Носир Зокир 60 ёшда

Ишонгинг келмайди. 90 йиллар бошида ўзига хос иқтидорли санъаткор бўлишига қарамай, мухолифат сафида ватанимиз мустақиллиги учун курашиб, дастлабки демократик ташкилотни кўзга кўринган фаолларидан бирига айланган Носир Зокир 60 ёшга тўлибди. Ўша пайтда биз профессор олимлар Носир Зокирни мансабдор шахслардан қўрқмай, ҳақиқатни очиқ айтиб, катта –катта митинглару намойишлар уюштираётганини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлар эдик. «У бундай журъат – жасоратни қаердан олган экан?. Ахир ҳаётини хавф остига қўймоқдаку» деб ўйлардик. Лекин барибир у билан фахрландик.

Носир Зокир мустақиллик давригача Наманган театрида 22 йил актёр, хонанда, касаба уюшмаси раиси вазифаларида ишлади. 1992 йилдан «Озодлик» радиоси билан ҳамкорлик қила бошлади. 1993 йили 27 ноябрда уни ёнига наша, уйига эса портловчи модда қўйиб қамашди. Бир ярим йиллик маҳбуслик азобини татиб кўриб ҳам орқага қайтмади. «Бирлик» партиясининг кўзга кўринган лидерларидан бири сифатида бутун водий бўйича фаолият олиб борди. Шу билан бирга «Озодлик» радиосининг водий бўйича мухбири сифатида халқ орасида катта обрў – эътибор топди. 2005 йилнинг 13 май кунги Андижон фожеаларини биринчи бўлиб жаҳон оммасига етказиб, халқаро мукофотга сазовор бўлди. Ўша йилнинг 27 августида куни ҳуқуқ -тартибот ходимини ҳақорат қилганликда айбланиб, халқаро мукофот билан бирга олти ойлик ҳукумат «мукофоти»ни ҳам олди.

Носир Зокир инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, сиёсатчи сифатида АҚШ, Туркия, Чехия каби ўнлаб Ғарб ва Ғарбий Оврупо мамлакатларида бўлди. Тажриба орттирди. Дунё сиёсатида катта обрўга эга бўлган таниқли сиёсатчилар, олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашиб, улар орасида ҳам катта обрўга эга бўлди.

Носир Зокир ҳақида ҳали кўп тарихий китоблар, рисолалар, мақолалар ёзилажак. Ҳужжатли, бадиий фильмлар яратилажак.

Носир Зокир айни пайтда «Бирдамлик» ҳаракатининг Фарғона водийси бўйича бошқарувчиси, шунингдек ҳаракатнинг Наманган вилоят бўлими раиси сифатида бошини кундага қўйиб ишламоқда. Униг бу ишларига улкан мувафақиятлар тилаймиз.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares