Носир Зокир
Биз бир гуруҳ Ўзбекистонлик мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари 2008 йил охирида АҚШда 25 кунлик сафарда бўлганимизда, Атланта шаҳри яқинида жойлашган насронийларнинг черковида бўлдик. Роҳиб бизга черков тарихи ва насроний диндорларнинг АҚШ сиёсатида тутган ўрни ҳақида сўзлаб бергач, каминангиз роҳибга «Сизларда дин тўғрисида қонун борми?» деган савол билан мурожаат қилди. Шунда роҳиб ҳайрон бўлиб, «Биласизми, дин ва матбуот тўғрисидаги қонунлар фақатгина коммунистик ёки авторитар давлатларда бўлади ва ўша мамлакат амалдорлари бу икки соҳани таъқиқлаш учунгина қонун чиқаришади. Чунки, бундай мамлакатларда парламент ҳам амалдорлар назоратида бўлади. Дин ва матбуот ҳақида конституцияда эркинлик гарантияланган»
деб жавоб берди.
Мана, 19 йилдирки Ўзбекистонда конун устуворлиги таъминлангани йўқ. Энг ачинарлиси, қонунларни асосан бу соҳага мутассадди бўлган шахслар ва сиёсий амалдорларни ўзлари бузишади.
Ўтган йили Наманганлаги бир банкга бир юмуш билан бордим. Банк ҳовлисида мевали дарахтлар шундай гуллабдики, кўриб одамни кўзи қамашади. Даров телефонимга ушбу манзарани ёзиб олдим.
Орадан 1 дақиқа ўтиб- ўтмай, навбатчи олдимга келиб, мендан бесўроқ телефонимни олиб қўймоқчи бўлди. Мен навбатчига нима гап эканлигини тушунтириб беришини талаб қилдим. Навбатчи бу ерда бирор нарса ёзиб олиш мумкин эмаслигини, бу ерда давлат пули сақланишини айтди. Мен нимани ёзиб олганлигимни навбатчига кўрсатиб, уни кўзин одида ёзиб олган табиат манзарасини телефонимдан ўчириб ташладим.
Барибир бўлмади. Мени банк раҳбарини олдига худди жиноятчидек қўлимдан тутиб олиб борди. Хуллас, охири банк раҳбаридан узр сўраб, қутилдим.
Бўлмаса мени керакли жойга олиб бориб, 2-3 кун оввора қилишарди.
Мен Ўзбекистон конституциясидаги ҳуқуқларимни тушунтиришим зое кетди.
Яна бир мисол. Ҳокимиятлар Қомус ва қонунлар бўйича корхоналар, ташкилотлар ишчи хизматчиларини қўшимча ишларга уларни хоҳишига зид равишда мажбур қилишга ҳаққи йўқ. Ҳозирги кунда Наманган шаҳридаги мактабларга ўқитувчиларни комуналчилар билан бирга аҳолидан пул йиғишга боришга мажбур қилинмоқда.
Тасаввур қилинг, агар ўқитувчилар бу юмушдан бош тортсалар юқоридаги амалдорлар уларга худди халқ душманидек қарашади. Чунки, бизда афсуски юқоридан келган буйруқлар ҳозирча қонунлардан устунлик қилмоқда.
Юқоридаги ҳолатда агар ҳокимият мактаб ходимларига уларга аҳолидан пул йиғишга улар бўш пайтларида ёрдам беришларини илтимос қилганда ҳам бу қонунга зид келмас эди. Оддий фуқаро қонунни бузса жазосини унинг ўзи тортади.
Агар қонунни амалдор, мансабдор шахс бузса, бу жиноят бутун жамиятга таъсир қилади.
Ҳозир Ўзбекистон О.А.Вларида одам савдосига қарши кўрсатувлар, суд жараёнлари кўрсатилмоқда, мақолалар ёзилмоқда.
Бу сиёсат кўпчиликда яхши таасуротлар қодирмоқда. Лекин, Фарғона вилоятиининг Боғдод туманилик Муҳаммаджонни айтишича, бир шахс одам савдоси билан шуғулланган. Фуқаролар бу ҳақда ҳуқуқ- тартибот органларига мурожаат қилганлар. Лекин, одам савдоси билан шуғулланган кимсани қариндоши юқори лавозимдаги шахс бўлганлиги учун бу иш курилмай қолиб кетган. Бу ҳақда кейинги мақолларимизда батафсил тўхталамиз. Лекин юқоридаги ҳолат бу коррупция ҳолатининг ўзгинасидир.
Коррупция одатда қонунлар мансабдор шахслар томонидан бузилганда урчиб кетади.
Маълумки демократик жамиятни асосий омилларидан бири бу сиёсий партиялар ва албатта ҳукумат сиёсатини қўлловчи партиялар билан бирга ҳукумат сиёсатига мухолиф бўлган партияларнинг тенг ҳуқуққа эга бўлишлигидур.
Конституцияда бу борадаги фуқароларнинг эркинликлари кафолатланган.
Мухолифатдаги сиёсий партияни рўйхатдан ўтиб парламентда иштирок этганини кўрмадик.
Яқинда бўлиб ўтган сайловларда баъзи партияларни бир-бирини танқид қилганини мухолиф партиялар деб кўрсатмоқчи бўлишса чет-элларда бизни устимиздан кулишлари аниқ. Хуллас, асосий Қомус ва қонунлар демократик тарзда ёзилгани билан амалда бажарилмаса, ҳеч қачон Ўзбекистон ҳам сиёсий ҳам иқтисодий томондан олдинга силжимайди.