Ҳақ берилмайди, олинади

Носир Зокир

Яқинда маршрут таксига чиқдим. Ҳайдовчи билан гаплашиб кетяпман. Наманган кичик шаҳар эмасми, кўпчилик бир – бирини танийди. Айниқса, бизга ўхшаган кишиларни.

Ҳайдовчи кутилмаганда «Дадахон Ҳасанов қаердалар, Америкага кетибдилар-а?» деди.

Мен Дадахон акам Ўзбекистонда эканликларини, мухлисларни тўй – ҳашамларида хизмат килиб юрганларини айтдим. Ҳайдовчи «Ҳа, у одам ҳам ғирт сотқин одам, мен унга ишонмайман» деди.

Кутилмаганда, бу гапдан ҳайрон бўлиб сўрадим: «Нега билиб – билмай шундай улуғ инсон ҳақида бундай фикр билдиряпсиз?».

Ҳайдовчи: «Э ака, Дадахон ака шунча иш қилади-ю, Ўзбекистонда юрадими?» деди.

Ҳайдовчини кейинги гапи бундан-да кутилмаган бўлди: «Мен сизга ҳам ишонмайман» деди у.

Мен ҳайдовчига айтадиган гапимни айтдим. «Ҳайдовчи ука, сиз Дадахон Ҳасанов қилган ишларни мингдан бирини қилганмисиз? Лоақал у инсон тазйиқларга учраганда, уни ҳеч бўлмаса сўзда ҳимоя қилганмисиз? Сизни фикрларингиз ҳақиқий қўрқоқлик. Айнан сизга ўхшаганлар мавжудлиги туфайли ўзбек халқи шаънига ҳар хил анекдотлар тўқиб чиқиляпти» …

Бир куни уйимга ёши 60лардан ўтган диндор киши келди. Фарзандлари қамалган экан. Фотиҳа қилибок,: «Носиржон, уйингизни иш килиб пойлаб туришмаганмикин?»-деди.

-«Ҳой отахон, – дедим, биринчидан, агар сиз жиноят қилмаган бўлсангиз, нимадан қўрқасиз? 20 йиллик фаолиятим давомида, ҳаттоки «Озодлик» радиосида ишлаб юрган пайтимда ҳам кимдир мен билан учрашгани учун қамаб ёки сўроқ килинганини эшитмадим, ҳам кўрмадим. Ахир сизлар эмасми халқни фақат Оллоҳдангина қўрқишга даъват қилувчи»-дедим.

Албатта, бундай фикрлар одамларда қўрқув ҳиссини юқорилигидан келиб чиқади. Лекин нима бўлганда ҳам одамлар ишлаяпти, Ўзбекистонда қандайдир ўзгаришлар қилиш учун ишлашяпди.

Шуни унутмайлик, ҳатто совет иттифоқи империяси даврида ҳам Сахаровга ўхшаган инсонлар фаолият юритган. Исломни байроқ қилиб олиб намойишга чиққани учун ўнлаб кишиларни ўлимига сабаб бўлган Эрон давлати режими даврида ҳам бу мамлакатдан ҳаттоки Нобель мукофоти лаурияти чиқди. Ҳукумат қанчалик беркитишга ҳаракат қилмасин Эрондаги воқеаларни бутун дунё кўриб турибди. Комунистик давлат бўлган Хитой ҳам тобора очиқ жамиятга айланиб бормоқда. Бундан буёғига ривожланишни орқага сурмоқчи бўлган, воқеаларни яширмоқчи бўлган мамлакатлар дунёдан узилиб шарманда бўлаверадилар. Бундан буёғига тараққиётни узоқ вақт тўхтатиб бўлмайди.

Ўзбекистонда ҳам ишласа бўлади. Фақат тушкунликка тушмаслик керак. Қонун доирасида ишлайвериш керак. Тўғри, ҳозир халққа фикрларимизни етказишимиз учун бизга матбуотда ўрин йўқ. Лекин каерда ўз -ўзидан эркинлик берилибди. Беҳбудий айтганлар «Ҳақ берилмайди, олинади».

Омон бўлинглар.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares