АҚШ дипломати Қирғизистон хунрезликлари юзасидан халқаро терговга чақирди

АҚШ Департаменти юқори мартабали мулозими Роберт Блейк Қирғизистон жанубида юз берган ғалаёнлар юзасидан халқаро тергов ўтказишга чақирди.
Жаноб Блейк Ўзбекистондаги қирғизистонлик ўзбек қочқинлари бошпана топган жамлоқларга ташрифи чоғида бундай баёнот билан чиққан.
Куни-кеча «Амнести Интернейшнл» халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти ҳам худди шундай чақириқ билан чиққанди.
Халқаро ташкилотга кўра, фақат халқаро терговгина барча жабр чеккан гуруҳлар томонидан холис ва ишончли деб кўрилувчи хулосани бериши мумкин.
«Амнести Интернейшнл» текширувларни ашёвий далиллар йўқолмасдан бурун, тезроқ ўтказишни талаб қилган.
Ташкилот Қирғизистон хавфсизлик кучлари маҳаллий журналистлар ва фуқаролардан видео ва суратларни тортиб олиш ҳолларидан хавотирда эканни айтган.
Хўш, халқаро текширувларда қайси масалаларга эътибор қаратилади? Жон Гобл (John Goble) Марказий Осиёни узоқ йиллардан буён кузатиб келади:
Жон Гобл: Менимча, минтақадан келаётган ишончсиз кўплаб маълумотларни текшириш учун текширув ўтказишга даъват янграши керак. Бу маълумотларнинг аксари тўлиқ эмас, бир томонлама , ғаразли ва қанча нарсани очиқласа шунчасини яширадиган ҳолатда. Бу каби текширув жуда кўплаб саволларни ўртага ташлаши ва жавоб топиши керак бўлади. Текширув муфассал ва тўлиқ бўлиши учун бирон халқаро миқёсда ташкилот тузила биладими-йўқми, буниси ҳам очиқ қолаётган савол, чунки текширувда Бишкеку Ўш, шунингдек, Тошкент, Остона, Москва ва бошқа ерлардагиларнинг ҳам роллари назарда тутилиши керак бўлади.
Би-би-си: Бу текширув қайси масалаларга эътибор қаратиши керак деган савол ҳам сўралмоқда, масалан, «Амнести Интернейшнл» ҳарбийларнинг ҳам зўравонликларга қўл урганлиги масаласи ўрганилиши керак демоқда….
Жон Гобл: «Менимча, бу масала ўрганилиши керак. Аммо савол туғилади, ким ишни шу нуқтага қадар олиб келди, бунга ким масъул ва нима қилиниши керак? Шунчаки айбдорларни бармоқни бигиз қилиб кўрсатишнинг ўзи кифоя эмас. Бу худди Агата Кристининг детектив романларида бўлганидек, жиноятда кўпчиликнинг қандайдир иштироки ё-да роли бўлганлиги ҳақида айтилгани каби ҳолатни эслатади. Уларни ҳаммасини аниқлаш ососн иш эмас. Менимча, бу каби текширувга даъват шунинг учун ҳам муҳимки, жаҳоннинг у қадар эътибор берилмайдиган минтақасига эътиборни тортишга ҳаракатдир. Шуниси ачинарлики, Марказий Осиёга фақатгина можаро келиб чиққан вақт эътибор қаратилади. У ерда эса этник, демографик, сув, диний ва чегара каби муаммолар борки, уларни албатта синчковлик билан ўрганиб, ечимлар топилишига ҳаракат қилиш керак.
Би-би-си: Айтилишича, текширув билан боғлиқ бир қатор саволлар бор. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу каби текширув натижасида бирон халқаро жиноий жараён бошланишига умид қилишлари мумкин. Ё-да ақалли жамоаларнинг ярашувига кўмак беради дея умид қилмоқдалар, чунки кўп-да, адолат қарор топиши учун ҳақиқат аниқланиши керак дейилади…
Жон Гобл: Шунинг учун мен халқаро тергов инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кутгандек даражага қадар текширув ўтказа оладими-йўқми, деган саволни ўртага ташламоқдаман. Чунки, агарда, ҳукумат айбдор , деган даъво ўртага ташланса, халқаро ҳамжамият қудратда бўлганларни жавобгарликка тортиш бобида кўп ҳам самарали иш тута олмайди. Менимча, бу каби шароитларда халқаро текширувга даъват қилинишига сабаб шуки, нималар қилиниши кераклиги ҳақида бирон сиёсий ирода, қўллаб-қувватлов ё-да тушунишнинг йўқлигидир. Факт шуки, қирғиз-ўзбек чегарасида уйларига қайтишга қўрқиб турган минглаб қочқинлар бор, Бишкекдаги ҳукумат тўлиқ барқарорликни ўрнатишга кучсиз ва муаммоларни ечишга сиёсий иродаси йўқ. Хуллас, текширувга даъват бу хавотир ва эътиборнинг мавжудлигини намойиш қилиш йўлидир. Халқаро ҳамжамият бу каби текширув учун ресурс ва иродага эгами, буниси бошқа масала.
Би-би-си: Бизга келаётган хабарларга кўра, икки жамоа ҳозирда бир-бирларидан ажралиб, баррикадалар билан ўзларини тўсиб олганлар. Текширувнинг яна бир кутилган натижаси икки ўртада ишончни тиклаш учун иккала томон ҳам ишонган воқеалар ривожини аниқлаш бўлса керак?
Жон Гобл: «Фикримча, бу каби натижага эришилмайди. Агарда текширув зўравонликлар бошланиб кетишига ўзбеклар сабабчи, деган хулосага келса, оқибатлари бошқача, қирғизлар сабабчи деб айтилса, оқибати бошқача, Қурманбек Бакиев тарафдорлари айбдор, деган хулосага келинса, бутунлай бошқача оқибат бўлади. Бу каби чалкаш вазиятда ким айбдор эканлигини аниқлаш эҳтимоли катта эмас. Ҳаттоки, айби борлигини тасдиқловчи бирон далил кўрсатилган ҳолда ҳам ҳар бир жамоа бу хулосаларни қабул қилади дея кафолат бера олмаймиз.
BBCuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares