Ўзбекка фақат ўзбек ёрдам қўлини чўзади…

Баҳодир Ҳасан,
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракатининг етакчиси.

 
Қирғизистондаги воқеалар барчамизни бутун вужудимизни титратди, қалбимизга изтироб солди. Бу воқеалар биз учун жуда катта фожеа бўлди. Минглаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлишди, ўн минглаб инсонлар жароҳатланди, юз минглаб инсонларнинг минг йиллар давомида авлодлари яшаб келган ўз ватанлари бугунги кунда ўзларига бегона бўлиб қолди. Бу фожеа кўлами шу қадар кенгки, уни асоратлари узоқ йиллар давомида халқимиз қалбида чуқур ўрнашиб қолиши, инсоният тарихидан ўчмаслиги барчага аён.
Бу фожеанинг олдини олиш мумкинмиди? Менимча мумкин эди. Аммо мен бу масалага ҳозир тўхталмоқчи эмасман. Бу ҳақда тарихчилар албатта ўз сўзларини айтадилар.
Келинг, ҳозир реал воқеъликка назар ташлайлик. Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар кўплаб ўз яқинларини йўқотдилар. Минглаб инсонлар мажруҳ ва тиббий ёрдамга муҳтож. Инсонлар ўз уйларидан, ишларидан айрилдилар.

 Бош уриб борадиган маконлари, ёрдам оладиган тайинли жойлари йўқ. Аҳволлари жуда танг.

 
Охирги вақтларда мамлакат жанубидаги ўзбеклар яшайдиган ҳудудларни Қирғизистон таркибидан ажратиб, алоҳида Автоном вилоят тузиш истагида ёнувчилар анчагина кўпайиб қолди. “Ўзбек автономияси” қанчалик жарангли ва қулоққа ёқимли туюлмасин, менимча ушбу истак Қирғизистондаги ўзбекларни батамом мамлакатдан қувилишига, ҳамда минглаб бегуноҳ инсонларни қонини тўкилишига олиб келади.

 
Бир уйлаб кўрайлик. Ўшда Ўзбек Автономияси тузилди ҳам дейлик. Ўзбек халқини қонини сўриб ётган диктатор Каримов ушбу ғояни қўллайдими? Йўқ, албатта. Шундоқ ҳам Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг эркин юриши, барча демократик мевалардан бу ердаги ўзбекларнинг баҳраманд бўлиши, Ўш вилоятидаги диний фаолликни кучайиши Каримов режимига тинчлик бермай келаётган эди. Унинг мақсади Фарғона водийсига туташ бўлган Ўш вилоятидаги ўзбекларни ўз назоратига олиш эди. Кўриб турибмизки у бугун ўз мақсадига эришди. Каримов режимига қарши бўлган истаган инсонларни Қирғизистон расмийлари орқали жисмонан йўқ қилмоқда. Ҳозирги Қирғизистондаги “зачестка”ларга албатта Каримов режимининг ҳам қўли бор.

 
Каримов ўзбек халқининг душманидир. Бизга маълумки, 1990 йилда Қирғизистондаги биринчи қатлиомдан кейин Қирғизистонлик ўнлаб ўзбеклар Москвага бориб, у ерда ойлаб яшаб, норозилик намойишларини ўтказдилар. Улар Ўзбекистонлик ва Қирғизистонлик депутатлар орқали СССР Олий Кенгашида, Ўш вилоятидаги ўзбек халқига қарши қилинган хунрезлик ташкилотчиларини жазолаш масаласини кўтариб чиқишга ҳаракат қилдилар. Афсуски, фақат Каримов қаршилиги оқибатида бу масала кун тартибига киритилмади. Қанчалик ҳаракат қилинмасин у кейинчалик ССССР Олий Кенгаши кун тартибига олиб чиқилмади.

 
СССР даги давлатлар мустақил бўлдилар, шулар қаторида Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ҳам мустақилликни қўлга киритдилар. Мустақилликдан ҳам Каримов бирор маротаба бўлсада Ўшдаги ўзбекларга қарши қатлиом масаласига тўхтаб ўтмади. Бу масалада бугунги кунгача Ўзбекистон ўз баҳосини бергани йўқ. Каримов ҳукумат тепасида келгандан буён қўшни давлатлар билан яхши алоқаларни йўлга қўёлмади. Ушбу давлатларда яшаётган ўзбек халқига мансуб юртдошларимиз бутунлай ташлаб қўйилди. Уларга Ўзбекистон томонидан на моддий на маънавий кўмак бериб турилди. Аксинча улар билан Ўзбекистон ўртасида қаттиқ чегара тортилди, деворлар қурилди, хандақлар қазилди. Ҳаттоки кўп жойлар миналаштирилди. Каримов сиёсати ортидан биз ҳам Ўзбекистон ташқарисидаги ватандошларимиздан ўзоқлаша бошладик. Гуёки улар умуман бошяа давлат одамлари.

 
Каримов бу ишлари билан ўзбек халқини ташқи душманлардан ҳимоя қилаётгани йўқ. Дунёни истаган бурчагига борсангиз, миллионлаб ўзбекларни хор – зор бўлиб яшаётганини кўрасиз. Каримов фақат ўз салтанатини ҳимоя қилиш учун Ўзбекиситонни бутунлай ташқи дунёдан изоляция қилиб ташлади.

 
Қирғизистон воқеаларини ташкиллаштирувчилардан бири Каримов режимидир. Унинг юз минглаб қочоқларни қабул қилиб, сўнгра уларни тезда ортига қайтариб юборишини қандай тушуниш мумкин? Ахир Каримов режимини ўрнида бўлган ҳар қандай давлат қочоқларни мажбурий ортига қайтариб юборишга ботинолмас эди. Ахир бу инсониятга қарши жиноят-ку!. Қайтиб борган қочоқларнинг кўплари таъқибга олинди, асоссиз ва адолатсиз терговга тортилди, кўплари майиб -мажруҳ этилди ва ҳатто ўлдирилди. Бунинг учун ким жавоб беради?

 
Ҳозирги пайтда Қирғизистондаги Ўтунбоева ҳукумати жуда кучсиз. Президент бошқарувидан парламент бошқарувига ўтилиши Қирғизистондаги ҳарбий ва куч ишлатар тизимга кўпам ёқаётгани йўқ. Бундай ҳолатда Ўтунбоева ҳақиқий жиноятчиларни тутиб, уларни жазолашдан қўрқади. Сабаби ушбу жиноятчилар бир ҳамла қилиб, Ўтунбоева ҳукуматини ағдариб ташлашлари мумкин ёки қўзғалишиб, уни ҳолини янада танг қилишлари мумкин.

 
Қирғизистон воқеаларида ҳимоясиз ўзбекларни айблаш осон. Чунки, ўзбеклар ортида ҳеч қандай сиёсий куч йўқ. Биргина сиёсий куч бўлган Каримов режими аксинча Қирғизистон ўзбекларини жазолаш тарафдори. Каримов режими Қирғизистондаги ўзбекларни барча Ўзбекистонликлар каби террор ва қўрқитиш орқали назорат қилиш истагида. Шундай ҳолатда у Фарғона водийсидан хотиржам бўлиши табиийдир.

 
Энди Автономия масаласига қайтсак. Нафақат Қирғизистон, балки барча ўзбеклар ортида на кучли сиёсий кўмак, на катта миқдордаги моддий кўмак бор. Бундай ҳолатда фақат оғизни тўлдириб Автономия қиламиз дейиш хатоликдир. Биз аввалом бор Қирғизистонда қолаётган ватандошларимизнинг тақдирига бефарқ бўлмаслигимиз керак.

 
Бизнинг биринчи мақсадимиз Каримов режимига барҳам беришдир. Барчамиз бу йўналиш бўйича қаттиқ тер тўкиб ишласак, албатта, ушбу мақсадимизга етамиз.
Иккинчи масала – Қирғизистондаги ва бошқа давлатдаги ўзбекларни Ўзбекистон сиёсий бошқарувига иштирокидир. Ўзбекистонда зарур бўлган қонунчиликларга ўзгаришлар киритиб, мамалакат ташқарисидаги барча ўзбекларни Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларга аралашувини ташкиллаштириш керак. Яъни улар ичидан кучли сиёсатчилар, амалдорлар, вазирлар, ҳаттоки президентлар етишиб чиқсин. Шундай ҳолатдагини нафақат Қирғизистон, бошқа давлатлар ҳам ўзбекларни иккинчи сортли инсонлар тариқасида кўролмайдилар.

 
Кейинги масала эса Қирғизистон ҳукуматидан ўзбек халқига қилинган қатлиом ташкилотчилари ва иштирокчиларини жавабгарликка тортишни талаб қилиш. Барча қатлиом қурбонларига компенсация тўлаш, ҳамда Қирғизистон расмийларини халқдан кечирим сўрашидир.

 
Бу талабларни Қирғизистон ҳукумати бажаришдан бош тортиши мумкин. Бундай ҳолда, биз албатта ўзимиз ушбу жиноятчиларни тутиб, жавобгарликка тортиш бўйича ўйлашимиз мумкин. Агар шу ҳолатда қирғиз расмийлари бизни ишимизга қаршилик кўрсатмоқчи бўлишса, шундан кейин Автономия масаласини кўтариб чиқишимиз, керак булса ҳарбий куч орқали ўзбекларни Қирғизистонда ҳимоя қилишимиз мумкин. Албатта бу даврда бизда сиёсий куч ва етарлича моддий маблағлар ўз қўлимизда бўлади.

 
Ҳозирги кунда диний йўналишда, ёки қуролли тўқнашувлар орқали курашиш катта хатоликларга олиб келади. Провокацияларга учмайлик, ҳамма зарб ва оғирлик халқнинг бошига тушади.
Бугунги аниқ қиладиган ишимиз – Қирғизистондаги ватандошларимизга қўлимиздан келгунча моддий ва маънавий кўмак бериб туришликдир. Бундан ташқари Қирғизистонда бўлган ва бўлаётган қатлиомни кўпроқ дунё ҳамжамиятига танитиш, ушбу воқеаларни дунё аҳлига етказиб бориш ҳам асосий мақсадимиз бўлиши лозим.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares