Ҳақиқатни ёзайлик

Носир Зокир

Буюк голланд файласуфи Борух Спиноза (1632-1677) «Қўрқув – қалб ожизлигининг мевасидир» деб ёзган эди.

Одатда зиёлилар халқни адолат йўлига бошлайдилар. Агар улар қўрқоқ бўлсалар, ҳукуматга ҳамду сано ўқишдан бошқага ярамашса, ўша халқни худо урди деяверинг. Ҳақиқий шоир, ҳақиқий ёзувчи фақат ҳақиқатни ёзади. Ҳақиқатни гапиради. Бугун у ҳақиқатни айтгани учун жазоланиши мумкин, лекин тарихда унинг номи тилларда достон бўлади..

Америкалик атоқли ёзувчи Ирвинг Стоун ўз биографиясида ҳақиқий ёзувчи қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб ўткан. Бу пурмаъно фикрлар бизнинг ёзувчиларимизга ҳам ўрнак бўлса ажаб эмас:

«Ёзувчи тарихий ҳақиқатни ағдар-тўнтар қилиб, ёхуд расвосини чиқариб, уни ўзи учун маъқул қолипга солмоқчи бўлса, фожеали хатога йўл қўйган бўлади. Ҳақиқат эртами кечми барибир аён бўлади».

Ёзувчининг фикрича тарихий ҳодисалар қандай содир этилган бўлса, улар китобхон кўз ўнгида ҳам шундай тартибда юз кўрсатиши лозим. Бирор бир томоннинг ёнини олишдан сақланиш керак. Бир ёқламаликдан ва бағритошликдан қочиш керак. Ўқиган кишида нафрат эмас, хайрихоҳлик ва дардкашлик уйғотмоқ лозим. Аввалдан тайёрлаб қўйилган назариялар бўлмаслиги керак. Муаллиф ўзини ёқтиргани на ёқтирмаганини ошкор ифодалмаслиги шарт. Бу китобхонни чалғитади. Мавжуд сиёсатдан келиб чиқиб бир шахсни қораламаслик керак. Қайсидир динни ҳам. Ҳеч қандай ёлғон бўлмасин. Одамларни лаққиллатиш бўлмасин. Сафсата сотма. Материални бирор бир мактаб ёки таълимот рамкаларига мажбурлаб тиқма».

Америкалик зиёлилар мана шундай алломаларнинг фикрларига суяниб, асарлар яратиб, улкан ютуқларга эришдалар. Бизда-чи! Тўғри, қайта қуриш пайтларида бизнинг ёзувчи шоиримиз ҳам халқчил асарлар яратишган. Масалан, драматург Шароф Бошбековнинг «Темир хотин» асари, шоир Эркин Воҳидовнинг файласуфона шеърлари, Омон Матчонни халқни уйғонишга чорловчи шеър ва поэмалари шулар жумласидандир. Лекин мустақилликдан кейин бундай асарларни кўрмаяпмиз.

Қайта қуриш йиллари ўз асарлари, мақолалари билан халқ қалбида жой олган зиёлиларимиз кўринмай кетишди. Ҳозиргилари эса гул, булбул, Ватан, мустақиллик каби мавзулардан нарига ўтишмаяпти. Баъзи асарлар, мақолаларда эса ижодкорлар фақат бир кишини кўкларга кўтариб мақташади гуёки салбий томонлари йукдек, ёки бир кишини ерга уриб қоралашади, гўёки уни яхши томонлари йўқдек.

Тўғри, уларга ҳам қийин, тушунамиз. Лекин ёлғон ёзишдан, ёлғон сўзлашдан на фойда!?. Келажакда уларнинг набиралари ўз боболари ҳақида гап кетганда, халқ орасида мулзам бўлиб қолмайдиларми?

Хай, инсоф берсин!.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares