Мен ватанимни алдай олмайман, чунки мен уни севаман

Руҳиддин Комилов

Ватанни ҳар ким ҳар ҳил севади. Кимдир унинг бойлигини, кимдир унинг тилласини, кимдир оппоқ пахтаю пилласини, кимдир унинг амалини қўйингки ҳар ким бу борада ҳамма нарсани ўзининг бузуқлиги билан кўриб, расволиги билан ўлчайди. Ҳар ким ватанни севишни ўзига хос усуллари билан кашф қилади. Шунчалик ватанни “севганидан” Махмуд Ялавоч уни мўғуллар, бир-бирини пайини қирқиб доим қирпичоқ бўлган амир, хонларимиз эса руслар оёғи остига поёндоз қилиб ташлагани, қандайдир дашноқлар бегуноҳ фуқароларни қатли ом қилгани, миллат ўз юртида ўзи меҳмонга айланиб ўзгалар бизга ҳукмронлик қилганлари, бутун бошли бир миллат бир ҳовуч амалдорлар олдида “тажриба остидаги қуёнга” айлантирилиб, ундан порахўр, муттаҳамлар ясалгани, пачкалаб қамалгани, йўқ қилингани ҳеч кимга сир бўлмаса керак.
Мен ҳам ватанни кўплар қатори севаман. Лекин унинг амалу-мансабларини, пиллаю-тилларини, бойлигини эмас балки унинг мени дунёга келтирган тупроғини, менинг лойимни қориб берган сувини, менга жон ато қилган мусаффо ҳавосини, бағрикенг халқини, унинг мустақиллигини, бошқалардан кам бўлмаслигини таъминловчи иқтисодий фаровонлигини. Балки бу кимлар учундир баландпарвоз туюлиши мумкин. У ҳолда табиийки бундайлар учун ватанни севишни ўзга ўлчами мавжуд.
Маълумки иқтисод ҳар қандай жамиятнинг юраги, қонунлар эса қон томирларидир. Иқтисодий кучли жамият ижтимоий фаровон ҳаётни яратиши, бундай жамиятда аёллар мардикорликка, эркаклар эса иш қидириб қулликка отланмаслиги одатий ҳолдир.
Аҳоли сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ҳар йили меҳнат армияси сафига балоғат ёшига етиб тегишли ўқув, касб-ҳунар билим юртларини тугатган минглаб ёшлар келиб қўшилмоқда. Уларни кўз қорачиғидек асраш, жамиятда ўринларини топишда қўмаклашиш бизнинг бурчимиз. Наинки улар бизнинг келажагимиз. Жамият ишсизлик, иложсизлик иллатидан иложи борича маҳрум бўлиши керак. Ҳар биримизнинг қалбимизда имконият доирасида шу иллатларни йўқ этишга қаратилган фикр, амалда эса ҳаракат бўлмоғи жоиз. Наинки бу юрт бизники. Кулсак ҳам ўзимиз куламиз, куйсак ҳам ўзимиў кўйамиз. Ҳар бир ватнпарвар шундай ўйлаши ва шундай ҳаракат қилиши керак. Шундай ўйламас, ҳаракат қилмас экан уни ватанпарвар деб бўлмайди. Наинки ватанни севмоқ иймондандир.
Мен ҳам шундай ўйлаб, шундай ҳаракат қилишга жазм қилдиму, лекин баъзи фуқаролару, амалдорларнинг ватан ҳиссин жиғилдонман, омборига тушган буғдой, донман ўлчаши натижасида бошлаган эзгу ишларим саробга айланди.
Қиссадан ҳисса қилиб айтадиган бўлсак фақат гап билан эмас, балки амалий ҳаракатлар доирасида ҳам халқимизнинг оғирини енгил қилиш, ватанимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга баҳолиқудрат ҳисса қўшиш мақсадида 2008 йилнинг март ойида энди билсам ҳамкорлар эмас “шерикларим” Маъмур Таджибоев, Хаким Эшонов, Шокир Эшматовлар иштирокида Паркент тумани, Бўстон қишлоғида “Машҳар плюс файз” маъсулияти чекланган жамиятни ташкил этиб паррандачилик фермасини
фаолиятини йўлга қўйдик. Дўстларимдан бири Муталибов Исроилжон аканинг шарофати билан менга ишлатиш учун берилган 5000 ақш доллари ва уйимдаги икки бош қорамолни 770 минг сўмга соттириб ушбу мақсадлар йўлига сарфладим. Устига устак 20.000.000. (йигирма миллион) сўм кредит ҳам олинди.Улар эса маблағлари йўқлиги боис пул қўша олмасликларини айтганида мен менинг пулим сизнинг пулингиз, эзгу мақсадлар йўлида нахотки шу нарса бирламчи бўлса дея таскин бердим. Билсам булар менинг эзгу мақсадларимни “ўзича” тушуниб етишган экан. Мен берган маблағга ферма биноси ва 6 минг дона сентябрь ойидан бошлаб тухумга кириши керак бўлган, кейин эса кредит ҳисобига 1136 дона жўжа- товуқлар сотиб олинган амалий фаолият бошланган эди. Мен ўз ишимдан орта олмаслигимни айтиб бутун маъсулиятни уларга ишониб топшириб қўйган эдим. Улар эса бу соҳани жуда яхши билишларига ва ҳамма холатга жавоб беришга мени ишонтирган эдилар. Мен уларга ҳақиқатдан ишонган эдим…
Кўп ўтмай тасодифан қўлимга тушган расмий хужжатлардан “Машҳар плюс файз” маъсулияти чекланган жамияти номига расмийлаштирилиши керак бўлган паррандачилик фермаси биносини Шокир Эшматов ўз номига хусусий қилиб расмийлаштириб олганидан хабардор бўлдим. Улардан изох сўраганимда англашмовчилик туфайли бунга йўл қўйишганларини айтишди. Аслида эса кейинчалик билсам бу уларнинг фирибгарона режаларининг биринчи қадами экан. Менинг талабим билан ферма биноси қайтадан “Машҳар плю файз” маъсулияти чекланган жамияти номига расмийлаштирилди. Уларни яна бир жавобгарлик борасида огоҳлантирдим. Уларга яна ишондим ва имконият бердим.
Жўжани санайдиган куз ҳам келганида эса на тухум, на товуқлар борлиги, кредитни ўрни йўқлиги, олинган кредитни тўлаш учун ҳеч қандай чоралар кўрилмагани, устига устак ферма мол-мулки унинг атрофидаги 300 метр масофадаги арматура темир панжаралар, темир эшиклар, 25х12 метр ўлчамдаги бинонинг шиферли томи, электр жихозлари талон тарож қилингани маълум бўлди.
Мен уларни яна инсофга чақириб зиддиятга бормай ҳамма нарсани хисоб-китоб қилиб менга топширишни, вазиятни ўзим соғломлаштиришга ҳаракат қилишимни айтдим. Шу мақсадда дўстларимдан бири тўғрироғи Абдилло Тожибой ўғли томонидан менга беминнат берилган суяк уни, омухта ем ишлаб чиқарувчи минизаводни вайрон бўлган фермага келтириб ишга хозирлай бошладик ва деярли бир неча киши бир ой шу билан машғул бўлдик. Аммо “шерикларимни” касофати туфайли бу ҳам барбод бўлди. Наинки улар ичқоралик, ҳасадгўйлик иллатларига қул бўлиб, ўзлари юргиза олмаган фермани юриб кетиш эҳтимолини кўриб менга тегишли хужжатларни беришни рад этишди. Унинг ўрнига очиқдан-очиқ шантажга ўтишди.
“Биз уч кишимиз. Ўзаро тил бириктириб ҳамма айбни сенга тўнкаймиз. Сен берган пул жамиятга кирим қилинмаган. Пул олинганлиги тўғрсида тилхат ҳам йўқ. Қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Бизни эктремистик ташкилотга киришга ундаган деймиз”. Қўйингки бу уччала шахс ўзининг ифлос мақсадлари йўлида ҳар қандай разилликка ҳам тайёр эди. Бу худди тошбақа ва чаён масалига ўхшарди. Чаённи ўз елкасида дарёни нариги қирғоғига олиб ўтаётган тошбақа кўрсаки чаён унга нишин санчмоқчи бўлади. Тошбақанинг яхшиликка ёмонликми деган эьтирозига эса чаён шундай жавоб берган экан. Билсанг мени асли қилмишим, захар солмоқ урганча нишим.
Бу муттаҳамлар ва уларнинг “бош маслаҳатчиси” амалдаги бухгалтер Рустам Обидов сувдан қуруқ чиқиш учун наинки мени, балки ҳамма нарсани сотишга тайёр эканлигини кечроқ англаб етган эдим.
Улар томонидан бошланган ғирром ўйинга чек қўйиш учун Тошкент вилояти прокурори Муҳиддин Қиёмовга шикоят бердим. Бунинг натижаси ўлароқ Паркент тумани прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилиб тергов ҳаракатлари бошланди. Тергов ҳаракатлари терговчи Эркин Тўғизбоев томонидан олиб борилиб, мен бор-йўғи бир марта чақирилиб иккинчи мартасида иш тугаганлигини айтишди. Жиноий иш материаллари билан танишиб чиққач уларнинг ўзларини оппоқ қилиб жавобгарликдан қутилиб қолиш учун хар қандай пасткашликка тайёр эканлигини яна бир англаб етдим.
Мен ўз ҳақимда улар томнидан яна билмаган “хислатларимни” билиб олдим. Бири беш вақт номозни канда қилмай ҳар икки гапини бирини оллоҳдан бошлаб оллоҳдан тугатувчи “тақводор”, бири “ҳақиқатпарвар”, бири эса ҳеч кимни ҳаққига “хиёнат” қилмайдиган тадбиркор сифатида куни кеча уларни оғрини енгил қилган, биримиз икки бағримиз бутун, ватанимиз озод ва обод бўлсин деган шахсни, бутун ниқобларини ечиб ташлаб роса “чиройли сўзлар билан арчадек” безашган эди.
Замоннинг қадри қиймати пул бўлди,
Турмушнинг қадри қиймати пул бўлди,
Ака-ука, дўст биродар йўқолиб,
Катта кичик пул деганга қул бўлди
дея қачонлардир битиб қўйган мисраларимни қанчалик тўғри эканлигига яна бир бор иймон келтирдим. Куни кеча мени мени олқишлаб чўққиларга чиқарган бу тиллар ва қўллар, мени салкам “халқ душманига” айлантириб, тубанликни тубсиз чохига улоқтиришган эди. Улар ҳаммма нарсага тайёр эдилар. Ҳатто мени маҳв қилишга ҳам… ЭҲ ЖИГАРДАН ЯРАЛГАН ПУЛ ҚУРСИН…
Шуни дея миллатни сотсак, ватанни сотсак, ўзимизни ва инсофу-иймон, виждонимизни сотсак, олқишга отланган қўлларимиз пичоқ қидирса. Наҳотки биз шунчалик арзонмиз…
Улар гарчанд мен фермани бошқармаган, хўжалик фаолиятига аралашмаган бўлсамда, илгари ўзлари айтганларидек жавобгарликдан қочиш мақсадида барча айбларни, мағзаваларни менга ағдаришган эди. Шундагина уларнинг асл башараси фош бўлди. Қарангки ҳақиқатдан мендан олинган пуллар кирим қилинмаган, жўжа-товуқлар балансга олинмаган, умуман бухгалтерия хисоб-китоблари юритилмаган бўлиб чиқди. Бунда бу уччала шахсдан ташқари “ватанпарвар бош маслаҳатчи” хисобчи Рустам Обидовнинг “холис хизматлари” бисёр албатта. Буни ўзи ҳам уялмай бир неч марта таъкидлаган эди. Яна устига устак эмишки жамиятни шу холга келишига асосий сабабчи мен эканман. Хаким Эшоновни кўрсатишига қараганда мен 180.000(бир юз саксон минг), Шокир Эшматовни кўрсатишига қараганда мен 100.000 ( бир юз минг) доллар қўшаман деб қўшмай уларни алдаган эканман. Шунча пулим бўлганда уларни нима хожати бор эди? Мен бир тийин ҳам жамиятга пул қўшмаган эканман. Бинони ҳам улар ўз пулига сотиб олган экан. Улар шунга ўхшаш қуруқ тухмат, шантаждан иборат кўрсатмалари билан мени “мақташган” терговчи Э.Тўғизбоев эса нимагадир асосий холатлар четда қолиб, тергов ишини уларни кўргазмаси билан бошлаб , уларнинг кўргазмаси билан тугатган. Бунинг ечими ҳам бу уччала муттаҳамнинг мени йўқлигимда уйимга келиб турмуш
ўртоғимга осмондан келиб “ Ҳар бир ариза, текширишлар пул. Ҳаммасини ҳали чиқариб оламиз” деган мазмундаги иддаосидан келиб чиқар.
Негадир Х.Эшоновнинг ферма мулкини талон-тарож қилишдаги “хизматлари” бисёр бўлсада у сувдан қуруқ чиқиб қолган, қолган икки М.Таджибаев ва Ш.Эшматовларга нисбатан эса енгил елпи айб қўйилган, менга ва жамиятга келтирилган ҳақиқий зарарнинг миқдори аниқланмаган, иш бўйича муҳим аҳамият касб этувчи гувоҳлар сўроқ қилинмаган эди. Умумий миқдори 7136 дона бўлган товуқнинг қайга гумдон бўлганлиги, бизнес планга асосан олиниши керак бўлган 130.353.800 (бир юз ўттиз миллион уч юз эллик уч минг саккиз юз) сўм соф фойданинг, яратилиши керак бўлган 25 иш ўрни нима учун яратилмаганлиги терговда нима учундир очиқланмаган эди. Балки бу терговчи Э.Тўғизбоевнинг ўзига хос “ватанпарварлигидир”. Балки у ўзига ўхшаган бу уччала “ватанпарварга” нисбатан шундай “ватанпарварлик” қилгандир. Нима бўлганда ҳам бу терговчини тушуниб бўлмасди. Наинки у мени жиноий иш бўйича жабрланувчи деб тан олмаган, ҳақиқий зарар миқдорини аниқламаган, мулкий зарар бўйича давони таъминлаш чора тадбирларини кўрмаган эди, ишга аниқлик киритувчи асосий гувоҳларни сўроқ қилмаган эди. У юридик институт талабаси ҳам биладиган ва амал қиладиган холатларни билмаслиги ва амал қилмаслиги мумкин эмас эди. Лекин минг афсуски туман прокуратураси ва унга тергов бўйича берган шикоятим инобатга олинмади. Менимча бу ҳам “ватанпарварликнинг” ушбу прокуратурага хос бир усули бўлса керак албатта.
Шу йилнинг июл бошида шахсан вилоят номига прокурорига берилган аризамни “туя гўшти” еб, Паркент тумани прокурори А.Набиев бошчилигидаги команда томонидан “чала туғилган чақалоққа” ўхшаб дунёга келтирилган бу ишнинг орқасида ватан, қонун устиворлиги манфаатлари иккиламчи, шахсий ғаразли мақсадлари бирламчи бўлган қандайдир дастаси узун мансабдорни ёки манфаатни турганлигидан далолат берарди. Эсингизда бўлса бундан бир неча вақт муқаддам хашар йўли билан ўз қишлоғига газ тортмоқчи бўлган А.Ёқубовни йўқ иши бор қилинган ва жавобгарликка тортилган эди. Бу ерда эса бор иш йўқ қилинишга ҳаракат қилинган эди. Демак қайсидир шахснинг ёки мансабдорнинг манфаати дея сувларни тескари оқизишимиз, борини бузиб ташлашимиз, ватан, қонун устиворлиги манфаатларини оёқ ости қилишимиз мумкин эканда!!! Ахир яратганимиздан бузганимиз кўпайиб кетдику!
Ахир ким бўлишимиздан қаътий назар барчамиз бузишдан, бузувчиларни ҳимоя қилишдан эмас, балки яратишдан манфаатдор бўлишимиз керак эмасми!!!. Ахир шунча маблағ талон-тарож қилинмай мақсадли ишлатилганда қанчадан қанча иш ўринлари яратилган, бюджетга тўланадиган маблағлар кўлами кўпайган, қолаверса жуда бўлмаса кичик бир ишхона доирасида иқтисодий-ижтимоий барқарорликка эришилган бўлмасмиди!!! Ахир бундан ҳамма, шу жумладан биринчи навбатда элу-юрт осойишталиги учун маъсул амалдорлар, жамият, давлат манфаатдор эмасми!!!.
Бу амалдорларнинг ижобий қарорларини кута кута ёз ҳам ўтди. Паркент тоғларини чўққиларига қор ўз кўрпасини ёйди. Қўлни совуқ сувга уриб бўлмайдиган кунлар бошланди. Яна бир имконият бой берилди. Яна қанча имкониятлар бой берилади билмадим. Наинки ферма ушбу амалдорларнинг шарофати билан йўл қўйилган қонунбузарликларга чек қўйилиб ўз вақтида менга топширилганда ёруғ ёзнинг иссиқ даврида уни озгина бўлсада тиклаб иқтисодий фаолиятни бошласа бўлар эди. Лекин акси бўлди. Ким бундан манфаатдор бўлса у биздан эмасдир.
Шундан сўнг улардан қўлимни қўлтиғимга уриб яна Тошкент вилояти прокурори жаноб Муҳиддин Қиёмовга мурожаат этдим. Ундан эса умидим катта. Биламанки у ватанпарвар шахс. Бунга албатта панжа орқасидан қарамайди. Бунга ишончим комил нимагадир. Мана деярли сентябрь ўтиб бораяптики ҳалигача бу ишда қилт этиб шамол эсмайди. Демак иш материаллари синчиклаб ўрганилаётган кўринади чоғи. Бу ҳам бўлмаса балки соғлом фикрли бошқа ватандошларимиз, ватанпарварларимизга мурожаат этишимга тўғри келар балки …
Нима бўлганида ҳам мен ватанимни алдай олмайман, чунки мен уни севаман ҳамда сизларни молу-дунё, амалу-мансаб йўлида ҳар қандай разиликка тайёр илону, чаёнларнинг ҳатти-ҳаракатларидан огоҳ бўлишга чақираман.

Захар солмоқ эрур касби илоннинг,
Не билан фарқ қилур ундан инсоннинг.
Нишин санчмоқ эрур касби чаённинг,
Қадами ўзгача ҳар бир аённинг.
Бодомзор оралаб бодом топмадим,
Оламни топдиму, одам топмадим.

Руҳиддин Комилов
Паркент 2010 йилнинг этни жунжиктираётган сентябрь ойи

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares