ICG: Зўравонликлар қайтарилмаслиги учун халқаро текширув зарур

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Қирғизистонга белгиланган полициячилари гуруҳининг бошлиғи 52 экспертни жойлаштириш кунини аниқлаш учун Бишкекка борган.
Айни дамда Халқаро Инқироз гуруҳи Қирғизистонга халқаро кучлар киритилмаса, мамлакат жанубида яна зўравонликлар ўт олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Инқироз гуруҳи, шунингдек, Қирғизистонда миллатчилик кайфиятининг кучайиб бораётгани шусиз ҳам кучсиз ҳукуматга рахна солади, дея огоҳлантирган.
Эндрю Штролайн Халқаро Инқироз гуруҳининг таҳлилчиси.
Би-би-си ундан Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти таклиф қилаётган полициячилар гуруҳи Халқаро Инқироз гуруҳи талабларини қондира оладими, деб сўради.
Эндрю Штролайн: мен 52 кишилик қуролсиз полиция гуруҳи Қирғизистон жанубида тартиб ўрната олади, деб ўйламайман. Июн ойида содир этилган погромларда ўн минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишди, минглаб уйлар ёқиб юборилди. Буларнинг ҳаммаси яхши режалангани, мувофиқлаштирилганининг далилларини кўраяпмиз. Кичик бир полиция гуруҳи зўравонликларнинг яна қайтадан юз беришининг олдини олишга қодир эмас. Бизнинг назаримизда Қирғизистон жанубида каттароқ гуруҳ жойлаштирилиши керак.
Би-би-си: Сизлар ўз ҳисоботингизда Ўш ва Жалолободдаги ҳодисаларни бошқалар сингари, этник зўравонликлар эмас-да, балки «погром» деб тасвирлагансиз. Яъни, қуролли оломоннинг маълум этник гуруҳни нишонга олиши, демоқчисиз. Айни пайтда халқаро текширувга ҳам чақираяпсизлар. Аммо бу каби иборани ишлатиш билан текширувлардан олдин ҳукм чиқариб қўймаяпсизларми?
Эндрю Штролайн: Мен бундай, деб ўйламайман. Бу ҳужумларнинг ташкиллаштирилгани, мувофиқлаштирилгани, қурол-яроғлар одамларга тарқатилиб, кейин йиғиштириб олинганининг далиллари етарли. Мен халқаро текширувнинг келажакадаги хулосаларини савол остига қўйяпмиз, деб ўйламайман. Ҳозирда халқаро текширув олиб бориш учун етарли далиллар бор. Бу зўравонликлар қайтарилмаслиги учун шундай текширувга эҳтиёж бор.
Би-би-си: Халқаро текширув ҳозирнинг ўзида бошланган. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича вакили Киммо Килюнен бу текширувга бошчилик қилаяпти. Сизлар истаётган текширув ҳам шуми?
Эндрю Штролайн: Биз бошқа халқаро ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ҳамда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг миллий озчиликлар бўйича вакили бу текширувга жалб этилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, халқаро комиссия Қирғизистон жанубидаги ҳокимиятнинг қўллаб-қувватловига эга бўлиш жуда ҳам муҳим. Ҳозирда у ерда ҳокимият кимнинг қўлида экани маълум эмас.
Би-би-си: Қирғиз миллатчилари халқаро полиция кучлари ва халқаро терговга қаршилик қилмоқда. Сизлар ҳисоботингизда улардан бири, Ўш ҳокими Мирзакматовни тилга олгансиз. У халқаро текширувга жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. Мирзакматовга ўхшаган одамлар билан қандай муомала қилиш мумкин, деб ўйлайсиз?
Эндрю Штролайн: Мен Бишкекдаги қирғиз ҳукумати қатъийроқ ҳаракат қилиши керак, деб ўйлайман. Ўтган ҳафта улар бунга уриниб кўришди, аммо уддасидан чиқа олганлари йўқ. Марказий ҳукумат Қирғизистон жанубида ўз ҳокимиятини ўрнатиши керак. Мирзакматов Ўшда туриб олиб, марказий ҳукуматнинг менга кучи етмайди ва пойтахтни Ўшга кўчираман, деб ётибди. Ҳозир Қирғизистон жанубида вазият жуда ҳам хавфли. Ҳокимият талашиш кетаяпти. Ким вазиятни назорат қилаётгани номаълум. У ерда тартиб ва барқарорлик ўрнатиш ғояси жуда ҳам мавхум.
Би-би-си: Хўш, нима қилиш керак, деб ўйлайсиз? Нима қилиш мумкин?
Эндрю Штролайн: Менимча, муваққат ҳукумат миллатчиликка қарши туриши керак. Улар ҳозиргача бундай қилишдан қочишаяпти. Аммо ортиқ қараб туриш мумкин эмас. Улар халқаро босимлардан фойдаланиб, мана, қаранглар, ҳамманинг кўзи бизда, биз дунёдаги халқаро ҳамкорларимизга, дўстларимизга бу воқеаларни текширишга қаршилик қилмаётганимизни кўрсатишимиз керак, уларнинг қайта такрорланишига йўл қўймаслик керак, деб тушунтиришлари лозим. Бу миллатчиликка қарши турмаслик фақат экстремистларга қўл келади, холос.
BBCuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares