Террорчилар Исломни ниқоб қилиб олган кимсалардир


Носир Зокир

Россиянинг «История» телеканали орқали куни кеча Исроил ҳамда Фаластин алоқаларига бағишланган кўрсатув намойиш этилди. Воқеаларга доимо бир томонлама баҳо бериладиган ахборотларни кўравериб зада бўлган қалбларимиз бу кўрсатувдан озгина бўлсада малҳам топгандай бўлди.

Кўрсатув давомида муаллиф – Америкалик журналист бир томонга оғиб кетмади. У кўрсатувга тайёргарлик билан келгани, бунинг учун Ислом динини чуқур ўрганганини амалда намойиш этди.

Кўрсатув давомида биз ҳам ўзимизни қийнаб келаётган саволларга жавоб топгандек бўлдик.

Шундай улуғ айём кунларида каминангиз ҳам бир мусулмон фарзанди сифатида, қолаверса журналист сифатида сиз азиз ўқувчилар билан баъзи масалалар бўйича фикр алмашмоқчи бўлдим.

Юқоридаги кўрсатувда журналист Фаластинлик Ислом олимига «Қуръон» дан, «Ҳадис»дан парчалар ўқиб, шундай савол берди:

-«Қуръон» ва «Ҳадис»да ўзини ўзи қатл этиш, бегуноҳ кишиларни ўлдириш, ҳаттоки уларга озор бериш қатъиян ман этилган бўлса, нега баъзилар Исроил томонга ўтиб автобусларда, кафе ҳамда барларда ўзларини ўзлари портлатиб юборишади? Ахир бегуноҳ кишилар, ёш болалар ҳалок бўляптику?

Фаластинлик олимнинг журналист саволига жавоби шундай булди.

– Биз бундай кимсаларни қилмишларини оқламаймиз. Улар биздан эмас. Улар исломни ниқоб қилиб олган кимсалардир.

Ислом олим юз фоиз ҳақ эди. Ҳақиқатдан ҳам бурунги замонларда уруш бўлган чоғда пайғамбаримиз ўз қавмларига «Ёш болаларга, қарияларга тегманглар» деб буюрар эканлар.

Айни пайтда дунёнинг кўплаб мамакатларида ислом номидан бузғунчилик қилиб, ўзини ва бошқаларни портлатиб юрган кимсалар кимлар? Уларнинг мақсади энг покиза дин бўлган исломни ёмон отлиқ қилиш эмасми?

Баъзи давлат амалдорлари атайин динимизни камситиш, бошқалар кўзига исломни ёмон қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишади. Улар ўз мақсадларини амалга ошириш йўлида иймон – эътиқодлик кишилардан ҳам фойдаланишмоқда.

АҚШда содир бўлган 11- сентябрь воқеаларини уюштирганлар мусулмонлар дейсизми? Албатта йўқ, улар бегуноҳ мусулмонларни ўзларига бўйсиндиришга ҳаракат қилаётган кимсалар , ислом душманларидир.

Мана шундай кимсалар касофатига АҚШ президенти Барак Обама 11 сентябрь фожеасида йўқ қилинган халқаро савдо маркази ўрнига масжид қурмоқчи бўлса, Америкаликларнинг 52 фоизи унга қарши чиқаётир.

Биз барча дин вакилларини бир жамиятда тенг ҳуқуқли бўлиб яшашлари тарафдоримиз. Бундай жамиятни демократик жамият деб атаймиз ва шундай жамият қуриш учун курашяпмиз. Шундай экан бунга кимлар қарши чиқса, уларга аёвсиз курашишни ўз бурчимиз деб билишимиз даркор..

Рамазон ойида ибодатларингиз қабул бўлишини Оллоҳдан тилаб қоламиз.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares