Ўзбекистон шароитида коррупцияни тўхтатиш йўли

Баҳодир Ҳасан,
“Бирдамлик” ҳаракати етакчиси.

Ғарб дунёсини яхши билган, унда яшаб, ишлаб кўрганлар кундалик кичик муаммоларга учраши табийдир. Мисол учун сиз ўзингизни айбингиз билан машинангизни тезлигини оширдингиз. Сизни полиция ходими тўхтатиб ҳайдовчилик гувоҳномангизни текширади. Сиз тезликни ошириб, йўл ҳаракат қоидасини бузганлигингиз учун жаримага тортиласиз. Шунда бир тасаввур қила оласизми, полиция сизни жаримасиз қўйиб юбориши учун унга пора таклиф қилдингиз. У ҳолда унга пора нима эканлигини ҳам тушунтириб ўтишингизга тўғри келади. Шунда Полиция сизни дарҳол қамоққа олиб, керакли жойга етказади.

Ёки Америкадай хусусий ишлаб чиқариш ва хусусий мулкчиликка асосланган давлатда бирор бир соҳага ишга кириш учун пора беришга ҳаракат қилиб кўринг. Бу ердагилар сизни жиннига чиқаришлари табиий. Чунки, улар сиздан пора олишни хаёлга ҳам келтирмайдилар. Аксинча, сиз ишга жойлашиб, жуда яхши даромад олишни бошлайсиз.

Ўзбекистонда эса сиз пора бермасангиз албатта жаримага тортиласиз. Порасиз иш битмайди. Тўғруқхонами, болалар боғчасими, мактабми, лицей –коллежларми, олий ўқув юртларими, ҳарбий хизматни ўташми, ишга киришми, мансаб пиллапоясидан чиқишми, санитария марказларими, бозордан жой олишми, милицияга ёки хавфсизлик хизматига ишга киришми, прокуратура ёки бошқа қонун устиворлигини яхши билган соҳаларми, тергов жараёнидами, суд давридами, амницияга тушиб озод қилинишгами, ҳаммасига пора тўлашга мажбурсиз. Умуман, бирор бир соҳа йўқки пора олинмаса ёки берилмаса.

Каримов сиёсатининг энг ёмон томони, у бутун бир халқни порахўрликка ўргатди. Бугунги кунда бу иллат чуқур илдиз отган. Ҳар жойда қўлингизга қараб туришади. Пора бермасангиз давлат ходимлари ўз бурчларини унитиб қўйишади. Агар етарлича пора берсангиз, улар барча муаммони бир пастда битириб беришади.

Бутун бир мамлакат коррупция ортидан тубсиз жарликка қуламоқда. Барча пора олаётган инсонлар “Бунга менинг нима дахлим бор! Ахир мендан бошқа барча одамлар шу тариқа тирикчилик қилиб ётибдику!”, деб ўзларини овутиши табийдир. Афсуски. коррупция биз ўзбекистонликларни бутунлай хароб қилади. Бу катта фожеадир.

Коррупцияни Ўзбекистондан бутунлай йўқотиб юбориш керак.

Коррупцияга қарши курашиш учун унинг нима сабабдан пайдо бўлиши ва кенг тарқалиши сабабларини билиб олиш муҳим.

Коррупция ва порахўрлик, бу молиявий эҳтиёжни ноқонуний йўллар билан қондиришдир. Мисол учун, бирор бир инсоннинг молиявий эҳтиёжини қондиришга ҳаракат қилиб кўрайлик. Унга бошида нима керак? Қорнини тўйдириш учун аввало нон ва сув керак. Яхши, уларни олиб бердик. Унга яна қандай бўлса ҳам кийим – кечак керак. У ҳам бўлди. Унга ёмғирдан паналаш учун чайла керак. Чайла ҳам бўлди. Унга бу сафар гўштли овқат керак, яхши кийим – бош, яхши уй-жой, яхши улов, машина керак. Кейин у маҳалланинг эгаси, туман хўжаини, вилоят ҳокими, Республика раҳбари, ер юзининг сарвари бўлишни истайди. Инсон эҳтиёжлари чексиз… Биз унга ҳамма нарсани тортиқ қила олмаймиз, аксинча унга ўз кучи етганича ўз эҳтиёжини қондиришига, белгиланган қонунлар доирасида шароит қилиб беришимиз керак. Кучи етганча ҳалол меҳнат қилсин, бой бўлсин, аммо бошқа инсонларни топган пулига ғирромлик қилмасдан, давлатга, миллионлаб инсонларнинг пешона териси билан йиғилган хазинага кўз олайтирмасин.

Агар биз ўз эҳтиёжини ҳалол меҳнат билан қондира олмаган инсонни давлат хазинаси тўлдирилган сандиқни устига ўтирғизиб қўйсак, у қандай бўлмасин шу хазинадан имкон даражасида ўзлаштириб олишни ўйлайди. Хазинани бир ўзи ўзлаштиролмаслигини билгач, шериклар билан тил бириктирб уни ўзлаштиришга киришади. Давлат хазинаси қонунда белгиланган жойларда ишлатилиши керак. Минг афсуслар бўлсинким хазинага тўла сандиқни улар хар хил сабаблар ёзилган қоғозларга тўлдиришиб, ўзларини ҳеч нарса билмагандай тутишади.

Коррупция ва порахўрлик бизнинг қон -қонимизгача сингиб кетди.

Миллий демократик Партия (МДП) ўз дастурида албатта коррупция-порахўрликни йўқотишга катта эътибор қаратади.

Коррупцияга қарши бир вақтда 4 йўналишда иш олиб бормоқ керак.

Ҳукумат бошқарувига келган МДП ичида темир интизом бўлмоғи, ҳар бир фаол ва мансабдор ўз мулкига эга бўлиши ёки мулкдор бўлиш устида амалий иш олиб бормоғи керак. Токи давлат иши улар учун моддий манба бўлиб қолмасин. МДП ўзининг ҳалол ва ватанпарвар аъзоларини тақдирлаши, мукофотлаб туриши, порахўрликка оид ишларни қаттиқ назорат остига олиб, партия Низомига мувофиқ қонун ва тартиббузарни жазолаб тўриши керак. Мамлакатни бошқараётган команда ҳар қандай коррупциядан холи бўлиши шарт. Бу орқали мамлакатда коррупция 25 фоизга камайиши мумкин.

Мамлакатда иқтисодни ривожланиши ва мулкдорларни ошишига катта йўл очиб берилиши керак. Токи катта- кичик амалдорлар, ички ишлар ходимлари , судлар, прокуратура ходимлари ҳатто, хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳам мулкдорлиги ижобий қабул қилиниши, улар учун қаттиқ тартибли иш соатлари (8 соат) жорий қилиниши, ишдан кейин ва дам олиш кунлари ўз тадбиркорлик ишлари билан шуғулланишларига имкон яратиб берилиши керак. Муклдор бўлмаган инсонларга имконият ва йўллар очилмоғи керак. Фақат қонуний мулкдор амалдорларгина тадбиркор ва мулкдорларни тушуниши мумкин. Чунки, қонун устуворлиги ва янги қонунларнинг ишлаб чиқарилиши ва ижросидан мулкдор амалдорларнинг ўзлари биринчи галда манфаатдор бўладилар. Амалдорлар моддий эҳтиёжларини қондиришда давлат ишига эмас, балким шахсий мулкига ва тадбиркорликка таянишлари лозимдир. Давлат ишлари шахсий бойлик ортириш манбаи бўлиб қолмаслиги керак. Амалдор қанча бойиса ўз тадбиркорлигига ва ишбилармонлигига суяниши лозим. Бу ишларни амалга ошиши коррупцияни яна 25 фоизга камайтиришга хизмат қилади.

Жамоат назорати. Ўзбекистон очиқ жамият бўлмоғи керак. Чегаралар очилиши, кириб-чиқиш визалари олиб ташланиши, матбуот эркинлиги, демократик тамойиллар кенг ёйилиши, ошкоралик , секин- асталик билан ташқи дунё билан иқтисодий алоқаларни кучайиши, буларнинг ҳаммаси коррупциянинг камайишига олиб келади. Агар шунинг билан бирга мактаблар, олий ўқув юртларида, маҳалла ва масжидларда коррупцияни қоралаб, унинг зарари ҳақида доимой суҳбатлар ва мажлислар олиб борилса, бу ҳам ўз самарасини беради. Жамият ҳар қандай коррупцияга қарши ўз фикрини олға суриши, унга қарши курашда ҳиссасини қўшиши, порахўрликни секин -асталик билан инсонлар онгидан ўзоқлаштиради. Келажакда янги авлодда бу ёмон иллат ҳақида тушунча бўлмаслиги керак.

Ҳуқуқ –тартибот органлари. Аввалом бор бу соҳа ходимларининг ҳам қонуний мулкдор бўлишларига катта эътибор бериш керак. Аслида ҳозирги шароитда кўплаб орган ходимларининг яширинча тадбиркорлик ишлари бор. Бу соҳа инсонлари ўз таниш- билишлари орқали давлатга деярли бир сўм ҳам солиқ тўламайдилар. Уларнинг барча молк-мулклари ўзларининг номида эмас, балким қариндошларининг номларига расмийлаштирилган. Яъни улар бошқалар номидан тадбиркорлик қилишади. Бу соҳа хизматчиларининг аввалом бор тадбиркорлик фаолиятларига баҳо берилиб, улар қонунлаштирилиши керак. Улар учун ҳам барча қатори енгил солиқ ставкалари ишлаб чиқилиши ва амалга жорий қилиниши зарур. Орган ходимлари ичида қаттиқ назорат ўрнатилсагина улар коррупцияни назорат қилишлари ва унга қонуний баҳо беришлари мумкин. Бу соҳа ёрдамида 25 фоиз коррупцияни тўхтатиш мумкин.

Ҳозирги ҳукумат ёки мухолифатдаги мавжуд партияларнинг коррупцияга қарши курашиш режаси йўқ. Барибир улар биз кўрсатган йўлни қилмоқчи бўлишсада, буни эплолмасликлари табийдир.

Шу сабабли барча ватанпарвар инсонларни сафимизга чақирамиз. Келажакда биргаликда Миллий Демократик Партия сафида ишласаккина ушбу ёмон иллатлардан осонликча қутила олишимиз мумкин бўлади.

Алоқа учун umdp@ymail.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares