Архив
13 май куни Андижондаги қонли воқеалар бўлиб ўтганига икки йил тўлади. Ўша пайтлар қирғинда ҳалок бўлганлар хотираси учун мамлакатда мотам эълон қилмаганлиги Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини менсимаслиги ва одам ўрнида кўрмаслигини яққол намоён этди. Халқимиз қони оққан қўчалар қондан ювиб-тозаланаётган пайтда, телевизор ва радиодан қувноқ қўшиқ-яллалар жаранглаб турди. Бу ҳам етмагандек, тўй-томошалар бор авжи билан давом этди.
Афсуски, мазкур қирғинни амалга оширган Ўзбекистон ҳукумати халқаро миқёсда ҳам етарли даражада лаънатланмади, унга нисбатан амалий чоралар қўлланилмади, кўрилган чоралар эса самарасиз қолди. Атрофимиздаги йирик давлатлар Каримов режимини ўз ҳимоясига олиб, бунинг эвазига халқимизга тегишли табиий бойликларга кўз тика бошлади. Боз устига, дунёдаги айрим кўзга кўринган демократик давлатлар қўли қонга буланган режим билан ўзларининг қисқа муддатли манфаатлари йўлида ҳамкорлик қилишни маъқул кўрди.
Хўш, булар нимани билдиради? Ташқаридан биров келиб, эркимиз ва ҳуқуқларимизни олиб беради, деган хомхаёлни йиғиштириб, ҳукуматга қарши ўзимиз курашишимиз кераклигини англатади!
“Бирдамлик” ҳаракати, қандай эзгу мақсадлар йўлида бўлишидан қатъи назар – қон тўкиш эвазига эмас, балки тинч йўллар билан ҳуқуқ ва эркинликларга эришиш тарафдоридир. Бунга нозўравон ҳаракатларни амалга ошириш орқали эришиш мумкин, булардан бири оммавий равишда ҳукуматга бўйсунмасликдир. Ҳукумат томонидан оммавий равишда қон тўкилишига олиб келган қирғинга қарши тинч йўл билан норозилик билдириш сизнинг қўлингиздан келади!
“Бирдамлик” ҳаракати Ўзбекистон фуқароларини 13 май куни эрталабдан кечқурунгача уйдан ташқарига чиқмасдан, тинч йўл билан норозилик кўрсатишга даъват қилади! Шу куни кўчаларимиз бўм-бўш қолсин, ҳеч қандай иш билан ташқарига чиқманг, уйингизда қолиб, уй ишлари билан шуғулланинг, полиз экинларига қаранг, мол-қўй, паррандаларингизни боқинг, бузилган ашёларни таъмирланг, уйдагилар билан гаплашиб ўтиринг, ҳеч бўлмаса, диванда ағанаб ётиб, телевизор кўринг. Буни эплай оласиз! Бундай ҳаракатларимиз келгусидаги катта ҳаракатлар учун замин яратади.
Минглаб кунимизни диктатура зулми остида ўтказаяпмиз, шундай экан бир кунимизни манфур режимга қарши энг оддий кураш йўлига бағишлашдан қочмайлик! Бир кун давомида уйдан чиқмаслик ҳаракатини барча қариндош-уруғларингизга, ёру-дўстларингизга, таниш-нотаниш барчага етказинг! 13 май куни кўчалар бўшаб қолишига эришайлик!
“Бирдамлик” томонидан бундан аввал ўтказишга ҳаракат қилинган митинг кўринишидаги норозилик акциялар амалга ошмаслиги учун ҳукумат тиш-тирноғи билан қарши чоралар кўрди. Ўз эрки ва ҳуқуқларини талаб қилиб чиқиб, бу йўлда ҳалок бўлган ватандошларимиз руҳи ҳаққи-ҳурмати, 13 май куни энг оддий норозилик ҳаракатига қўшилинг ва бошқаларни ҳам даъват қилинг!
Келинг, оммавий бўйсунмаслик куни деб эълон қилинган 13 майни “Озодлик куни” деб атайлик!
“Бирдамлик” ҳаракати.
26.04.2007 й.
http://www.birdamlik.info/?p=131