Россия Президенти Дмитрий Медведев Қирғизистон фуқаролар уруши хавфи остида эканини айтиб, жаноб Бакиевни зудлик билан истеъфо беришга чақирди.
Айни дамда Америка Қўшма Штатлари Қирғизистоннинг муваққат ҳукуматига ўз дастагини изҳор қилган.
Президент Қурманбек Бакиев пойтахтни ташлаб қочишидан бир ҳафта ўтиб Бишкекка келган АҚШ Давлат Котиби Муовини Роберт Блейк янги маъмурият қўяётган қадамлар борасида кўтаринки руҳда эканини айтган.
Қирғиз муваққат ҳукуматининг раҳбари Роза Отунбаева жаноб Бакиевни 7 апрель ғалаёнларида тўкилган қон учун маҳкамага тортилишини исташини билдирди.
Фуқаролар уруши хавфи
АҚШнинг нуфузли Брукингс Институтида чиқиш қилган жаноб Медведевдан Қирғизистондаги вазият ҳақида кўп савол сўралган.
Россия президентига кўра, Қирғизистоннинг шимол ва жанубга бўлиниб кетиш хавфи реалдир, ва «қон тўкилишининг олдини олиш жуда муҳим».
Жаноб Медведевга кўра, Қирғизистон фуқаролар уруши бўсағасида турибди.
«Бундай можаролар даврида радикал кучлар учун энг қулай шароитлар туғилади, (агар бу юз берса) Қирғизистон кейинги Афғонистонга айланиши мумкин,» – деб айтди президент.
Ҳукуматдан четлатилган Президент Бакиев ҳақида гапирганда Россия раҳбари ўз киноясини яшириб ўтирмади.
Манасдаги Америка ҳарбий базаси ҳозирлиги ҳақида сўралганда, жаноб Медведев Бакиевни «изчил одам» деб атади.
«У аввало изчил қарор қабул қилгани ва Америка базасини ёпишга киришганини айтди, сўнг эса ўша халқаро юк ташиш халқаро марказини сақлаб қолиш ҳақида изчил қарор қабул қилди,» – деди Медведев.
«Изчиллик сиёсатчининг бебаҳо жиҳати ҳисобланади: у қанчалар изчил бўлса, ишининг натижаси ҳам шунча яхши бўлади. Мана сизга натижаси,» – деди жаноб Медведев кесатиқ билан.
Ҳам Россия, ҳам АҚШ Қирғизистонда ҳарбий базаларига эга ва бу базалар Марказий Осиёдаги икки йирик қудратнинг рақобати рамзи сифатида кўрилади.
Америкаликлар бошқарадиган Манас базаси АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим транспорт нуқтасидир.
Президент Бакиев АҚШ ва Россия ўртасида мувозанатни сақлашга уринди: аввало Россиядан икки миллиард доллар кўмак ва қарз ваъдасини олгач, Москвага Америка базасини ёпишни ваъда қилди, бироқ Америка база ижараси учун кўпроқ пул таклиф қилганда, у Москвага берган ваъдасидан кечди.
Россия Қирғизистонда Бакиев жанобларининг қулашига олиб келган ғалаёнларда роли йўқлиги айтиш билан бир вақтда, янги муваққат ҳукуматни тан олишда имиллаб ўтирмади.
Янги раҳбар Роза Отунбаева ҳали базалар борасида қандай йўл тутиши аниқ эмас. У молиявий кўмакни муҳокама қилиш учун Москвага элчиларини юборган, ва айни дамда Манас базаси ёпилмаслиги ҳақида гапириб Вашингтоннинг кўнглини тинчитиб қўйган.
Жалолободдаги намойишлар
Пойтахт Бишкекда вазият тинч, аммо Президент Бакиев турган жойга яқин Жалолобод шаҳрида яна намойишлар бўлиб ўтган.
Бир неча юзлаб этник ўзбеклар томонидан Бакиевга қарши уюштирилган намойишларни Бакиев тарафдорлари эгаллаб олишган.
Маҳаллий ўзбеклар раҳбарларидан бири Қодиржон Ботировдан микрофонни тортиб олган аёллар Бакиевни қўллаб-қувватловчи шиорларни айтиб қичқиришган.
Намойишчилар бунга қаршилик кўрсатишмаган ва жаноб Ботиров бошчилигида намойишни маҳаллий университетга кўчиришган.
Мухбиримизга кўра, Бакиевга дастак ёки унга қаршилик этник жиҳатларга қараб бўлинмаган.
Бакиев аҳволи
Қирғизистон бўйлаб 6-8 апрель ғалаёнларини ўрганиш бўйича тузилган мустақил комиссия аъзоси, инсон ҳуқуқлари фаоли Азиза Абдирасулова Жалолобод вилоятининг Тейит қишлоғида Қурманбек Бакиев билан учрашган.
Абдирасулова хонимнинг Би-би-сига айтишича, Бакиев жаноблари мамлакатдаги фожеанинг «кўлам»ини тушуниб етган.
«У бу ишлар тўғри бўлмаганини бўйнига олаяпти. У Роза Отунбаева билан учрашиб, муваққат ҳукуматга қонунийлик беришга ҳаракат қилаяпти,» – деди фаол.
Азиза Абдирасуловага кўра, президент Бакиев тушкунликка тушган ва жуда чарчагандек намоён бўлган.
Президент яна бир бор ўзи ва оиласи хавфсизлиги кафолатланган тақдирда истеъфога чиқишга рози бўлишини қайтарган.
BBCuzbek.com