Ҳайит Ғафур
Умр аталмиш йўлда юраверибман, юраверибман. Нигоҳим эса ҳали- ҳануз олисларга қадалган.
Гоҳида йўл устида бир зум тўхтайманда ортга назар ташлайман. Хотираларим варақларидан ёшлик кунларимда муҳрланган суратлар бирма- бир ўта бошлайди.
Ўтмиш кунларимнинг кўпларини ўзимнинг қисматли кунларим десам, гоҳида ўтган кунларимдаги хушнудли онларимда кўрганим: Онам ва синглим сиймолари, уларнинг меҳр тўла нигоҳлари акс этган суратларини хаёлан кўриб, оз бўлсада таскин топгандай бўламан.
Вақт эса тўхтамагани сингари мени чекланган умрим ҳам ўзининг сўнги марраси томон илдамлаб бораверади.
Гоҳида бу тақдир мени у ердан олиб, бу ерга ташлайди. Мен эса, ҳаёт аталмиш бу кўчанинг машаққатли, паст- баланд йўлларида ризқим сочилган экан, шуни териб юрибманда, деб ўзимга таскин бераманда, яна йўлимда давом этавераман.
Юравераман- юравераман, гоҳида ортга назар ташлаганимда умрим йўлларида кўплаб хатоликларни қилганимни эслайвераман. Аммо бу хатолардан келиб чиқадиган оқибатларини билмаганманда. Билганимда бу хатоликларни қилмаган бўлар эдимку . Қани энди уларни тузатиб бўлса дейман.
Қилган хатоларим эса ўз ажрими- яъни жазоларини бошимга ёғдираверади. Шунда ўйланиб қоламан.
Қачон бу жазолардан қутуламан.
Жавобим эса тайёр.
Қачоники адашмасам дейман ўзимга ўзим.
Яна ўйланиб қоламан, умримнинг ҳар они хатоликлардан иборат эмасдику, аммо нега ҳар куним дарбадарликда.
Яна жавобини ўзимга ўзим айтаман.
Фикр ўйимдаги ва дилимдаги исённи тилимга чиқармаганимда, дейман.
Инсоф қилиб айтингчи, ҳақ гапни айтиш хатоликга кирадими?
Бу исёнми?
Ҳақ гапни мен айтмасам, сиз айтмасангиз ким айтади буни?
Аслида эса мени руҳим уйғоқлиги учун ҳам жим тура олмадимда.
Руҳимдаги исёним сабаб зулмни кўриб ювош тортмадим. Кулфатни кўрганимда кўнглим рўшноликни истади. Ғафлатда қолганимда ёвларим босди, шунданда доимо ақлан уйғоқ бўлиш кераклигини англадим. Умрим бўйи ҳеч мудрамабман.
Ота- боболаримиз айтганлари:
“Биласанми савсан ҳам сарв тақдирин,
Оғизларда достон бўлганлик сирин.
Бириси юз тил билан жим турар,
Бириси юз қўлдан узатмас бирин”.
деган доно фалсафага амал қилмадим.
Бунинг сабаби мен ҳаётнинг давомий ва абадий фалсафасини англамадим. Кўриб турсамда уни инкор этдим.
Бу фалсафа эса жуда содда ва яққол кўриб турганимиз турфа ғоялар, турфа тузумлар, турфа жамиятлар ва манфаатлар бор экан, ўзаро кураш ҳам давом этаверишидир.
Бир фаранги файласуф айтганидай: ” Ғояни доҳийлар яратади, мутасаддилар уни амалга оширади, аблаҳлар эса ундан фойдаланади”.
Адашганлар эса шу ақида доирасида яшаб ўтаверадилар, дейман мен.
Шуларни ўйлар эканман, энди хатоликларни қилмайман, дейман ўзимга-ўзим. Ва умрим манзилидаги сўнгидаги- ҳаётим “нуқта”си томон боравераман.
Яна хатолик қилмадимми, дея хаёлан бир нафас ортга қарайман. Ортда эса энди хатоларимдан ҳам кўпроқ совурилган кунлар, ойю йиллар хаёлимдан бирма- бир ўтаверади. Шунда ўз – ўзидан кўнглим маъюс тортади ва бу умримни тугатиб бўлибманку, дейман ўзимга – ўзим.
Ёшлик йилларимда ҳаётим олдидаги истиқболли онлар қаршисига иккиланмасдан йўл олардим. Энди билсам бу нарсалар ҳаммаси мавҳум экан. Мен бу мавҳумликдан узоқ бўлишни қанчалик истамайин, энди у менга пешвоз келяпти. Ҳаётим интихосидаги сўнги “нуқта” нинг узоқ – узоқларда бўлишини истасамда, ихтиёр менинг ҳукмимда эмаслигини англайман.
Манба:“Мувозанат”