Қирғизистондаги жамоалар ўртасида дарз кетган ишонч

Бундан икки ҳафта муқаддам Қирғизистон жанубида бошланиб кетган зўравонликлар ташқи дунё учун кутилмаган бўлган.
Аммо минтақадаги воқеалар ривожини яқиндан кузатаётганлар ҳайратланишгани йўқ. Уларга кўра, бу воқеалар ойлар давомида етилиб келаётганди.
Баъзилар хатто Совет Иттифоқи қулаганидан буён ўтган йигирма йил мобайнида қора булутларнинг тўпланиб келганини айтишади.
Сунъий бўлинишлар
Бугунги кунда ёппасига «истонлар» деб аталадиган Марказий Осиё давлатлари 1920-йилларда шўро режаловчилари томонидан яратилган.

Улар Россия империяси даврида «Туркистон» номи билан билинган улкан ҳудуд ўрнида ташкил топган.
1924-1927 йилларда минтақа бешта республикага бўлинди: Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон.
Бу бир сунъий бўлиниш эди ва кичикроқ этник гуруҳларни назарга олмаган эди. Сартлар, қипчоқлар ва қорақалпоқлар сингари.
Ушбу янгидан бўлинган ҳудуднинг қоқ юрагида Фарғона водийси деб аталган кенглик ётади.
Бу ҳақиқатда водий эмас, балки узунлиги 300 километр ва кенглиги 70 километр бўлган унумдор бир ҳавзадир.
Ҳудуд уч томондан баланд тоғлар билан қуршалган: шимол ва шарқда Тян-Шан ва жанубда Помир тоғлари.
Фарғонанинг ери серҳосил, иқлими илиқ, унинг гуруч ва картошка етиштириладиган майдонлари баланд тоғлардан оқиб келадиган сувлар билан суғорилади.
Шўро давридаги ҳудудий бўлинишлардан сўнг, Фарғонанинг катта қисми Ўзбекистон таркибида қолган.
Миллий ўзлик
Фарғонанинг кичик бир қисми жанубда Тожикистон ва шарқда Қирғизистон ҳудудига киритилган.
Катта сондаги ўзбек нуфузига эга бўлган Ўш ва Жалолобод шаҳарлари чегаранинг қирғиз томонида қолиб кетди.
Бу жумҳуриятлар Совет Иттифоқи таркибида бўлган пайт буларнинг биронтаси ҳам муаммо туғдирмаган эди.
Аммо 1991 йилда Совет империясининг парчаланиши ортидан миллий ўзликнинг қайта тикланиши, баъзилар таъбирича, қайта ўйлаб чиқарилиши жараёни бошланиб кетди.
Ўзбекистон ўзининг янги миллий афсонасини «Соҳибқирон» номи билан яхшироқ танилган Амир Темур шаҳси атрофига қурди.

1336 йилда туғилган Темур марказий ва ғарбий Осиёнинг катта қисмини забт этган ва Ҳинд дарёсидан Қора денгиз қирғоқларига қадар узанган империяни барпо этган эди.
Баҳсли нуқта

Қирғизистоннинг миллий афсонаси эса камроқ билинган шахсият -Манас атрофига қурилди.
Манас-эпик достон қаҳрамони. Айримларнинг даъво қилишича, у 1000 йил олдин ёзилган ва дунёдаги энг узун эпосдир.
Манаснинг ҳақиқатан бўлган-бўлмагани эса баҳсли масала.
Чегарадаги аҳоли бу икки янгидан бўй кўрсатган миллий давлатларнинг ўртасида қолиб кетган.

1990-йилларда Совет Иттифоқи парчаланиши арафасида Ўшда зўравонликлар бошланиб кетди.
Зўравонликларнинг юзаки сабаби ер талашиш бўлган, аммо унинг туб-тубида ҳозирги этник танглик ётган эди.

Ўзбек жамоаси раҳбарлари Қирғизистон жанубида мухторият, ўзбек тилига давлат мақоми ва ҳукуматда ўрин берилишини исташган.
Қирғизлар назарида ўзбек озчилиги бўлиниб чиқиш ва янги мустақил бўлган Ўзбекистонга қўшилишни истовчи «бешинчи колонна» эди.
Ўшанда Москва Ўшга қўшин юбориб, зўравонликларни тўхтатган ва барқарорлик тикланган эди. Аммо орадан 20 йил ўтиб, зўравонликлар яна қайтиб келди.
Бу сафар воқеалар апрел ойида президент Қурманбек Бакиевнинг ағдарилиши билан бошланди.
Юзага келган сиёсий бўшлиқда турли-туман гуруҳлар қудрат ва устунлик учун курашаётган эди.
Ўшдаги қирғиз расмийлари ўзбек миллатчилари кўп ўтмай тарғибот ишларини бошлаб юборишганини даъво қиладилар.
Улар орасида алоҳида ажралиб тургани маҳаллий ўзбек ишбилармони, миллионер Қодиржон Ботиров жид.
Қирғиз расмийларининг даъво қилишича, жаноб Ботиров ўбек тилидаги телеканаллар орқали чиқишлар қилган.
Уларга кўра, талаблар 20 йил олдингиси билан бир хил эди: мухторият, ўзбек тили ва ҳукуматда лавозимлар.
Қўйчивонлар
Юқоридаги омилнинг ўзи юз берган зўравонликларни келтириб чиқариш учун етарли эмасди.
Бу ерда бошқа омиллар ҳам бор эди.
Ўшга борсангиз, ўзбекларнинг қирғизлардан бойроқ яшашлари яққол кўзга ташланади.
Ўзбеклар тарихан савдо ва деҳқончилик билан шуғулланиб келишган. Ўшдаги бозор, дўкон ва ресторанларнинг кўпчилиги ўзбекларга тегишли.
Уларнинг уйлари ҳам катта-катта, кўпчилиги олмон машиналарини ҳайдашади.
Қирғизлар эса анъанавий равишда қўйчивонлик қилиб келишган.
Совет иқтисоди қулаганидан сўнг улар иқтисодда кўп нарса қилишолмади. Аксарияти жанубдан бўлган 800 минг нафар қирғиз эркаклар иш излаб, Россияга кетишди.
Москвада кўча супураётган ва қурилишда ишлаётган кўплаб қирғизларни учратасиз.
Бундан ташқари, зўравонликларнинг ташкиллаштирилганини кўрсатувчи далилларни кўриш қийин эмас.
Муваққат қирғиз ҳукумати собиқ президентнинг ўғли этник зўравонликларга гижгижлаётганини кўрсатиши даъво қилинган телефон ёзувларини эълон қилди.

Унда Максим Бакиевники экани айтилган овоз ёш йигитларни ёллаб, қуроллантириш ҳақида гапиради.
Бу ёзувларни тинглаган қирғиз ҳамкасбларимиз овоз унга тегишли эканига шубҳа қилмайдилар.

Ҳозирда Британияда бошпана сўраган Максим Бакиев ўз ҳимоячилари орқали бир баёнот эълон қилиб, ушбу даъволарни рад этди.
«Айблар сохта, мақсад ўзларининг жиноятларидан эътиборни чалғитиш» дейилади баёнотда.
Жаноб Бакиев текширув олиб бориш имкони бўлмагани ва ўзининг Қирғизистондаги бошбошдоқлик учун балогардон қилинаётганини айтади.

10 июндаги зўравонликларнинг ташкиллаштирилганига деярли шубҳа йўқ.
Биринчи тошни ким отганидан қатъий назар, ки бунинг ўзбек ёшлари бўлганини кўрсатувчи баъзи далиллар бор, унинг ортидан юз берган зўравонликларнинг кўпчилиги ўзбек жамоасига қарши қаратилган эди.
Ёқиб юборилган ўзбек маҳаллаларида мен Калашников автоматидан отилган ўқ изларини кўрдим.
Менга каттароқ ўқ изларини ҳам кўрсатишди ва улар зирҳли машиналардан отилганини айтишди.
Мен суҳбатда бўлган ўзбеклар қирғиз ҳарбийлари қотилликларда тўғридан-тўғри иштирок этганини айтишди. Қирғиз расмийлари қурол-яроғ ва зирҳли машиналар ўғирланганини айтадилар.
Ҳақиқат нима бўлишидан қатъий назар, икки жамоа ўртасида қачонлардир мавжуд бўлган озгина ишонч ҳам йўқолди.
Бу 1960-йилларда Шимолий Ирландияда юз берган ҳодисаларга ўхшаб кетади. Полиция кучлари ва армия асосан этник қирғизлардан ташкил топган. Ўзбеклар учун бу ечим эмас, балки муаммонинг бир қисмидир.

Референдум Қирғизистонга барқарорликни қайта олиб келишга ёрдам бериши мумкин. Халқнинг мандатини олган янги ҳукумат апрелдан буён мавжуд бўлган қудрат бўшлиғини тўлдириши мумкин.

Аммо ҳозирги вазиятда Ўш ва Жалолобод аҳолиси нима учун Россия қўшинларининг қайтишини истаётганини тушунса бўлади.
Катта оға муаммони яратган бўлиши мумкин, аммо ҳозирда ҳар икки жамоа ишонадиган куч ҳам ана шу.
BBCuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares