УРУШ ЙИЛЛАРИ ХОТИРАСИ

Зохид Зокир

Немислар мусулмонларга нега шафқат қилишганди?

…Уруш пайтида немис фашистлари коммунист ва яҳудийларга қарши кураш олиб боришган. Гитлернинг асоси мақсади ҳам шу бўлган. Ўша пайтда немисларнинг мусулмонларга нисбатан муносабати қандай булган экан?

…1941 йилнинг ёз ойлари эди. Немис фашист газандаларига қарши бутун Совет Иттифоқи халқи курашга отланди. Улар қатори ўзбек ўғлонлари ҳам бор эди. Уруш йилларида уларнинг баъзилари ўлиб кетган, баъзилари эса тирик қайтиб келган.

….Жўрахон ота 1919 йилда Наманганннинг Тўрақўрғон тумани, Жанжал қишлоғида (Ҳозирда Файзиобод) туғилган. У урушга 1942 йилда кетиб, 1989 йилда қайтиб келган. Бунинг сабабини воқеа ичида тушуниб оласиз.

Жўрахон ота билан суҳбатлашганимда ёшим тахминан 14-15 ларда эди. Отахон носвойни отиб, уруш пайтлардаги баъзида ғамгин, баъзида кулгули ҳолатларни гапириб берар эди.

Мана бугун Жўрахон ота билан бўлган суҳбатни хотирлаб ёзишга аҳд қилдим.

* * *

Жўрахон ота уруш пайтидаги воқеаларни шундай хотирлаганди.

-Падарингга лаънат, немисни жони қаттиқ бўлар экан. Немисни Берлингача қуваман деган эдим, асрга тушиб қолганман. Бўлмаса- ку, аллақачан энасини Учқўрғондан кўрсатар эдим.

Мен 1942 йилда урушга кетган эдим. Биринчи бизни Москопка олиб кетишди. Бизга бир ойча ҳарбий тайёргардик ишларини олиб борди. Отиш,сакраш, бомба ва ҳоказо деганларидек.

Кейин урушга олиб кетди. Рядавой Бутусов деган одам бўларди. Жуда қизиқ йигит эди. Бир кун немис отишма пайтида олдимизга гранат ташласа борми. Мен акопдан сакрадиму, тўғри катта каналга тушдим. Ўзим ҳам билмайман. Жон ширинлигидан, сакрай кетдим. Сашка каллаварам ухлаб қолган экан, бечара мажағи чиқиб кетди.

Орадан анча вақт ўтди. 1944 йилининг ноябр ойига ҳам етиб келдик.

Мен билан бирга қозоқ йигити – Талгат ва Озарбайжон йигити – Сиявуш бор эди, Сиявуш ўшанда мендан бир ёш кичик эди. Қизиқчи йигит эди. Эрталабдан кечгача ҳазил қилар эди. Ҳатто агар у аёл кишини кийимини кийиб олса, биз уни танимай: «Яхши қиз, қалайсиз? Танишайлик!»- деб гап отсак, у бизга қараб, ўшқириб “Тўнка, бу мен Сиёвушман, разветкага кетяпман, галварс, танимадингми?» деганида роса қотиб кулганмиз. У бундан ташқари ашулани ҳам роса боплар эди. «Қурбон ўлам»ни қойил қилар эди. Озарбайжонча қўшикларни ўша пайтда ҳамма солдатлар мириқиб эшитар эдик.

Қозоқ ошнам Талгат ҳам жуда калласи ўткир, химияни жуда зўр билар эди. У бир оз мижғов бўлса ҳам, ҳам ҳамма нарсани жойида, сарамжон – саришта қилар эди.

Талгат бир куни озода туши керак акопни, автоматлар топ- тоза туриши кераклигини роса гапирар эди. Шунда бирдан у тозалаб ўтирган автомат пирр деб осмонга отилиб кетди. Уни эсхонаси чиқиб кетди. Яхши ҳеч кимга тегмади.Ҳаммамиз кулиб юборган эдик. Шунда уни жаҳли чиқди. Қозокчасига «эй балдар, босинга солемен, птичкенг чиқиб кетэди» деди.

Лекин командиримиз Сашка Смирнов уни ҳурмат қилар эди, чунки у жойини, автомат қуролларини сарамжон -саришта тутар ва командир уни мактар, русчалаб «вот, он настоящий солдат. Вот таким должен бит» дерди.

Уруш пайтида мен умримда биринчи маротаба немисни кўриб, юзма- юз ўтиришим. Бир немисни асрга олдик, ҳужжатида Мюллер деб ёзилган экан. Биз уни роса сўроқ қилдик, уриб абжағини чиқарворсак ҳам, итваччани жони қаттиқ экан, ғиринг демади. Охири уни қаёққадир олиб кетишди.

Шу орадан тахминан бир ой ўтгач янги йил ҳам кириб келди. Аммо янги йил юракка сиғмади. Кийинчилик, баъзи йигитлар совуқдан қотиб ўлиб қолишди. Кўча қор, совуқ, ҳар қалай қиш фасли қишлигини қилади-да.

Бир кун капитанимиз Сашка Талгат, Сиёвуш ва мени чақириб қолди. Борсак «Юртингиздан посилка келди, бу ердан тахминан 3-4 километр узоқликда бир қишлоқ бор, ўша ерда бир грузин аскари бор, исми Сосо, ўша сизларга бериб юборади, олиб келинглар», деб айтишди. Биз бажонидил рози бўлиб, йўлга тушдик.

Қўлимизда автомат, катта грузовой мошина топиб жўнадик. Тахминан бир ярим километр деганда осмондан Немисни самолёти кўринди. Биз панароққа қоча бошлаганимизда, у ота бошлади. Яхши, ҳеч кимга ўқ тегмади. Шундан сўнг биз яна йўлимизни давом эттириб, анча юрдик. Об-ҳаво кечқурун совуқлашгандан совуқлашиб кетди. Биз иложи борича тез юра кетдик ва охири манзилга етиб келдик.

Худога шукр, айтилган одам ҳам бизни кутиб ўтирган экан. Бизни солдатларимиз ўша қишлоқда экан. Биз Сосо деган аскарни топдик, уни кўриб қотиб қолдик. Унинг бўйи узун, катта одам, қўлиям бамисоли сапковой лапотка эди. Қўл узатиб саломлашганимда, унинг қўли олдида мени қўлим кичкина эди. Зўрға “Зздррасти!» десам, у ўқрайиб қараб, «чоо, гаъваъриш дааарагой. Чоо уставился, Грузина не видел что ли» деди. «Все хорошо друг»,- дедим эсанкираб оғзимни очиб.

Шу пайт бирдан отишма бошланиб кетди. Ичимда «бетинга куйдиргилар чиққур Гитлер, ушлаб олсам онангни кўрсатаман” дедим.

Охири тахминан 4 соат ўтгач немис гумдон лаҳат бўлиб қочиб кетди. Охири отишмадан кейин бизга посилкаларимизни беришди. Биз жўнадик, лекин қайтиб келгунимизча итваччалар акопдаги Сашка, Гена, қисқаси ҳамма оғайниларимизни отишиб, ишларини битириб бўлишган экан. Биз уччаламиз акопга кирганимизда, немислар автоматлар, қурол аслаҳаларни еғиштиришаётган экан.

Бизни курган немис аскари бизга қараб ўқрайиб “Хенди хух» деди. Қўлимизда юкимиз бор эди. Немислар юкларимизни олиб, қуролларимизни олиб, биқинимизга автоматни тираб, юр дегандек.. «Шнель шнель» деди. Биз хўп деганимизча юрдик. Ичимда роса сўкиб, мараз, вақти – соати келсин онангни кўрсатаман” дедим. Онам менга хат жунатган эканлар, «хатни ўқиб олай» деб немис аскарига айтганимда, уни рахми келди шекилли, мактубни берди.

Уларни катталари посилкани ичини очиб мени чақирди. Ва рус тилида «Сен қаердансан?»-деб сўради. «Мен Ўрта Осиёданман, Ўзбекистонданман» дедим. У ғалати қараш қилиб, яна русчалаб «Ўзбекистондан, у қаерда?» деди. Мен ичимда сўкиб, «ўзбекчани тушунмайди-ку, падаринга лаънат. Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Иэ Ит Тошканни биласанми?»-дедим. У русчалаб «Йўқот кўзимдан” деди.

Бизни аввал немис фашистлари яшайдиган масканга олиб кетишиб, бир чекка совуқ хонага олиб киришди. Биз у ерда икки кун турдик. Охири немисларни концлагерига олиб кетишди. У ерда роса бизни қийнашди. Бечора онам менга ўшанда боғимиздаги олма, анор ва бошқа меваларни жўнатган экан. Атиги иккитасини дўстларим билан еган эдик. Ҳар куни сўроққа олиб кетар ва бизларни қийнашар эди.

Ҳар сафар кечаси биз – Талгат, Сиёвуш ва мен юртимизни эслаб ухлаб қолар эдик. Она диёримиз Наманганни эслар эдим. Уйимиз, қишлоғимиз тушимизга кириб чиқар эди.

Эрталаб соат бешдан кечкурун соат ўнгача эшакдек ишлатар эди. Мадоримиз қуриб қолиб, чарчар эдик. Бир ҳаммани кўчага териб, сўрок-савол берар эди. Немисни каттаси ҳамма асирга тушганларга бир савол берар эди. «Коммунист, Партизанен» дерди-да, агар жавоб бермаса отиб ташлар эди.

Охири менга навбат келди. Менга қараб, ўқрайиб, оёғимни босиб: «Коммунист, Партизанен» деди. Мен довдираб, тилим калимга келмай, охири, «Алҳамдулилла, муслим, муслим» деб, кўзимни чирт юмганимча йиғлай кетдим ва калимамни келтира бошладим. Немисни каттаси мени қанақадир хонага, уларнинг энг каттаси – генералига олиб кирди. Генерал менга майин овоз билан «Ассаламу алайкум” деб қолди. Мен ҳайрон бўлиб: “Иэ, сиз ҳам ўзбекмисиз? Иэ волекум ассалом» дедим.

У «ха ха»лаганича рус тилида, «Чай хатите?» деди ва гапини давом эттирди:

“Мы нехатим вас трогать, потому что вы не еврей, не коммунист, по сколку я понел ваша национальность Узбек. Я не знаю Узбеки какие, но я слышал узбеки очень интересный поют очень хорошо. Только вы скажите сколько преблезительно у вас пленных мусульман, где вы сейчас находитесь. Сколько мусульмани находится?» деди.

Мен русчалаб «билмадим, лекин суруштириб, қараб кўраман” дедим.

У менга қараб русчалаб, «Сиз мусулмонларни ҳаммасини териб, мана бу аскарга топширинг!» деди.

Ичимга қандайдир ёруғлик тушди, кўнглим ёришиб, хурсандчилик кирди. Мен ҳамма миллатларни, мусулмон миллатларини, айнан озарбайжон, туркман, қозоқ, қирғиз, татар, уйғур ва ҳамма мусулмонларни йиғдим ва ўша айтилган аскарга топширдим.

Бизни ҳаммамизни вақтинча катта сомонхонага жойлаштиришди. Иссиқ кийим, нон- чой ва озиқ-овқат олиб киришар эди. Немис аскарлари мусулмончасига «Ассалому алайкум!» дейишар, биз уларга жавобан «Ваалайкум ассалом, немис ака» дер эдик.

Талгат ва Сиёвуш мени саволга тута бошлашди. Мен бўлган воқеани гапириб бердим. Дўстларим ичига хурсандчилик сиғмасди. “Ҳей биродарлар. мана бу ўзбек йигитни шарофати билан биз тўлиқ озод бўлмасак ҳам. ҳар қалай эркин юрамиз», деб бақира кетишди. Ҳамма йигитлар, катталар мени қучоқлаб минаддорчилик билдириб, раҳматлар айтишди. Ҳамманинг кўзида ёш. Бу хурсандчилик ёши эди.

Кечқурун бизни олдимизга немис генерали кириб келди. Салом- алик қилиб, биздан олдиндан кечирим сўраб, ҳозирча бу ерда туришимизни ва орадан озгина вақт ўткач бизларни уйларимизга жўнатиб юборишини айтди. Сабаби, унинг айтишига қараганда, агар биз урушдан сўнг уйга қайтсак, Сталин ўлдириб юбориши мумкин экан. Биз ўшанда Сталинни қандай ёмон одам эканини билмаганмиз.

Уруш тугади. Лекин биз Талгат, Сиёвушлар билан Германияда қолдик.

Учаламиз у ердан уйландик, охири 1989 йили уйимизга қайтишга Германия ҳукумати томонидан рухсат берилди.

Шунча йилдан сўнг юртга қайтиш… Авлодларимиз нима бўлди экан? Акаларим, холаларимни болалари нима бўлди экан? Шуларни ўйлаб, охири Германиядаги хотинимдан қолган болаларим — Аҳмад, Маҳмуд ва Рисола билан юртимга келдим.

Сиёвуш ўз юртида қолди Озарбайжонда, Талгат Қозоғистонга қайтди болалари билан. Мен ҳам Наманганга кайтдим.

Сочимга оқ оралаган. Ўша пайтдаги навқирон йигитлик вақтимдаги куч-қувват қолмади. Келганимда қишлоғимиз ўзгариб кетган эди. Аммо боғимиздаги олмани кесиб ташлашган бўлсада унинг илдизидан янги ниҳол ўсиб, катта дарахт бўлиб, мева бераётган эди…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares