АЖАБ ХАНГОМАЛАР

Соиб Мухандис

Замон ўзгарган сари қонун-қоидалар ҳам ўзгариб борар экан. Ҳеч эсимдан чиқмайди: уруш тугаган 1945 йил. Маҳалламиздаги бир тўда
болаларга қўшилиб, мактабга борганман. Бошяланг… Оёғимда эски калиш… Эгнимда минг ямоқ кўйлак, шалвор… Мактаб ховлисига кирганимда менга ўхшаш болалар кўп эди. Улар бир-бирларини қувлашар, тўда-тўда бўлиб, ўзаро баҳслашишарди…
Қўнғироқ чалиниб, ҳамма синфларга кира бошлади. Мен ҳам ўртоқларимга қўшилиб, хоналардан бирига кириб, партага ўтириб олганман. Кириб келган ўқитувчи саломлашгач, болалар билан бирма-бир таниша бошлади. Менга навбат келгач, ўқитувчи исмимни сўраб, “Ўқишни хоҳлайсанми?” – деди. Мен: “Ҳа, хоҳлайман”, – дедим. “Ундай бўлса, эртага отанг билан кел”, – деб, нари кетди… Ўқишга ана шундай кирганман…
Йиллар ўтди. Мана, энди мен набирамни мактабга бериш ҳаракатида юрибман. Қон, пешоб каби намуналар топшириш, тиш, кўз-қулоқ ва бошқа ўнга яқин докторлар кўригидан ўтиб, тиббий хулоса олиш учун икки ҳафтадан ортиқ вақт кетди. Эртага олган тиббий хулосамиздан ташқари ариза, яшаш жойидан маълумотнома, туғилганлик гувоҳномаси, тўртта расм олиб, туман халқ таълими бўлимидаги охирги кўрикдан ўтишимиз керак.
Эртасига борсак, кўрикдан ўтишга келган болалар талайгина экан. Навбат олиб, кутиб турдик. Набирам бир пасда ўзига ўртоқ топиб, ховлидаги зинадан чиқиб-тушиб, ўйнаб кетди… Баъзи болаларга ота-оналари нималарнидир уқтириб, охирги кўрсатмаларни беришарди. Ясаниб олган болаларга тўла ховли байрам арафасидаги боғчани эслатарди.
Ўйнаб юрган набирамга қараб, ҳужжатлар тўплашдаги ташвишларни бутунлай унутгандим. Еттига тўлмаган бўлса ҳам, набирам зийрак, ўқиш-ёзишни, оддий қўшиш-олишларни билади. Кўрикдан ўтишига шубҳам йўқ. Мен мамнун эдим.
Ана, навбатимиз ҳам келди. Набирам билан кўрик хонасига кириб, саломлашдик. Хонадаги тўртта аёлдан бири ҳархил саволлар бериб, тест расмларини кўрсатиб, набирамни синаб кўрди… Яна бири расм чиздириб, қўшиш-олишларни сўради… Бошқаси бўй ва вазнини ўлчади… Хуллас, обдон текширувлардан кейин стол тўрида ўтирган бошлиқ аёл: “Амаки, набирангиз зеҳнли. Ҳамма саволларимизга жавоб берди. Ҳаммаси яхши. Фақат унинг вазни ўн тўққиз кило, бўйи эса, бир юз ўн тўрт сантиметр, яъни белгиланган меъёрдан кам. Шу сабабли мактабга йўлланма беролмаймиз. Набирангизнинг бўй-басти тўғри келганидан кейин, янаги йилда мактабга берасиз, – деди.
Бундай жавобни кутмаганимдан эсанкираб қолдим шекилли: “Нега?.. Қандай меъёр?.. Боланинг бўйи, вазнининг ўқишига нима алоқаси бор?” – дейишимга қарамай, кўрик раҳбари: “Илтимос, вақтимизни олманг. Юқорининг кўрсатмасини бузолмаймиз. Ҳаққимиз йўқ. Ташқарига чиқиб, кираверишда осиб қўйилган эълонни ўқисангиз, ҳаммасини тушуниб оласиз”, – деб, чиқариб юборди.
Кутилмаган руҳий зарбадан мазам қочиб, хонадан қандай чиққанимни билмайман. Кираверишдаги бўш ўриндиқлардан бирига ўтирдим. Бироз ўзимга келгач, девордаги ёзувларни ўқирканман, кўрик раҳбари айтган
эълонга кўзим тушди. Унда “Ташхис кўригидан бўйи бир юз ўн етти
сантиметр, вазни йигирма бир килограммдан кўп бўлган болалар ўтадилар” деб ёзилганди. Кўзларимга ишонмадим. Қайта-қайта ўқидим. Ажабо! Болалар мол эмас-ку, уларнинг бўйи, вазнига қараб кўрикдан ўтказишса?! Кўрик мезони билим бўлиши керак эмасми?! Набирамга буни қандай тушунтираман?! “Бўйинг меъёридан уч сантиметр, вазнинг икки килога кам экан. Шу сабабли сени мактабга олишмади”, – дейманми?!. Набирам, мактабга бораман, деб, ўртоқларига аллақачон мақтаниб чиққан… Китоб-дафтарларини бўлса, ҳар куни бир-бир кўздан кечириб қўяди… Хаёли папка кўтариб, ўртоқлари билан мактабга чиқиш орзусида… Ҳаммаси барбод бўлди… Набирам боғча ёшидан ўтган бўлса… Вазни икки килога етмагани учун мактабга бормаса, бир йил давомида уйда ўтирадими? Мактабга қатнаётган ўртоқларини кўриб ўксинмайдими? Қолаверса, янаги йил сентябрида набирам сал кам саккизга тўлади-ку… Қандай бемаънилик!.. Наҳот тепадагиларнинг томи кетган бўлса?!.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares