Ўтган сафарги мақоламизда футбол бўйича жаҳон чемпионатида 5 та ўйинни бошқарган ўзбек ҳаками Равшан Эрматовни аэропортда кутиб олиш маросими ўта дабдабали ўтганлигини мисол қилиб, бундай мақтовлар ошиб кетса мақталаётган шахсни обрўсига путур етиши ҳақида мулоҳаза юритган эдик. У дабдабалар ҳам ҳолва экан. Ўзбекистон телевидениясининг спорт дастури орқали Эрматов ва уни ишларига ёрдам берган Рафаэл Илёсов билан журналистларнинг учрашуви бўлиб ўтди. Журналистларнинг ҳар бири савол бериш жараёнида Эрматовни шунақанги мақташдики, инсонни кўзига қараб туриб, кўкларга кўтариб мақталса, ҳатто уни куриб турган томошабин ҳам хижолат чекиб кетаркан.
Мана, шундай саволлардан бири:
«Ўзбекистонда ҳатто футболга қизиқмайдиганлар ҳам Эрматов ҳакамлик қилар экан» деб футбол томоша қилишди. Одамлар болаларини ҳакамлик мактабларига беришга аҳд қиляпдилар. Сизга биргина бу ердагилар эмас, балки бутун дунё тан беряпди. Сиз бизни фахримизсиз? Ҳакамликка кириб келишингиз ҳақида гапирсангиз».(Ваҳоланки, бу ҳақда юз бора гапирилган).
Яна бир мухбир:
«Сизга ҳатто Россияликлар ҳам тан беришди. Бундай шон-шуҳрат сизга қандай таъсир қилди?» Ва ҳоказо…
Қадим замонда подшоҳларни ўзига ўзини юқоридагидек мақташарди. Эрматов айрим хатоларга ҳам йўл қўйди. Шу хатоларни сабабларини сўрашмади. Эрматовни хатосини танқид қилишга журналистлар ботина олмас экан, ҳеч бўлмаса юқоридагидек мақташдан ўзларини тийишса бўлармиди! Ахир ўзбекчиликдан ташқари, биз журналистлармиз-ку! Холис бўлишимиз керак эмасми?
Ўтмишда бир мутафаккир ўзаро йиғилишда қатнашибди. Бир раҳбарни одамлар уни олдида шунақанги мақташибдики, охири ҳалиги мутафаккир мақталаётган шахсга раҳми кела бошлабди. Охири ҳафсаласи пир бўлганидан «Эҳ, бечора» деб юборган экан.
Агар Эрматовни ўрнида Россиялик ҳакам 5 та ўйинни бошқариб қайтса, руслар уни бунақа мақтамас эдилар.
Нега биз бунақа эканмиз-а: танқид қилишга келганда жим бўлиб қоламиз, мақтовга келса отни қамчилаймиз. Юқоридаги кўрсатувда Равшан Эрматов мухбирларни мақтовларидан хижолат бўлиб: «Биз бор йўғи ўз бурчимизни бажардик холос. Бизга ишонмаганларга ўзбекларни ҳам қўлидан кўп нарсалар келишини кўрсатиб қўйдик», – деди. Шунда мухбирлардан бири: «Вой, шунда ҳам камтарлик қиляпсиз-а», деса бўладими!?. Уят…
Хуллас, савол -жавоблар фақат мақтов асосида бўлди. Ўзбекистон халқи қатори биз ҳам Равшан Эрматовни ютуқларидан фахрландик, хурсанд бўлдик. Лекин, бу дегани уни мутассил мақтовлар, олқишларга қўмиб ташлаш керак дегани эмаску. Агар шунақа кўрсатувларни чет мамлакатларда ҳам бемалол кўриш имкони бўлганда борми, шарманда бўлардик. Агар Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқиб қолганда борми, нима бўларди? Мақтовлар бутун дунёни тутармиди?!
Ҳали бу ҳаммаси эмас. Ўзларига қўйиб беришса, бизни мухбирлар Эрматовни келгуси жаҳон чемпионатигача мақтайдилар. Равшан Эрматовга айтмоқчимизки: «Укажон, сиз бизни фахримизсиз. Лекин сизни ортиқча мақташларига йўл қўйманг. Чунки, ортиқча мақтов мақталаётган шахсни устидан кулиш билан баробардир»




