Бугун ҳам долзарб фикрлар…

Носир Зокир

Маълумки халқни ҳақиқат йўлида бирлаштириб ва олға етакловчи куч бу – зиёлилардир. Ўзбек зиёлиларининг нақадар катта куч- қудратга эга эканликларини қайта қуриш замонларида кўрдик. Газета ва журналларда миллатнинг дарди, аламини ифода этувчи ўнлаб мақолалар, тарихий маълумотлар ёритила бошланди. Янги номлар кашф этилди. Афсуски, мустақилликдан кейинги 19 йил ичида бундай фидойи зиёлиларни деярли кўрмадик. Қайта қуриш пайтида машҳур бўлган шоир ва ёзувчиларнинг баъзилари курашдан тўхтади. Баъзилари эса ҳукумат таклиф этган юқори лавозимларни эгалладилар. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам ўз маслагидан, ўз ғоясидан кечмаган шоир зиёлилар ҳам бор. Биз улар билан албатта фахрлансак арзийди.

Қайта қуриш йилларида наманганлик шоир Абдулла Жалил ўзининг публицистик мақолалари билан халқ орасида машҳур бўлди. Уни Фарғона ва Ўш фожеаларига бағишланган «Бўҳтон ва хақиқат», «Серфарзандлик гуноҳми?» «Қонун ва қонунсизлик тўғрисида» каби мақолалари халқ орасида ўзига хос шов-шувга сабаб бўлди.

 

Абдулла Жалилнинг бу асарларидаги айрим жиҳатлар ҳатто бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. У ўзининг «Бўҳтон ва ҳақиқат» мақоласида месхети турклар билан ўзбеклар орасига атайин нифоқ солган, оқибатда катта норозиликларга сабаб бўлган собиқ КГБ башарасини очиб ташлади. Ушбу мақолада Абдулла Жалил кўчага бош кўтариб чиққан ўзбекларга худди 30- йилларгидек экстемистлар, миллатчилар каби ёрлиқлар ёпиштирилиб, халқ олдида уларни бадном қилишга уринганликларини ҳам беаёв фош қилди.

 

Абдулла Жалил «Оиланинг ички иши» мақоласида оилани планлаштиришга зимдан кураш бошлаган ўша пайтдаги ҳукумат сиёсатини ҳам асл мақсадини тўлалигича ёритиб беради. У жумладан шундай ёзади. «Оилани планлаштириш режасини тузатаётганлар ҳам туғилмасдан турибоқ дунёга келтирмасликни ўйлайдилар. Бу чиркин ғоя заҳарли моддар сингари халқимиз дарахтини қуритишга хизмат қилади. Бу сиёсий найрангбозлик , қаллоблик, муттаҳамлик эмасми? Ваҳоланки, ҳозирда (бугун ҳам) Болтиқбуйи мамлакатлари ҳукуматлари учунчи фарзандни курган оилаларга катта миқдорда мукофот бермоқда. Бу каби қабиҳликларни, ҳақиқатни айтганларни бадном қилувчи кимсалар ишини халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Ёвузлик, ваҳшийлик золимлигини фақат ва фақат манқуртлар, хоин ва сотқинларгина унутиши мумкин», деб ёзади шоир.

 

Қуйида Абдулла Жалилнинг фалсафий фикрларидан намуналарни ҳукмингизга ҳавола қиламиз:

 

– Мазлумлар ҳаққини золимлардан олиш керак.
– Гуноҳкор қолиб бегуноҳни жазоламоқ нодонликдир.
– Ҳаққоният юзасидан хулоса чиқармоқ адоват оловини ўчиради.
– Бахт бу эркинлик ва озодлик демакдир.
– Камбағал одамларнинг кўнглини оғритмак золимликдандир.
– Мақтанишлик – оқсалиш, камтаринлик – юксалишдир.
– Ғаразгуй золимни тиймоқни учта тадбири бор, бири – тадбиркорлик, ҳушёрлик, фаоллик.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares