Ўзбекистондаги АҚШ Савдо Палатаси раҳбари Доналд Николсонга Очиқ хат

Ҳурматли жаноб Доналд Николсон!
Муҳтарам тадбиркор!

Шу йилнинг 19 августида Тошкент бўлган матбуот анжуманида сизнинг ўзбек пахтасини сотиб олиш ҳақида берган баёнотингиз кўплаб жамоатчилик вакиллари қатори бизни ҳам ғоятда ажаблантирди.

Биз сизни Ўзбекистондаги ҳар қандай тадбиркорлик фаолиятингизга хайрихоҳмиз. Лекин дунёдаги нуфузли савдо компаниялари ўзбек пахтасини бойкот қилиб турган бир пайтда, болалар меҳнати эвазига йиғиб олинадиган «оқ олтин»га харидор чиқишингиз биз учун тушунарсиз бир ҳол.

Ўзбекистонда ҳукм сураётган яккаҳокимликка асосланган диктаторлик тузуми сабаб мана қарийб йигирма йилдирки болалар меҳнатидан фойдаланиш тўхтатмаяпти. Режим ҳозирги кунгача ҳимоясиз болалардан қул сифатида фойдаланиб, уларни таълим ва дам олиш ҳуқуқларини бузиб келмоқда. Болалар келажаги пахта ортидан бутунлай йўқ қилинмоқда.

Дунё жамоатчилиги, сиёсатчи ва инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйишга чақириб келишмоқда. Демократик давлатлардаги бир қанча нуфузли савдо ташкилотлари ўзбек пахтасини бойкот қилиш бўйича кампаниялар уюштиришди ва бу каби акциялар давом этмоқда.

Ҳурматли Доналд Николсон жаноблари! Қалбингизга қулоқ тутинг. Наҳотки ҳар йили пахта териш даврида бегуноҳ болаларнинг қул каби ишлатилишини билмасангиз?! Ўнлаб мурғак болалар пахта далаларида нобуд бўлишади. Ҳар бир пахта толасида миллионлаб мактаб ўқувчиларининг оғир меҳнати ётишидан кўз юмиб бўлмайдику!

Биз сиздан ўтиниб сўраймиз – Ўзбекистон пахтасини сотиб олишни дарҳол тўхтатинг! Ҳозир бунинг вақти эмас.
Келажакда Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳатлар албатта бўлади.
Сиз билан Ўзбекистон халқи ўша кунларда жуда катта пахта саноатида тадбиркорликни йўлга қўяди, деган умиддаман.

Ҳурмат билан: Баҳодир Ҳасан Чориев,
«Бирдамлик» ҳаракати раҳбари, АҚШ.

24 августь, 2010 йил.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares