Фарзандларимиз биздан кўра доно ва бахтли бўлишлари шарт. Болалар – бизнинг келажагимиз. Ҳамма нарса – болалар учун!
Афсуски, фаровон ҳаётимизни кўра олмаётган ғаламислар ҳам бор орамизда. Уларга қолса, ҳаётимиз ёмон эмиш. Болалар пахта теришга чиқармиш, транспортларда пул тўлаб юрармиш… Мактаб китоблари, болалар кийим-кечаклари, озиқ-овқат маҳсулотлари қиммат, болаларга тиббий ёрдам йўқ даражада эмиш. Буларга қулоқ солсангиз, нималар дейишмайди. Поданинг ичида шунақа булғатадиганлари ҳам бўлади-да… Улар тушунишмайди, ўз фойдаларини билишмайди…
Айтайлик, болаларни пахта теримига чиқардик. Айтинг-чи, бунинг нимаси ёмон?! Болалар меҳнатга ўрганади, чиниқади, ҳаётнинг қадрига етадиган бўлади…
Транспортларда текинга юриш, давлат ҳисобидан кийинишларга келсак, бу имтиёз фақат бизнинг қўриқчиларимизга тегишли. Бошқалар, ким бўлишидан қатъи назар, транспортда юрдими – пул тўлаши шарт. Болаларнинг жарақ-жарақ пул топаётган ота-оналари бор. Нега топган пулларини ўз фарзандларидан аяйдилар? Қолаверса, транспортда пул тўлаб юрган бола пул муомаласини ўрганади, ҳисоб-китобни ўрганади. Айтинг-чи, бунинг нимаси ёмон?!
Китоблар қиммат, дейишади. Ўзингиз ўйлаб кўринг: битта япроқчадай чипта пули беш юз сўм бўлганидан кейин, эллик-юз варақли китоб неча пул бўлиши мумкин?! Болаларни ўйлаб, тағинам китобларни арзон чиқаряпмиз.
Болалар бизнинг келажагимиз! Ҳамма нарса болалар учун…




