Порахўрлар қўлга тушди, лекин…

Носир Зокир

Кейинги йилларда Ўзбекистонда мансабдор шахслар пора олганликда гумонланиб ҳибсга олинмоқда, улар суд қилиниб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилмоқдалар. Биргина Наманган вилоятида кейинги икки йил ичида ўнлаб мансабдор шахслар қамоққа олинди.

Жорий йилнинг 22 июл куни Ўзбекистон ҳарбий суди ҳарбий судя Х.Нурбеков раислигида ўтган ўзининг очиқ сайёр суд мажлисида, Поп туманидаги жазони ўташ колониясида ишлаган полковник Обид Ёқубжонов ва сержант Нодир Қўчкоровларнинг ишини кўриб чиқди. Улар жазо муассасида маҳбусларга яқинлари томонидан олиб келинган озиқ – овқат маҳсулотларини ўз эгаларига етказиш билан шуғулланганлар.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 210 – моддаси, 3 қисми , «б» банди билан О.Ёқубжонов 10 йилга, Н.Қўчқоров эса 6 ярим йилга озодликдан маҳрум этилдилар.

Камина ҳам икки марта маҳбуслик азобини бошдан кечирганман. Маҳбусликни охирги марта 2005 – 2006 йиллари Наманган турмасида ўтказишга тўғри келганди. Ўшанда Уйчи туманилик Улуғбек исмли йигит мен билан бир камерага қўйилганди. Эсимда бор, бир куни унинг уйидан кичкина қопчада турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини шу иш билан шуғулланувчи сержант олиб келди. Улуғбек қопчани очиб, нарсаларни стол устига қўяётган эди, ичидан кичкина қоғоз чиқди. Қоғозда Улугбекнинг 70 ёшли онаси унга нималар бериб юборгани ва улар неча кило эканлиги, хуллас ҳаммасини батафсил ёзган экан. Қопчадаги колбасадан бир килоси, бир блок сигаретадан 8 пачкаси ва бошқа нарсалардан ҳам кўпчилиги йўқ эди. Улуғбек бу ишдан норози бўлиб, муассаса бошлиғи номига ариза ёзди. Орадан икки соат чамаси вақт ўтгач, бошлиқ ўринбосари сержант томонидан олиб қўйилган нарсаларни қайтариб бериб, узр сўради.

Маҳбусхонада, айтишларича ҳар бир олиб келинган нарса учун 4-5 минг сўмдан пора олиш урфга айланган экан. Тўғри, порахўрлик биргина жазони ўташ жойлари ёки вақтинчалик сақлаш изоляторларидагина бор эмас. Ҳар бир ташкилотга бирор юмуш билан борсангиз, қўлингизга қараб туришади. Халқимиз ҳам ўрганиб қолган. Арзимаган иш учун ҳам дарров масъул ходимга ниманидир бергиси келиб туради.

Наманган турмасига қайтсак. Ўша воқеадан сўнг, ҳалиги сержант ишдан олинди. Ўрнига бошқаси бўлди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади.

Ҳукумат порахурларни ушлаб тўғри қиляпди. Лекин порахўрликни бутунлай йўқотиб бўлмайди. Ўзбекистонда оммавий тус олган порахўрликни камайтириш учун ривожланган мамлакатлардагидек бу иллатга қарши қатъий механизм яратиши керак. Бу механизм нимадан иборат бўлади? Қайси ва қандай андозаларга кўра амалга оширилади? Келинг, яхшиси бу ҳақда кейинги мақоламизда тўхталамиз.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares