Бозорга боргандим, тумонат одам ниманидир харид қилаётганини кўриб, яқинлашдим. Билсам, яхшилик ва ёмонликни сотишарди.
– Кеп қолинг яхшилик ва ёмонликка. Яхшилик соғлик учун, ёмонлик бойлик учун… – деб, харидор чақиришарди.
“Наҳот яхшилик ва ёмонлик ҳам бозорга чиққан бўлса, сотилса?!.” – деган фикр хаёлимдан ўтди-ю, кейин яна… “Ҳозирги замонда нималар бўлмаяпти ўзи, сотилса сотилаётгандир-да…” – деб қўя қолдим.
Яхшилик харидорлари камроқ эди. Навбатим келиб, яхшилик нарҳини сўрадим. Сотувчи:
– Яхшилик чет элники бўлса ҳам арзон. Килоси бир сўм. Олаверинг, бузилмайди, – деди.
– Ўзимизникидан йўқми? – дегандим,
– Бизларда ҳозир қолмаган. Гоҳ-гоҳ бўлиб туради, – деб жавоб берди сотувчи.
Яхшиликдан харид қилиб, бойлик келтирувчи ёмонлик нарҳини ҳам билишга қизиқдим. Ёмонлик харидорлари кўплигидан сотувчисининг олдига ўтиб бўлмасди. Шундай бўлса ҳам, айрим маълумотларни билиб олдим. Ёмонлик ўзимизда етиштирилган, навига қараб килоси минг сўмдан ўн минг сўмгача бўлишига қарамай, бозори чаққон, навбатдагиларнинг кети кўринмасди. Қоплаб олишарди.
Ёмонлик шайдолари кўплигидан ҳайратга тушдим. Наҳотки бойлик орттириш уларнинг асосий мақсади бўлса, тубанликларга қўл уришдан ҳазар қилишмаса?! Шундайлар кўплигидан афсусландим. Нафратланиб, улардан йироқлашдим…
Харидимдан хурсанд эдим. Уни яқинларим билан бўлишишга – уйга шошилардим. Кета туриб, одамларга ҳам улашдим. “Менга, менга ҳам” дейдиганлар ҳам топилди. Бир пасда одамлар йиғилиб қолганини сезмай қолибман. Тўсатдан кимнингдир: “Тўпланиш манъ қилинган. Нима қиляпсизлар ўзи?” – деган саволидан бошимни кўтариб, миршабни кўрдим.
– Яхшилик улашяпман. Хоҳласангиз… – дейишимни биламан:
– Йиғиштир ўша яхшилигингни… Бошимни қотирма… Ҳужжатинг – лицензиянг борми уни тарқатишга? – дея, саволларга тутди.
Баҳслашишнинг фойдаси йўқ эди. Миршабдан ёмонлик иси анқиб турарди. Бир зумда ҳамма тарқаб кетди. Мен эса уйга шошилдим…




