бачкана қўшиқлар билан тўлган ёшлар ҳеч қачон қариганда миллий қўшиқларга меҳр қўя олмайди. Энг даҳшатлиси бундай бачкана қўшиқларни эшитиб улғайган ёшларнинг онги заифлашади. Улар жиддий масалалар хусусида фикрлаш у ёқда турсин, ўйлашга ҳам қурби келмайдиган, фикр доираси тор кишилар бўлиб ўсишади.

Мен жуда кўп марта ўзимизни миллий қўшиқларимизни севиб тингловчи ва бачкана қўшиқларни эшитувчи ёшлар билан суҳбатлашиб ҳайратга тушганман. Ижтимоий масалалар бўйича уларни орасида ер билан осмонча фарқ борлигини сезганман.
Миллий қўшиқларимизни тингловчи ёшлар дунёқараши кенг, бачкана қўшиқлар ихлосмандлари фикрлашлари эса жуда саёз.

Мени бир шоир дўстим бор. Бир куни у билан гаплашиб ўтирсак, деярли ҳар куни телевизорга чиқиб турадиган бир қўшиқчи келиб қолди. У дўстимга «Ака, менга Ватан ҳақида шеър ёзиб берсангиз» деди. Дўстим “Нега?» деб сўраган эди, у «Ватан ҳақида ашула айтса тезроқ унвон бераркан» дейди.

Қўшиқчининг бу гапларидан иккаламиз ҳам хҳйрон бўлиб қолдик. Шунда дўстимнинг жаҳли чиқиб: «Ҳой ҳофиз, Ватан ҳақидаги қўшиқни буюртма бериб айтиб бўлмайди. Сенларда Ватан тўйғуси бўлса, мени олдимга Ватан ҳақида шеър ёзиб беринг, деб келасанми? Сенлар Ватанни унвонга сотувчи , ёшларни издан чиқарувчи кимсаларсан. Сенларни халққа келтираётган зараринг террорчиликларнидан асло кам эмас. Йўқол, иккинчи олдимга келма!»- деди.

Дўстимнинг бу гапларида жон бор эди. Минглаб ёшларни онгига, тафаккурига таъсир кириб, уларни “бошқараётган” енгил-елпи, бачкана қўшиқлар ҳақиқатдан миллатимиз фожеасидир. Уларни террорчи гуруҳларнинг қилаётган бузғунчилигидан асло кам жойи йўқ. Бачкана қўшиқларни тарғиб қилиб, ўз шахсий манфаатини ўйлаётган медиа корчолонлар бу ҳақда ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди.

Фарзандларимиз келажагини ўйлайлик!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares