Ниҳоят, кутаётган автобусим келиб тўхтади. Одам кам экан, олдинги ўриндиқлардан бирига ўтириб олдим. Чиптачи йигит йўл ҳақини йиға бошлади. Ёнимда ўтирган кампир: “Қайтими керак эмас, сенга бўлсин”, – деб, минг сўм узатди. Чиптачи мийиғида кулиб, “раҳмат” ҳам демасдан, пулни олди.
Автобус кейинги бекатда тўхтаркан, орқасига папка осган иккинчи ё учинчи синф ўқувчиси автобус зинасига оёқ қўйиб: “Акажон, кейинги бекатгача борсам майлими?” – деб сўради. Ҳайдовчи: “Пулинг борми?” – деди. Бола, йўқ, деганди, чиптачи: “Бўлмаса яёв юр”, – деб, бечорани тушириб юборди.
Кайфиятим бузилди. Болтиқбўйи давлатларида мактаб ўқувчиларидан йўл ҳақи олинмаслигини эшитгандим. Шу кайфиятда ҳайдовчидан ҳам, чиптачидан ҳам, бойвуччалик қилган кампирдан ҳам – ҳаммасидан ранжидим. Бола бечора… Ҳимоясиз бола… Пул топмас ёшидаёқ қадри пул билан ўлчаниб, хўрланаётган бола…
Ёнимдаги кампирга қараб: “Онахон, пулингиз кўп экан, ановилардай одамгарчилиги йўқларга эмас, балки болага ўхшаш бева-бечораларга берсангиз бўлмайдими?” – дегим келди…




