Ҳозирги кунда ҳаётнинг кўпроқ ва масъулиятлироқ ғам-тавишларини, оғир юкини кўпинча муҳтарама аёллар тортаётганини кўрамиз. Дарҳақиқат, хоҳ вилоятларда, хоҳ шаҳарда бўлсин, хоҳ қишлоқда бўлсин рўзғор боқиш, пул топиш илинжида узоқларга ишга кетиб, рўзғорнинг барча оғирлигию ташвишларини ўзи тортаётган, кечаю кундуз фарзанд тарбиялашдек оғир масъулиятни уддалаётган Аёл ҳақиқатан ҳам тиним билмай меҳнат ва ижод қилади, яратади.
Ҳа, Аёл тонг саҳардан сигир соғсин-ми, нон пиширсин-ми, кир-чир ювсин-ми, молларга емиш ғамласин-ми, далада ишласин-ми? Аёлларнинг бир кунда бажараётган меҳнати битта-битта тилга Олин-са, эркакнинг бажараётган вазифаси унинг меҳнати олдида урвоқ ҳам эмас. Бу билан мен бу муҳтарам зотни мақташ ёки кўкларга кўтариш ниятида ҳам эмасман.
Бундан ташқари, аёл фарзандларга, аёл эрга, аёл оилага меҳр-муҳаббат, оқибат, шафқат улашувчи олий бир зот-ки, у келажагимиз ворислари бўлган ёш авлодни дунёга келтирувчи, уларнинг тарбиясини қиёмига етказувчи бетакрор хилқат ҳамдир. Аммо, шунча юкни, вазифа ва масъулиятни мардона уддалаб, ҳаётнинг гўзаллигини ўзида намоён қилиб келаётган азиз аёлларимизнинг ҳурматини ҳамма эркаклар ҳам жойига қўя оляптиларми?
Ёки, болам-чақам, турмуш ўртоғим, оилам дея куйиб-ёниб, ғимирлаб, югуриб хизмат қилаётган аёлга ишдан «чарчаб» келиб, «Овқатинг тайёр-ми?» дея чарчаганини рўкач қилиб кўрпачага ёнбошлаганча газетага ёпишадиган «меҳрибон» эркаклар ҳеч қурса бир оғизгина «Жоним, куни-бўйи рўзғорнинг икир-чикирларини қилиб чарчамадингизми? Иш қилиб оиламиз бахтига омон бўлинг-да» дея бир оғиз ширин сўзини аямасалар Аёл яна ухламай тонггача эрининг хизматини қилишга тайёр эканлигини ҳурматли эркакларимиз англармикинлар?
Соғлом онадан соғлом бола дунёга келади. Дарҳақиқат, ҳар куни эрининг дўқ-сўкишлари эшитадиган ёки рўзғор муаммоларини гарданига юклаб олган, асаби толиққан, руҳий жиҳатдан тушкунликдаги меҳнатдан толиққан аёл бемор бўлмаса-да, соғлом болани дунёгакелтириши гумон. Чунки, эркакнинг нафақат ўзи, унинг ширин сўзи, руҳийтурткиси, бир оғиз ширин каломи ҳам аёлига куч-қувват, руҳий кўтаринкилик, меҳру садоқат бағишлайди. Керак бўлса, унинг дардига дармон бўлади. Шунинг учун ҳам, бекорга эркакни оиланинг устуни ёки рўзғонинг пири деб айтишмайди. Буни ўз мисолимда ҳам синаганман.
Мен тоғли қишлоққа турмушга чиққан эдим. Эрим ношудроқ бўлишига қарамай аҳил эдик. Ҳали қирқ ёшга етмай эри вафот этган қайнонам ўғлини мендан қизғаниб, бўлар-бўлмасга рашк қилаверар, оилада ҳар хил жанжаллар чиқариб, дилимизни хуфтон қилаверар эди. Айни иккиқатлик пайтларим эмас-ми, қайнонамнинг зуғумларидан юрак олдириб вақтида овқатланолмадим. Иккиқатлигимда аламимни йиғидан олсам-да рўғордаги оғир ишларни бажардим. Натижада, фарзандимнинг туғилиши оғир кечиши билан бирга, у нимжон ва касалманд туғилди. Узимнинг ҳам асабларим касалланди. Боламни шифохоналарга олиб ётдим. «Сен касал бола туғдинг, суягинг тоза эмас экан» дея бизни ҳайдаб чиқарган қайнонамнинг ўзи оғир касалликка чалиниб қолди. Ёш болам бўлсада, қайтиб бориб, уни йиллаб парвариш қилдим. Ахийри у хатоларини тушуниб етганидан сўнг, ўлими олдидан менга кўрсатган жабру ситамлари учун кечирим сўради. Мен эса ўша жанжал ва дилхираликлар туфайли беш-олти йил оғир невроз хасталигини бошимдан ўтказдим.
Ҳа, аёлнинг кичкина жуссасига қараб бирор фикр билдириш қийин. Аммо, Аллоҳ аёлга шундай куч-қудрат, ирода ва метин бардош берган-ки, у Аллоҳнинг қудрати билан ҳаётнинг барча қийинчиликларию ғам-ташвишларини ва муаммоларини енга олишга қудрати эди.
¡ишлоғимизда бир оила бўларди. Унча тўқ бўлмаган, кўп фарзандли бу оилага келин бўлиб тушган кичик жуссали рангпаргина Роҳатой онасининг эрта оламдан ўтганлиги боис болалар уйида тарбия топган эди. Роҳатойни кимдир ўғлига келин топа олмай юрган жанжалкаш Нисо холага тавсия қилди. Роҳатойнинг ҳеч кими йўқлигини билган Нисо хола уч-тўрт кило гуруч дамлаб, никоҳ ўқитди-да, Роҳатойни келин қилиб хонадонига олиб келди. Бу хонадонда эрга тегмаган янабир қайин опа, куёвнинг акаси ва хотини, бола-чақаси, укалар, зуғуми бинойидек қайнона бор эди.
Роҳатой бир неча кундан сўнг бу ерга келин эмас, балки чўри бўлиб келганлигини англади. Унга тиндирмай иш буюришар, эрининг баджаҳиллилиги, қайнонанинг инжиқликлари, қайин опанинг чақимчиликлари соддагина Роҳатойни гангитиб қўйди. Кун ўтарга зўрға кун кечирадига бу хонадонда нонга ҳам ўлчов белгиланар, очин-тўқин тинимбилмай рўзғор ишларини бажараётган иккиқат келинчак барчасига тишини-тишига қўйиб чидар эди. Чунки, борай деса ота-наси, уйи йўқ, дардини айтай деса, бир-иккита яқинлари ҳам олисда эди. Шундай кунларнинг бирида Роҳатой ва эрини бозорга олиб чиққан қайнона катта йўл четида баҳона қидириб келинига бақира кетда ва жаҳлдан уни депсиб итариб юборди. Йўлда келаётган машина роҳатойни уриб юборади ва умуртқаси, чаноқ суяги синади. Келинчак бир йил шифохонада умуртқа гипсида ётади. Боласини эса ўлик ҳолда кесиб олишади. Шифохонада ярим йил даволаниб чиққан ва ишга яроқсиз ногирон бўлиб қолган келинчакни «Энди бизга керак эмассан», дея кўчага ҳайдаб юборишади. Яхши одамлар уни қанотига олиб, шифохонага ишга киргизиб қўйишади. У ерда бир шифокор аёл истараси иссиқ бу жувоннинг ҳеч кими йўқлигидан фойдаланиб, узоқ вилоятда яшовчи ногирон укасига турмушга беради.
Энди бахтимни топдим, дея турмушган чиққан Роҳатой яна тақдир зарбасига учрайди. Куёв туғма руҳий касал эди, ҳатто ҳожатга боришни ҳам эплолмас эди. Тўрт йил келинчакни «қочиб кетмасин» дея уйдан чиқаришмайди. Шу орада Роҳатой ўғил фарзанд кўради. Тўрт йилдан сўнг болалар уйи ўз тарбиясидан чиққан Роҳатойни учрашувга чақиради. Боласини олиб қолиб, онасига жавоб берган қайнона келинини қайтиб келади, деб ўйлаган эди. Афсуски, Роҳатой бу хонадонга қайтиб бормайди.
Болалар уйининг раҳбари Роҳатойнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда кўп машаққатлардан сўнг унинг фарзандини олиб беради. Шундан сўнг, Роҳатой болалар уйида ишлайдиган эски танишиникида яшаб юради. Ўшанда Роҳатой ўттиз ёшга яқинлашган эди. Аёл Роҳатойни хотини вафот этган, фарзандлари уйли жойли , ақлли-ҳушли ўрта ёш кишига турмушга беради. Ёши катта бўлсада, бу киши Роҳатойга қизидек меҳрибонлик кўрсатиб, оилага осойишталик, барака ва бахт инъом этади, унинг боласига оталик қилади.
Роҳатойнинг гулдек ёшлиги сарсон-саргардонлик, ғурбат ва азобларга юзма-юз бўлса-да, ношудгина Роҳатойбарчасига сабр ва бардош ила чидади. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса ўн беши ёруғ деганларидек, ўз тенгини топмаса-да, кеч бўлса-да фарзандига оталик, ўзига умр йўлдоши бўладиган кишини, бахтини, оиласини топишга муваффақ бўлди.
Ҳа, бу ҳаётнинг синовлари кўп. Аммо Аёлнинг жони қирқта деб уни ҳурмат қилмайдиган, таҳқирлайдиган, меҳнатини қадрламайдиган баъзи эркаклар ҳам бор-ки, улар янги авлодни дунёга келтиргувчи, оилага бахт ва файз-баракот улашувчи аёл зотининг меҳнатини, меҳр-муҳаббатини қадрламай кўчадаги вақтинча меҳр-муҳаббат оғушида маст-аласт юрадилар. Буюк зотларимиз айган-ку, жаннат аёлларнинг оёғи остида, деб.
Шундай экан, келинг, азиз экаклар! Аёлни севинг, унинг ҳурматини жойига қўйиб, муҳаббатига сазовор бўлинг! Асосийси улардан меҳрингизни, бир калом ширин сўзингизни дариғ тутманг!!!
МУШТАРИЙ



