Роза Отунбаева ҳукуматининг мақсади нима?

Носир Зокир

Қирғизистон жанубида ўзбекларга қарши кураш тўхтамаётгани ҳақидаги хабарлар тинмаяпди. Ўзбеклар ҳатто кўчада ҳам юришга қўрқиб қолишган. Милиция ва ҳарбийлар ўзбекман дегани ё пулини олаяпди ёки қамаяпди. Бу фожеалар бошланганда ҳукумат сайланиб, қонуний ўрнини эгалласа ҳаммаси тинчиб кетади, деб ўйлаган эдик. Лекин кейинги воқеалар шуни кўрсатдики, янги ҳукумат тизимларини ўзи бу ишларни тепасида турибди.

Хўш, нима учун ўзбекларга қарши кураш оммавий тус олмоқда? Бунинг асл сабаблари нимада?

Ҳукмингизга ҳавола этмоқчи бўлган фикрлар бир инсоннинг субъектив қарашлари холос. Уларни мутлақо ҳақиқат дейиш фикридан йироқмиз.

Суҳбатдошимиз ўтган йили тўрт ой мобайнида Бишкекда тирикчилик учун ишлаб келган «Бирдамлик» ҳаракатининг Тўрақўрғон тумани бўлими раҳбари Адҳам Отабоевдир. У Бишкекда бўлган вақтида кўрганларини гапириб берди. Унинг сўзларини ўзгартиришларсиз келтирмоқдамиз:

«Мен Бишкекда бўлган чоғимда асли Олабуқалик ўзбек Бобохон Карим билан танишдим. У «қонундаги ўғри» (“Вор в законе”) бўлиб, Бишкек атрофидаги жойларни «назорат» қилар экан. У билан бўлган суҳбатлардан шу нарсани англадимки, Қирғизистон вилоятларини «қонундаги ўғрилар» назорат қиларкан ва уларни аксарияти ўзбеклар экан…

Бобохон Карим уйида хизмат қилаётганимда, олдига ҳокимлар, қирғиз милицияси, МХХ ходимлари келиб, ундан маслаҳат сўрашганига гувоҳ бўлдим.

Бир МХХ ходими бир куни мен билан суҳбатлашиб қолди. У менга бир вақтлар келиб ўзбеклар билан қирғизлар орасида низо келиб чиқишини, Қирғизистон бўлиниб, Ўзбекистон ва Тожикистонга қўшилиб кетишини айтди. «Қирғизлар ўзбекларга қараганда ғурурлироқ. Қирғизларга ўзбекларни тобора бойиб кетаётгани, демократик ўзгаришларга қўшилаётгани ёқмайди» -деди у.

Қирғизистон МХХси ходимига ўзбек Бобохон Каримни Ўзбекистондан келган мендек кишиларни иш билан таъминлаб, қўллаб-қувватлаётгани ҳам ёқмаётгани сезилиб турарди. Юрагим орқага тортиб кетди. Наҳотки, яна 90 йилдаги фожеалар қайтарилса!».

Бу Адҳам Отабоевнинг гаплари эди.

Юкоридаги фикрларни тинглаб туриб яқинда, «Озодлик» радиоси орқали таниқли актёр, Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комиловни гаплари эсимга тушиб кетди. У киши «Қирғизистонлик ўзбеклар фақат бойлик ортириш билан овора бўлмай сиёсат билан ҳам шуғулланиши керак эди» -деган эдилар.

Бу фикрлардан келиб чиқиб, савол туғилади. Нима учун Бакиев ҳукумати келишмовчиликларни олдиндан билиб туриб, хунрезликларни олдини олмади? Нима учун ҳозирги ҳукумат ўз қўли остидаги ҳуқуқ – тартибот органлари, раҳбарларини ўзбекларга ўтказаётган зуғумни билан туриб чора кўрмаяпди. Ўзи буларни мақсади нима? Нега бутун дунё жим?

Тасаввур қилинг ўзбекларга ўтказилаётган «геноцид»ни қирғизлар русларга ёки еврейларга нисбатан қилди, дейлик. Нима бўларди? Бутун дунё оёққа турарди. Кремл армиясини чегарага олиб келиб қўйган бўларди. Еврейлар даров дунё жамоатчилигига иккинчи жаҳон уришини эслатган бўларди. Демак, биз ҳам бошқа миллатлар қатори аввал бойлигимизни англашимиз керак экан. Бир тану бир жон бўлишимиз керак экан. Ана ўшанда бошқалар биз билан ҳам ҳисоблашишга мажбур бўларди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares