«Адолат» партиясидаги адолатсизлик

Носир Зокир

Ҳамон эсимда… 90 – йиллар бошида Узбекистоннинг собиқ бош вазири Шукрулло Мирсаидов «Адолат- ҳақ йўл» номи остида янги партия тузади. Орадан бир оз муддат ўтгач юқоридан журналист Анвар Журабоев раҳбарлигида «Адолат» партияси тузилади. Қизиғи шундаки Журабоев ўша пайтда «Халқ сўзи» газетасида ишлар эди.

Газета ходимларининг айтишича янги партияни тузиш учун уюштирилган таъсис йиғилишда партия тузилганлиги эълон қилинган.
Лекин «Адолат» партияси тузилганидан бир кун олдин Адлия вазирлиги ушбу партияни рўйхатдан ўтказади. Бу ҳолат ўшанда кўпчиликнинг кулгисига сабаб бўлган эди.

Товба, улар ўша кунлари нимадан қўрқишган экан? Кейинчалик «Бирлик» номи остида бир ҳаракат ҳам пайдо бўлди. Газетаси чиқа бошлади. Майли, бу ҳақда партиялар ҳақида кейинги мақолаларимизда тўхталамиз.

Яқинда булиб ўтган Олий Кенгаш депутатлигига сайловлар арафасида Наманган давлат университети доценти, Биология фанлари номзоди Алижон Обидовни дўстларидан бири, «Адолат» партияси бўлим бошлиғи домлани сайловлар арафасида партияга аъзо бўлиб ёрдам беришни илтимос қилади. Домла рози бўлади. Лекин ушбу партиянинг вилоят кенгаши йигилишида А.Обидовни кенгаш аъзолари партияни вилоят бўлими раиси ўринбосарлигига сайлаб юборишади. Ушбу ҳолатни партиянинг юқори органи ҳам кутмаган эди. Домла сайлов кунлари ҳар куни бир туманда бўлиб «Адолат» дан номзоди қўйилган кишиларни тарғиботи билан шугулланишлари ушбу партия ичидаги ҳолатдан ҳам чуқуррок хабардор бўла бошлайди.

Ўша кунлари домла менга «Расмий партияларни юзаки биларди-му, лекин бу қадар бюрократлашганини билмас эканман. Худди коммунистик партияга ўхшайди-я. Партияда мустақиллик деган нарсанинг ўзи йўқ. Танқид деган нарса анқонинг уруғи» деган эдилар. Алижон Обидов шунга ўхшаган фикрларни бошқа жойларда ҳам гапириб юрганлар шекилли, домлани партияни юқори орган вакилларидан бири чақириб юқоридан «сизни партиядан чиқишингиз ҳақида буйруқ бўлди. Сизни ҳақиқатгуй эканлигингизни биламиз. Лекин илтимос ариза ёзинг» дейди. Домла «Ўзим ҳам бу партияда туришни ўзимга ор деб билиб ариза ёзмоқчи эдим», деб ариза ёзадилар

Аризанинг умумий мазмуни шундай: «Мен шу пайтгача бирор бир партияда бўлмаганман. Партиянинг номи «Адолат» бўлганлиги учун, озгина бўлса ҳам ҳақиқат бўлса керак. Нималардир қилиш мумкиндир, деб бир дўстимни илтимосига биноан партия сафига кирган эдим. Лекин бу партияда заррача бўлса ҳам адолат деган нарсанинг ўзи йўқ экан. Ушбу партия ҳам бошқа расмий партиялар сингари юқоридан нима буйруқ келса бажарадиган партия экан. Бундай партияда туришни ўзимга ор деб биламан». Имзо.

Ушбу ариза нусхаси ўзида қолмагани учун, домланинг «Адолат» партиясидан аризаларидан нусха олиш учун қилган ҳаракатлари зое кетди. Беришмади.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares