Бутун Самарқандда деярли уч-тўрт ойдан буён жиддий бензин танқислиги ҳукм сурмоқда. Эсимни таниганимдан бери бунчалик узоқ муддат давом этган бензин камчилигини кўрмагандим. Тўғри, ҳар йили мустақиллик байрами олдидан беш-ўн кун, 15-20 кун бу вазият кузатилиб турарди. Аммо, кейинчалик яна ҳамма нарса уз ўрнига тушиб кетарди. Бироқ, бу йил 1 сентябрдан икки ҳафта ҳам ўтибдики, ҳалигача бензин шаҳобчаларида эмин-эркин харид қилиш мумкин бўлган ёқилғи йўқ.
Тўғри, сўнги пайтларда баъзи кунлари вилоятнинг айрим ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида ҳар жума, шанба ва якшанбада бензин беришади, аммо бензин миқдори чекланган. Бензин оламиз деб навбатга турган машиналар сони эса икки-уч қатордан 500-700 метргача чўзилиб кетади.
Ўзи бензининг давлат нархи – 1220 сўм. Аммо август ойига келиб бензининг олиб-сотарлардаги нархи 2500 мингдан 3000 минггача кўтарилиб кетди. Бу танқислик туфайли 600-700 сўм атрофида бўлиб турган пропан газ эса бирданига 1250 сўмгача кўтарилди. Шу сабабли айрим ҳайдовчилар ўзларининг шахсий автомобилларини бир неча кун, ҳаттоки ҳафталаб ҳайдамай қўйишди. Иш жойларига автобусда бораётган шахсий автомобиль эгалари кам эмас.
Асаблар хароб
Тунов куни, дам олиш кунида Самарқанд шаҳридаги «УзГазОйл» автошаҳобчасига бензин олишга борганимизда навбатга турган машиналар сонини аниқлашнинг иложи йўқ эди. Биз ҳам машинани қаторга қўйиб, навбатларини кутиб, ташқарига чиқиб ўзаро суҳбатлашиб турган ҳайдовчилар гурунгига қўшилдик.
«Э бу нима гап-а? Беш йил Кореяда итдай ишлаб мана шу Нексияни олдим. Мана
қайтганимга ҳам етти ойча бўлди. Йиғиб қўйганимиз ҳам тугай деб қолди. Нима иш қилишни билмайяпман. Бир-икки жойга иш қидириб бордим, иш бор, аммо 200-300 минг сўм маош берар экан. Бу пул билан рўзғор қилиб бўладими? Такси ҳайдайми деб тургандим,» – дейди 30 ёшлар атрофидаги йигит.
Ёши каттароқ киши эса мийиғида кулгандек бўлди ва сўнг насиҳатомуз оҳангда гапирди. «Э ука, ҳозир таксигаям нон қолмади. Мана мен ҳам таксичиман. Ҳудди сендай кунларни бошимдан ўтказганман. Оилам билан 2006 йилда Японияга ишга боргандик. Аммо бир ярим йил ишлаб, депорт бўлдик. Ҳудога шукур, ишимиз яхши бўлганди, келиб мана шу Матизни олдим. Бир йилдан бери таксида ишлаяпман. Ишни бошлашдан олдин лицензия тўғирладим ва кунига уч ярим мингдан берардик, кейинчалик кунлик тўловимиз беш мингга чиқди. Шаҳарда Дамаслар қатновини тўхтатишганидан сўнг эса етти минг тўлайдиган бўлдик, ҳозир эса эрталабдан 10000 сўмдан чиқариб берамиз,» – деб кулади 40 ёшлардаги бу акахон.
«Мана бунақа соатлаб навбатда туриб, 25 мингга ёқилғи оламиз. Ана шундан ортганини уйга олиб кирамиз. Бундан ташқари машинани ҳам ўзига яраша харажатлари бор. Мендан сенга маслаҳат, агар иложинг бўлса яна бирор жойга бориб ишлаб кел, бу ерда юришнинг фойдаси йўқ,» – деб давом этади у.
Гап билан бўлиб орадан бир ярим соат хам ўтиб кетибди, бизнинг ҳам навбатимиз
яқинлашиб колганди. Лекин, бир йигитча чиқиб АЁҚШниг кириш жойига тўсиқ қўйиб,
бензин тугаганини айтди. Ўттиз-қирқтача машина эгалари бисотимиздаги бор ножойиз сўзларни айтиб тарқалдик.
BBCuzbek.com



