Ўшликлар комендантлик соатини қайта жорий этишни сўрашмоқда, шаҳарда вазият қандай?

Қирғизистоннинг жанубий Ўш шаҳридаги айрим аҳоли вакиллари расмийларга мурожаат қилиб, икки кун аввал бекор қилинган комендантлик соатини қайта тиклашни сўрашган.
Шаҳар яшовчиларига кўра, комендантлик соати амалда бўлган пайтда улар ўзларини анчайин хавфсизроқ ҳис этишган.
Бугун Қирғизистон жанубини қамраб олган этник тўқнашувлар бошланиб кетганлигига роппа-роса икки ой тўлди.
Расмий маълумотларга кўра, зўравонликларда камида 370 киши қурбон бўлган, президент Роза Ўтинбоева қурбонлар сони 2 мингга қадар бўлиши мумкинлигини ҳам айтганди.
Миллий низодан энг кўп ўзбеклар жабр кўрганликлари айтилади. Қонли тўқнашувлар оқибатида яна минглаб кишилар яраланган, кўплаб биноларга ўт қўйилган ва юз минглаб кишилар бошпанасиз қолишганди.
Биз » Хьюман Райтс Уотч»нинг ҳозирда Ўшда бўлган вакиласи Андреа Берг билан боғланиб, у ердаги шу кеча-кундуздаги вазият ҳақида сўрадик:
Андреа Берг:
Агар Ўшдаги сўнгги вазият ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ерда ҳибсга олишлар ҳамон давом этмоқда. Дейлик, бугун тонгда маҳалла имомларидан бирининг муовини ҳибсга олинди. Бир аёлни ҳам вақтинчалик ҳибсга олиб кетишди. Бизга уларнинг яқинлари хабар беришди. Биз уларнинг ҳимоячилари билан бирга шаҳар ички ишлар бошқармасига, прокуратурасига бордик. Бу ерда аёллар тиқилиб кетган. Биттаси, «Ўғлимни бу ерда 17 кундан бери ушлаб туришибди,» деса, бошқаси, » 57 кундан бери сақлаб туришибди,» дейди. Ҳаммасини подвалда ушлаб туришибди. Уларни оммавий тартибсизликларни уюштириш ёки уларда иштирок этишда айблашмоқда. Ҳаммаси ўзбеклар.
Би-би-си: Мана, миллий низолардан ҳам роппа-роса икки ой ўтди. Ўшдаги ҳаёт ўз изига қайтганми?
Андреа Берг: Шаҳарнинг марказида вазият бироз осойиштадек кўринади. Машиналар қатнаяпти. Дўконлар ҳам очиқ. Одамлар ҳам у ёқ, буёқларни бироз йиғиштиришган. Лекин кечки соат беш, олтилардан кейин кўчаларда ҳеч кимни кўрмайсиз. Ҳаммаёқ ҳувиллаб қолади. Бугун эрталаб шаҳар аэропортига боргандим. Қирқтача аёлнинг йиғлаб, дуо қилиб, ўғилларини Россияга юборишаётганини кўрдим. Кимнинг имкони бўлса – паспорти ва пули бўлса, ҳамма Россияга кетмоқда. Шаҳардаги вазият ёш йигитларга жудаям хавфли. Шунинг учун ҳам ота-оналари уларни зўр бериб Россияга юбориш ҳаракатига тушиб қолишган. Чунки уларнинг милициянинг нишонига айланишлари жудаям осон.
Би-би-си: Оддий одамларнинг ҳаётлари қандай ҳозир? Улар қандай яшашяпти? Ейиш-ичишлари нима бўлаяпти?
Андреа Берг: Миллий низолардан энг кўп жабр кўрган ҳудудларда одамлар ҳануз чодирлар остида ҳаёт кечиришмоқда. Чодирларга қарасангиз, кўрпачадан бошқа нарса йўқ. Айримлари эса, кунни палаткаларда ўтказиб, кечқурун ухлаш учун қариндошлариникига кетишади. Чунки хавфсизликларидан қўрқишади. Яъни одамлар қайси жойда яшашларига қараб, вазият фарқли. Инсонпарварлик ёрдамлари ҳам асосан шаҳар марказида тарқатилади. Шунинг учун ҳам чеккароқда яшайдиганлар ёрдам ўзларига етиб келмаётганидан шикоят этишади. Нон, гуруч, сув,..Бошқа нарсалари йўқ. Куйиб кул бўлган уйлари учун товон пули олиш масаласи ҳам муаммолигича қолмоқда. Уйининг ҳажми, катталиги, майдони қанчалигига қарамай, бор-йўғи 50 минг сом товон пули таклиф қилинган ҳоллар ҳам бор. Ёки 250 минг сом қарз бериб, бир йилнинг ичида тўлашлари айтилган. Одамлар бунга қодир эмаслар, шу сабабдан ҳам у қарзни олишмаган.
Би-би-си: Шаҳарда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёки ҳарбийлар қанчалик кўзга ташланишади?
Би-би-си: Уларни шаҳарнинг ҳамма ерида учратиш мумкин. Шу жумладан, давлат назорат нуқталарини ҳам. Айниқса, шаҳар аэропорти атрофида ҳарбийлар жуда ҳам кўп. Аввалроқ айтиб ўтганимдек, улар томонидан ҳибсга олиш ҳоллари ҳам давом этмоқда.
BBCuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares