Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар Қирғизистонда етакчи ҳуқуқ фаолига берилган бир умрлик қамоқ жазосини қоралаб чиқишган. Уларга кўра, Азимжон Асқаров устидан ўтказилган маҳкама адолатсиз ўтган.
Жалолобод вилояти Ноокен тумани Масы қишлоғида 15 сентябр куни ўтган маҳкамада ҳакам Асқаровга бир умрлик қамоқ жазоси белгилаган ва мол-мулкини мусодара қилишга оид қарор чиқарган.
Азимжон Асқаровга оммавий тартибсизликларда иштирок этиш ҳамда ҳукумат расмийларига бўйсунмасликка чақириш ва зўравонлик қўллаш орқали миллатлараро адоватни келтириб чиқариш каби илк айбловлар қўйилганди
Қирғизистон жанубида ўтган июн ойида қирғиз ва ўзбек жамоалари ўртасида юз берган зўравонликларда аксари ўзбеклардан иборат юзлаб инсон нобуд бўлгани ва 400 минг киши бошпанасиз қолгани айтилади.
Этник ўзбек бўлган Азимжон Асқаровга чиқарилган ҳукм ҳукумат зўравонликларни келтириб чиқаришда фақат ўзбеклар жавобгарликка тортаётгани борасидаги янги қўрқувларга сабаб бўлган.
Халқаро Амнести гуруҳига кўра, Асқаров ҳибсга олинишидан олдин полициянинг зўравонликларга бош қўшгани хусусида далиллар тўплаётган бўлган.
Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнести ва Фридом Ҳоуз ташкилотлари чиқарган баёнотларга кўра, Азимжон Асқаров ҳамда у билан бирга маҳкамага тортилган етти киши қамоқхонада қийноқларга солинган.
Фридом Ҳоузнинг айтишича, Асқаров уч кун ҳеч қандай айбловларсиз ноқонуний ҳибсда сақланган ва унинг уйида расмий рухсатсиз тинтув ўтказилган.
Баёнотларда айтилишича, маҳкама жараёнида гувоҳлар ва ҳимоячилар хавфсизликлари таъминланмаган. Ҳюман Райтс Уотчдан Адреа Бергга кўра, «адолатни қарор топтириш учун ўтказилиши керак бўлган маҳкама-худди ўч олиш» амалига айланган.
Айни пайтда Қирғизистон Омбудсмени Турсунбой Охун Азимжон Асқаровга адолатсиз ҳукм ўқилган ва у озод қилиниши керак деб ҳисоблайди
BBCuzbek.com



