Юртлар кўп, тарихлар кўп. Тарих эса, босқинларга тўла. Дунёда босқинга учрамаган бирон-бир юрт бўлмаса керак. Юртим ҳам бундан истисно эмас. Искандар босқини… Мўғил босқини… Араб босқини…
Ўрис босқини истилолар якунидек туюлганди менга. Афсус, янглишибман. Юртим ҳамон босқин остида. Яна ўша-ўша талаш, хўрлаш, камситиш, қамаш, азоблаш, ўлдириш… Ҳар бир қадаминг, ҳар бир гапинг назорат остида… Қамоқларда қийнаб ўлдиришлар одатий тусга айланиб қолган. Жасадлар берилмайди. Берилган тақдирда ҳам, уларни тезроқ кўмиш, гап-сўзни кўпайтирмаслик ҳақида оила аъзолари огоҳлантирилиб, майит назорат остида кўмилади…
Юртдан қочиб чиққанларнинг изида айғоқчилар… Уларни йўқ қилиб юбориш ёки ўғирлаб кетиш ҳеч гап эмас…
Адолат мезони пул бўлиб қолган бу юртда пулсиз бирон ишинг битмайди. Пулинг бор – одамсан. Йўқса – гадосан. Юртим гадолар юртига, миршаблар юртига айланиб бўлди. Кўча-кўй, бозорлар миршабларга тўла. Тўда-тўда бўлиб юришади. Ўз ҳолингга қўйишмайди… Ҳатто ишхонаю мактаблар ҳам улар назоратида… Буларни ҳам аёл зоти туққанмикин, деган фикрга борасан гоҳида.
Йўқчилик шу даражага бориб етдики, аёллар мардикорчиликка чиқди. Фоҳишалик авж олди. Одамларни қулдек сота бошлашди. Баъзи оилалар йўқчиликдан ёш гўдакларини сотишга ҳам бориб етдилар. Халқда ҳуқуқсизликдан ўзга ҳеч нарса қолмади. Ер-сув, табиий бойликлар, конлар, завод-фабрикалар – барча-барчаси тортиб олинди…
Босқинлар кўп. Босқинчилар кўп. Лекин бу галги босқинчилар мўғил ҳам, араб ҳам, ўрис ҳам эмас. Улар шу заминда туғилган, шу ҳаводан нафас олиб, катта бўлган… Балки янглишаётгандирман… Ўзга сайёрадан келган иблислармикин булар?!
Б И Р Д У Н Ё Т А Ш В И Ш
Тонг саҳар. Темирйўл вокзали яқинидаги бекатлардан бирида турибман. Юпун кийинган, паст бўйли, ориққина бир бола олдимга келиб, салом берди ва: “Шу орада нонвойхона борми?” – дб сўради. Қизиқсиниб, уни саволга тутдим. Ёши ўн учда, исми Иброҳим экан. Отаси ташлаб кетган. Онаси ва иккита укаси билан Қўқонда яшаркан. Тошкентга иш излаб келибди.
“Тошкентга бир ўзинг келгани қўрқмадингми?” – десам, бола: “Йўқ, поездга ўтириб келавердик. Яна иккита ўртоғим ҳам бор. Улар ҳозир вокзалда. Шу ерда нонвойхона бор, дейишганди. Хабар олсам, ҳозирча одам олмаймиз, дейишди”.
“Сен ўзинг кичкинагина бўлсанг, нонвойхонада нима иш қилишинг мумкин?” – дегандим: “Ҳамма ишни қилавераман. Ўтин ёраман. Сув келтираман. Супираман. Хамир жўвалашни биламан… Қандай иш буюришса, қилавераман. Онамга ёрдам беришим, пул юборишим керак”, – деди.
Кўзларимга ёш қалқди. Болани бағримга босиб, ёнимдаги бор пулимни чиқариб бердим. Дод дегим келди. Бу қандай дунё бўлди?! Наҳот дунё меҳрига чанқоқ , мурғаккина гўдакнинг бошида ҳам бир дунё ташвиш бўлса?!
Соиб Мухандис




