«Туркистон тарихи» керак

Маҳмудхўжа Беҳбудий

Тарих кўп аҳамиятли ва фойдали бир нарсадур. Тарихнинг фойдаларидан баъзиси ушбудурки, бир миллатнинг на тариқада, қайси йўл ила тараққий этганин ўқиб, ибрат олмоқ ёки бир миллатнинг на сабаблардан таназзул этиб, охири мункариз бўлуб кетганин ўқуб, мундан ҳам истифода этмак мумкиндур. Шунинг учун бизнинг ўз шевамизда Туркистонда ўтган боболаримизнинг маиший, сиёсий аҳволига дойир «Туркистон тарихи» бор бўлгонда, они кўз олдимизда қўюб, бурунги қаҳрамон боболаримизнинг на йўл ила тараққий ва маданият даврига кируб ва нима сабабдан охири мункариз бўлуб кетганларини ўқуб, билуб, хейли ибрат олар эдук. 

Ўшандоқ ҳозирги ҳолимизни боболаримиз давридаги ҳолларга бир даража муқояса этмак ила баробар ўз-ўзимиздан бир инфиоли даруний* ҳис эдуб, юзларимиз қизарар эди. Холо, биз туркистонийлар марҳум бо­боларимиз аҳволи ҳам Туркистон воқеоти тарихиясидан бутун ғофил ва бехабардурмиз. Чунки, ҳануз Туркистон тарихи ҳақинда янги тадқиқот ила ёзилгон, тартибли ва истифодали мукаммал бир асар вужудга келган йўқ. Тўғриси, мундай тарих ёзувчи киши турк ўғлонларидан ҳануз майдонга чиқғон йўқки, бу эса турк болаларининг нохалаф бўлуб, чин ўғул эмасликларига далилдур. Бу сўзлардан тарихсизлигимиз англашилмасун. Бизнинг тарихимиз бор.
Бурунғи асрларда Туркистон ва турклар воқеоти ва аҳволи ҳақинда туркий, форсий ва арабий тилларда неча китоблар ёзилгандурки, у китоблардан рус ва бошқа еврупойилар истифода этган ва этмакдадурлар. Лекин у мухталиф* тилларда ёзилган. Тарихий асарлардан биз туркистонийлар истифода этуб, янги муҳокама ва тадқиқот ила ўз шевамизда мунтазам бир асар вужудга келтурганимиз йўқ. Балки бизлар андоғ тарихий китоблардан аксарият ила хабарсиз бўлуб, баъзисидан хабардор бўлсак ҳам, аларнинг табъ ва нашрига аҳамият бермаймиз. Чунки, бизнинг халқлар андоғ китоблардан кўра хурофотлик қисса, ҳикоя ва ошиқона ғазал китобларига зиёда рағбатлик бўлганидан моддий фойдасини кўзлаб, шундай афсона ва аслсиз китобларни табъ ва нашр этмакдамиз. Шунинг учун кундан-кун муҳим тарихий китобларимиз кўздан тушуб, эсдан чиқуб етмакдадурки, мунинг айбу гуноҳи Туркистондаги манфаатпараст китобчилар бўйнига тушса керак. Чунки бу сўнг йилларда китобчилар тарафидан турли хурофотлик китоб ва рисолалар нашр бўлинуб турганлиги майдонда ва барчага маълумдур. Агарда муҳтарам ношир ва китобчиларимиз мундан сўнг ахлоқ бузгувчи ошиқона ғазаллар ва соф эътиқодларни заҳарландирувчи хурофотлик афсона китоб­лар ўрнига мўътабар тарихий, ахлоқий ва адабий рисола ва китоблар нашр этмоқга ташаббус этсалар, шояд бу хайрли ишлари аввалги гуноҳларининг юзини ёпар.

«Садойи Туркистон» жаридасига «Миллий тарихимизни ким ёзар?» мазмунида бир савол кўрулгон эди.  Бизнинг фикримизча, мундай бир тарих ёзмоқлик ниҳоятда қийин бир иш бўлуб, ҳозирда мунинг ифоси бизларнинг қўлимиздан келмайтурронга ўхшайдур. Шу­нинг учун бу хизматни Туркистон тарихи ила ошино бўла бошлаган ёш муаррихимиз муҳтарам Аҳмад Заки Валидий афандининг қаламидан умид этмакдамиз.

«Ойна» ж., 1914 йил, 38-сон, 898—900-бетлар.

Ўзбек жадид адабиётининг асосчиси, Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси бўлмиш, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг танланган асарлари. Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи проф. Бегали Қосимов.

“Маънавият” 1999 йил.


Мақоланинг электрон нусхасини Абдулазиз Маҳмудов тақдим этган.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares