Миржалол Қосимов – 40 ёшда

Носир Зокир

Албатта, ҳаёт фақат сиёсат ва иқтисоддан иборат эмас. Миллатни ғурурини кўтарадиган, ҳаттоки бир -бирига қуролли ҳужум қилишни мўлжаллаб турган икки давлатни ёки бир- бирини хушламайдиган икки оддий фуқарони яраштирадиган бир спорт тури борки, бу – футболдир.

Ўзбек халқи дунёга Биродар Абдураимов, Тулаган Исоқов, Баҳодир Иброҳимов, Азамат Абдураимов ва албатта бугунги қаҳрамонимиз Миржалол Қосимов сингари футболчиларни етказиб берди. Ўсмирлар ўртасида жаҳон ва ёшлар ўртасида Оврупо чемпиони, Россия чемпиони ва бронза медали соҳиби М.Косимовни бугун 40 ёши билан табриклаб, кўкларга кутараётганлар ёки уни танқид қилаётганлар, бу машҳурлик қандай озоблар эвазига қўлга киритилганини билмасалар керак. Зеро, машҳур спорт шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг «Ўзбегимнинг Миржалоли» китобида келтирилган даҳшатли тушга ўхшаш воқеаларни ҳали кўпчилик билмайди. Ушбу китоб атиги 5 минг нусхада «Шарқ» нашриётида чоп этилган. Бу китобнинг атиги минг нусхаси сотилган, қолган нусхалари Миржалолнинг мухлислари билан сўнгги учрашуви кунида «Пахтакор» стадионида сотилаётган пайтда гўёки хавфсизлик нуқтаи назаридан олиб қўйилгна. Айни пайтда китобнинг қолган қисми қаердадир чанг босиб ётибди.

Ушбу китобда ёзилишича1985 йил Миржалолни собик иттифоқ ўсмирлар терма жамоасига таклиф қилишади. Бунинг учун у ўқиган 157 мактабдан хужжат керак эди. Шу ҳужжатни «Райком», «Обком», «Комсомол» қўмиталари тасдиқлаши керак эди. Ахбор акани ёзишларича Миржалол отаси Қўшоқ ака билан шу ҳужжатни тасдиқлатиш учун 3 ойга яқин кабинетма-кабинет сорсон бўлиб юришган. 15 ёшли мурғак қалб ўша пайтлардаёқ комунистик ғоялар билан вужуди тўлиб- тошиб кетаёган сиёсатчиларни зарбасига биринчи бор дучор бўлган эди.

СССР парчаланиб, мамлакатимизда миллий чемпионат ўтказиш бошланди. Ҳали ҳам мустақиллик нима эканини тушиниб етмаган айрим раҳбарлар 1992 йили Миржалолга иккинчи зарбни беришди. М.Қосимовни ўйинларини совет даврида кўрган Испаниянинг «Логронес» жамоаси вакиллари уни ўз жамоаларига таклиф этишади. Миржалол хорижга кетишдан олдин Ўзбекистон телевидениясига интервью беради. Мухбирнинг нега чет элга кетишга қарор қилганлиги ҳақидаги саволига, Миржалол бу ерда юқори малакали футболчи бўлиб етишиш учун етарли шароит йўқлиги, у тажрибасини ошириши учун хорижга бориши зарур эканлигини гапиради. Сўнг кўрикдан ўтгани Испанияга жўнаб кетади.

Миржалолни бу гаплари кўпчилик раҳбарларнинг норозилигига сабаб бўлади. Қайтиб келгач, Жисмоний Тарбия Институтидан ҳайдалганлиги ҳақидаги қоғозни уни қўлига тутқазишади. Тез орада халқ орасида «Миржалол ичкиликка берилиб кетибди, наша чекаётганини ўз кўзим билан кўрдим» каби миш-мишлар кўпайиб кетди. Уни халқ орасида ватан хоини сифатида гавдалантиришга ҳаракат қилишади. Ва ниҳоят «Спорт » газетасида «Ҳамма нарсадан Ватан азиз» сарлавҳаси остида Миржалол билан суҳбат эълон қилинди.

Суҳбатда Миржалол қаерда бўлса ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларида албатта иштирок этишини, ўз Ватанини барча нарсадан устун қўйишини айтган эди.

Шундан сўнг кечагина уни сотқинга чиқарганлар, ҳатто у билан сўрашишга ҳам қўрққанлар, бир зумда фикрларини ўзгартирадилар. 1994 йили Рутсам Акрамов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Хиросима шаҳрида Осиё чемпионлигини қўлга киритиб қайтади. Келажакдаги режалар улкан эди. Лекин Рустам Акрамов ва Миржалол Қосимов ўзича футболга аралашиб турган бир раҳбар билан келишолмай қолишади. Оқибатда мамлакатнинг нуфузли газеталаридан бирида Р.Акрамов ва М.Қосимовлар ҳақида бир мақола чоп этилади. Мақолада улар ҳатто Ватан хоини сифатида гавдалантиришади. Фелъетондан сўнг улар тезда терма жамоадан четлаштириладилар.

Миржалол Қосимов кейинчалик ҳақиқат қарор топиб, бир неча нуфузли мукофотларни қўлга киритди. Охирги зарба эса у терма жамоага бош мураббий этиб тайинлангач рўй берди.

Аброр Имомхўжаевнинг «Чемпион» газетасида ёзишича ўзбек футболи юлдузини қўллаб- қувватлаш ўрнига уни ерга уришга ҳаракат қилишади. Бунгача терма жамоани ўртоқлик учрашувлари, йиғинлар ўтказиш учун топилган маблағлар Миржалолга келганда топилмади. Оқибатда терма жамоа муваффақиятсизликларига Миржалол айбдор бўлиб қолаверади.

Ўзбекистондан етишиб чиққан футбол дарғаси Геннадий Кросни 1987 йили шунга ўхшаган ҳақсизликларга чидай олмай Хўжанд шаҳрида меҳмонининг юқори қаватидан ўзини ташлаб вафот қилган эди. Бизнинг Миржалол барча маломатларга чидади. Халқ орасида қадр топди. Ҳукумат ҳам охир -оқибат уни хизматларини қадрлаб, кўплаб унвонлар билан тақдирлади.

Эҳтимол, Миржалол бизни сайтимизни ўқимас, лекин бизни мақоламизни ўқиганлар албатта бу ҳақда унга етказишади.

Совет даврида Ўзбекистондаги барча жамоалар дўстлашган пайтлардаёқ Миржалол ёш бўлишига қарамасдан ўзбек деган миллатни дунёга танитди. Россиянинг «Алания» жамоасида ўйнаб русларни лол қолдирди. Россия чемпион бўлди.

Халқимиз Миржалол Қосимовни ўзбек футболини дунёга танитиш йўлида кўрсатган хизматларини қадрлайди. Ўзбек футболи юлдузи ҳақида доимо яхши фикрлар билдиради. Умринг узоқ бўлсин! Ҳамиша халқимиз севган инсон бўлиб қол! 40 ёшинг муборак бўлсин, Миржалол!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares