Бу ҳақда ўйлаб кўрсак ёмон бўлмасди

Носир Зокир

Бир одам Ўзбекистон телевидениесида амалдорни сўзини эшитиб ўтириб бирданига хотинига дебди: «Хотин, столдаги нарсаларни еғиштир». Хотини « нега?» деса, ҳалиги одам
«Столни муштлашим керак», дебди. Агар Ўзбекистон телевидениесида Қирғизистондаги воқеалар кўрсатилганда ҳалиги одам столни муштлармиди йўқми билмадиму, лекин кўрсатилмадида. Эҳтимол, ўша одамга ўхшаган одамлар столни муштламасин деб, Қирғизистон воқеалари кўрсатилмагандир.

Хуллас, Ўзбекистонликлар Қирғизистон воқеаларини Россия телеканалларии орқали томоша қилишди. Хабари йўқлар эса Қирғизистонда уриш бўлибди, тупаланг бўпти, деган хулосага келишди.

Қирғизистон воқеалари кўп соҳада бизга огоҳлик сигнали бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шулардан бири – Россия омили. Владимир Путин куни кеча чиқиш қилиб Қурманбек Бакиевни АҚШ ҳарбийларини мамлакатдан чиқариб юбораман деб, ваъда бериб, ваъдасини устидан чиқмаганлигини, Акаевни нима ишларда айблаган бўлса, ўша ишларни унинг ўзи такрорлаганини айтиб ўтди.

К.Бакиев аввал Россияни, кейин АҚШни шу ишларга алоқаси борлигида айблади. Акаев эса АҚшни айблади. Ўзи «коммунистик» руҳдаги кишиларда «Агар халққа демократик ҳуқуқ берилса, юртда тўполон бўлади» деган фикр мавжуд. Аслида эса бундай воқеалар халқни эркинлиги бўғилган юртлардагина рўй бериши мумкин.

К.Бакиевни тахтдан кетишидан, аслида, АҚШ эмас, кўпроқ Россия манфаатдор эди. Чунки, Марказий Осиёда АҚШга қараганда Россиянинг таъсири кучли эди. Менинг фикримча, В.Путин Бакиевга ва бошқа МДХ Давлатлари ҳукуматларига «Кўрдиларингми, бизни йўлдан юрмасанг ҳаммангни бошинга Бакиев куни тушади» деган сигнал берди. Агар бундай бўлмаганда эди, Россия тиш – тирноғи билан Бакиевни ҳимоя қиларди ва бу Россияни қўлидан келарди. Ахир, ўзи истамаган раҳбар Грузия тепасига келгач Россия нима ишларни килиб юбормади. Ёки бўлмаса Украинада ҳокимият тепасига ўриспараст Яникович келгунча украинани газ ва бошқа муаммолар гирдобига улоқтирган Россия эмасмиди?
Яна бир гап – Қирғизистоннинг янги муваққат ҳукумати вакиллари ҳокимиятни қўлга олибоқ Москвага нега маслаҳат учун боргании. Нега қўшни давлатларга эмас? Нега АҚШга эмас? Демак, ҳали ҳам МДҲ давлатлари Россия билан муҳим соҳаларда маслаҳатлашишга мажбур бўлмоқдалар.

Болтиқ бўйи мамлакатлари билан МДҲ мамлакатларининг фарқи менимча шунда.

Яқинда Россиянинг «История» телеканали 1991 йилги СССРни тугатилиши тўғрисида ҳужжатли фильмни намойиш этди. Бу канал аслида Россия канали эмас, АҚШга тегишли канал бўлиб, кўрсатувлар рус тилига таржима қилиб эфирга узатилади. Ўша кунлардаги ҳужжатлар шундан далолат беряптики Ельцин раҳбарлигидаги ҳукумат эндигина мустақилликка эришган мамлакатларни қўлдан чиқариб юбормаслик учун роса ҳаракат қилган экан.

Ўзига тўғри келмаган раҳбарни ҳокимиятдан олиб ташлаш, уни ўрнига ўзига маъқул келганини олиб қўйиш ҳали ҳам Россия қўлида экан. Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари халқлари дўппини бошдан олиб, бир ўйлаб кўришса ёмон бўлмас эди.

Ҳақиқий мустақилликка эришмоқчи бўлган давлат албатта Россия билан ҳам алоқаларини узмаслиги керак, лекин асосан ривожланган демократик давлатлар билан алоқаларини мустаҳкамлаши зарур бўлади.

Қирғизистон воқеалари ўз халқини назар писанд қилмайдиган золимларга ҳам ўрнак бўлиб хизмат қилиши керак. Ўз халқи устидан зулм ўтказиш, уни хоҳишига қарши боришни оқибатлари худди Қирғизистондагидек воқеаларга сабабчи бўлиши мумкин. Уйлаб кўринг катта- кичик золимлар ва золимчалар.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares