Бирдамлик Ҳаракатининг Ўзбекистондаги Етакчиси Дилором Исҳоқова
Қани менинг дўстларим, қани,
Гўзал чеҳралари қани дўстларнинг?
Нега менинг тушларимга улар эмас,
Ҳа деб дарё кираверади.
Дўстларга сўралган оқ йўллар қани,
Қани кўзлар қайтишса ойдин бўлажак.
Нега менинг тушларимга паёндоз эмас,
Ҳа деб дарё кираверади.
Бор бўлсалар қани, йўқ бўлса қани?
Қани улар кўмилган тупроқ?
Нега менинг тушларимга Ватан эмас
Ҳа деб дарё кираверади.
2004 йил
* * *
Яқинда, балки эртага тонгда
Ҳамма менга бирдек бўлар меҳрибон.
Жигарларим меҳри дарё бўлади
Оқади мен кетган томонга
Ҳамма яхшиларнинг кўнгли тўлади.
Қутулишар битта ёмондан,
Қачондан йиқилиб турган жойимга
Дўстларим эринмай тўшашар сомон,
Мен энди ҳеч қачон ичмас чойимга
Иссиқ-иссиқ келтиришар нон.
Яқинда, балки эртага тонгда
Ҳамма менга бирдан бўлар меҳрибон.
* * *
Қўлингда кўзмунчоқмас
Кишандир, жоним алла,
Берганим оқсут эмас
Қопқора қоним, алла.
Тўрт томонинг катта йўл
Ҳаммаси борса-келмас.
Пешонанг ҳам бунча шўр
Тўлмас Оролинг алла.
Ёлғонни ёлғон десанг
Тайёрдир доринг, алла,
Ёвга бир ўқ отмасдан
Синган қуролинг, алла.
Йўқ ўғилга алла айтдим
“Жинни” деярлар, алла.
Қул эдим, қулни туғган
Қултуғорлар, алла.
1986 йил
Email: birdamlik.uz@gmail.com