Баҳодир Чориев: ‘Мен йўлимдан қайтмадим, қайтиш ниятим ҳа’м йўқ!

Жаноб Чориев 2004 йилдан буён Қўшма Штатларда сиёсий муҳожир сифатида яшайди
Жаноб Чориев 2004 йилдан буён Қўшма Штатларда сиёсий муҳожир сифатида яшайди

Ўзбекистонда норасмий “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чорев bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.
“Бирдамлик” ҳаракати олти йил муқаддам Ўзбекистонда ташкил этилган.
Ҳаракат ўзининг асосий мақсади “Ўзбекистонда “эркинлик, адолат, бирдамлик тамойилларига асосланган, муносиб турмуш ва ҳар бир кишининг эркин, ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилишини таъминлайдиган сиёсат юритувчи ижтимоий демократик давлат тузишда кўмаклашиш” эканини таъкидлаб келади.

 

Баҳодир Чориев
1969 йил 31-октябр – Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Арабон қишлоғида туғилди
1986 йил – ўрта мактабни тугатиб, Россиянинг Томск Политехника Институти Электрофизика факултетининг кечки бўлимига ўқишга кирди
1986-1990 йиллар – Томскдаги “Контур” заводида электрон аппаратлар бўйича радиопайвандчилик қилди
1987-1989 йиллар – Совет Армияси сафида хизмат қилди
1990 йил – ўқишини Томскдан Тошкент Техника Университетига кўчирди
1994-1995 йиллар – ўқишни тугатиб, Ўзбекистон Молия вазирлигида иқтисодчи бўлиб ишлади
1996-1999 йиллар – тадбиркорлик билан шуғулланди; кичик корхонага эгалик қилди
1999 йил – оиласи билан Ўзбекистон Фонд биржасидан Шаҳрисабз туманидаги “Кеш” ҳиссадорлик жамиятининг 60.55 % қимматли қоғозини сотиб олди
2000-2001 йиллар – “Кеш” ҳиссадорлик жамиятига раислик қилди
2001 йил 2 январида – Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан ҳибсга олинди
2002 йил – Қамаши туман маҳкамаси томонидан 6 йилга озодликдан маҳрум этилди ва амнистия қўлланиб, озодликка чиқарилди
2003 -2004 йиллар – ўз ҳуқуқларининг бузилишига қарши президент ва ҳукуматга қарши ўнлаб пикет ва намоишлар ўтказди
2004 йил апрелида – “Бирдамлик” ҳаракатини тузди
2004 йил ёзида – оиласи билан Ўзбекистонни тарк этди
2005 йил – Қўшма Штатларда сиёсий бошпана олди
2009 йил октябр – декабри – Ўзбекистонга қайтиб, сиёсий фаолиятини давом эттиришга муваффақиятсиз уринишлар қилди
Ҳаракат аъзоларига кўра, ташкилот ҳозирги кунда “АҚШ, Норвегия, Шветсия давлатларида расмий рўйхатдан ўтган бўлиб, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Украина ва Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоқ Автоном республикасида ўз фаолиятини олиб бормоқда”.
Баҳодир Чориев ўтган йил октябрида “ўз ихтиёри билан” Ўзбекистонга қайтди ва сиёсий фаолиятини давом эттиришга уриниб кўрди.
”Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Ўзбекистонга қайтишини ҳаракат аъзоларининг “оғир кунларида, улар билан ёнма-ён туриб курашмоқни лозим топдим,” – дея изоҳлаганди.
“Ўзбекистонда одамлар жуда тушкун кайфиятда, айниқса мухолифат фаоллари. Мен уларни руҳан, озми-кўпми қўллаб қувватламоқчиман”, деб айтганди Баҳодир Чориев Би-би-си билан суҳбатда.
Ўзбекистонда тазйиқ остига олиниш эҳтимоллари ҳақида гапирар экан жаноб Чориев, ватан учун хизмат қилиш ва бу учун ҳатто қамалиш шараф эканлигини илова қилганди.
Бироқ кўп ўтмай “Бирдамлик” раҳбари яна Қўшма Штатларда пайдо бўлди.
Баҳодир Чориев Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни мамлакатдан мажбуран чиқариб юборишганларини айтди.
Ҳозирда жаноб Чориев бошчилик қилаётган “Бирдамлик” ҳаракати мухолифат кучларини Ўзбекистон ҳукуматига қарши “нозўравон кураш”га чақириб келади.


Ўзбек ўғлони: Биз ўзбекистонлик муҳожирлармиз, яқинда БМТ мақоми билан АҚШга жўнаймиз. Бизларга АҚШга борганда нималарга эътибор қаратишимизни маслаҳат берасиз? Агар ўқисак, қайси мутахассисликни олайлик?

 

Баҳодир Чориев: Аввалам бор, уларнинг АҚШга келишидан жудаям хурсандман. АҚШ – инсон ҳуқуқлари, инсон эркинликлари чекланмаган давлат. Улар қайси соҳага қизиқишса, ўша соҳага ўқишга кириб ёки ўша соҳада ишларини давом эттирганлари маъқул. Бизнинг асосий ишимиз сиёсат бўлганлиги учун кўпроқ сиёий фаолликка урғу берамиз. Келажакда, бизга қўшилиб ҳаракат қилишса, жуда ҳам хурсанд бўлар эдик.
Бўрон Алихўжаев, Тошкент: Салом Баҳодир, сиз мана Ўзбекистонда бўлдингиз ва ҳаёт қандай эканини ўз кўзингиз билан кўрдингиз… Сизнингча, расмийлар айтганидек, Ўзбекистонга қанчалик ташқи ва ички хавф бор деб ўйлайсиз? Сиз ҳозирда диний сабаблар билан қамалганларни, ростдан ҳам, Ўзбекистонга хавф солади, деб ўйлайсизми?


Баҳодир Чориев: Мен шундай бир хулосага эгаманки, агар [Президент] Каримов Ўзбекистонда [давлат раҳбари сифатида] узоқ вақт турадиган бўлса, албатта, келажакда диний қамалганлар катта хавф солади. Чунки, бунинг сабаби, асосан, Каримовнинг олиб бораётган нотўғри сиёсати ва у бошқараётган ҳукуматдандир. У қанчалар ҳокимият бошида турар экан бу – халққа, эркин фикрловчи инсонларга ҳеч қанақанги бир яхшилик олиб келмайди. Алалоқибат, бу ҳукумат, қачон бўлса ҳам, якун топади деган умиддаман.
Фотиҳ: Ўзбекистонга бориб-келиб, “нимага эришдим?”, ёки “нима орттирдим?” деган саволларни ўзингизга бергансиздир, албатта. Жавоб қандай бўлди?


Баҳодир Чориев: Мен аввало Ўзбекистонга бориб, сафдошларим билан учрашишга ҳаракат қилдим. Лекин, кўнглим тўлмади. Сабаби, куч ишлатар тизимлар бу нарсага йўл беришмади. Аммо, шундай бўлса ҳам, мен ҳаракат қилдим, ва келажакда, яна ҳам ҳаракатимни давом эттираман. Фақат, натижа чиқариш учун боришга ҳаракат қиламан бундан кейин. Бу сафар фақат қурултой ўтказишни мўлжаллаган эдик. Қурултой ўтказа олмаган бўлсак ҳам, лекин ҳаракат қилиб келдик.
Бек, Ўзбекистон: Баҳодир бу қилган ишингиз билан мухолифат раҳбарларига дарс бердим, деб ўйлайсизми?


Баҳодир Чориев: Мен мухолифат раҳбарларига дарс бериш ниятим йўқ. Унақа деб ўйламайман. Лекин улар ҳам, нима дейди, Ўзбекистонга боришга ҳаракат қилсалар, Ўзбекистон ичкарисидаги мухолифат билан ишлашга ҳаракат қилсалар, яхши бўлади деган умиддаман.
Санжар Аблаев, Тошкент: Жаноб Чориев, нима учун Умида Ниёзова Қирғизистондан ўз компьютеридаги файллар билан ушланиб қамаладию, сиз эса ўзингиздаги фотоаппарат ва компьютерингиз билан муаммосиз Ўзбекистонга бордингиз ва эсон-омон қайтдингиз?


Баҳодир Чориев: Биласизми, Ўзбекистонга бориб келишим, авваламбор, менинг шахсиятимга боғлиқ. Иккинчи масала, Ўзбекистон ичкарисидаги бизнинг фаолларимиз ва бундан ташқари мени қўллаб-қувватлайдиган кўп қариндошларимга боғлиқ. Учинчидан, бу ёғдаги – Америкадаги ва ташқаридаги анчагина одамларимиз бизни қўллаб-қувватлайдилар. Бу ерда фаоллигимиз анчагина ошган. Ҳар қандай ҳолатдаям, мени қамайдиган тақдирдаям, қаерда бўлишимдан қатъи назар – қамоқхонадами ёки бошқа жойдами – лекин, албатта муаммо чиқаришга ҳаракат қилинарди. Муаммо бу билан тугаб қолмасди. Ўзбекистон ичкарисидаям, ташқарисидаям анчагина шов-шувли ҳаракатлар бўлар эди. Бу билан ҳукумат оғримаган бошини яна оғритиб оларди. Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда, бемалол Ўзбекистонга бориб, фаолият юритишга ҳаракат қилдим.
Зулфиқор Саидов, Тошкент: Сендан 15 ёш катта эканман шунинг учун кулгили бўлар сени сизлаб гапирсам. Мен бир нарсага тушунмайман: нега Юсуф Жума Президентга ва ҳукуматга қарши пикет қилса қамаладию, сен эса йўқ? Нима учун Тошкентдаги Чилонзор районида бир йигит президент истеъфосини талаб қилувчи ёзув билан кезгани учун жиннихонага ётқизиладию сен эса йўқ? Нима учун бир неча танишларим Бельгия, Германия ва Франция фуқаролигига эга бўлатуриб, Ўзбекистонга виза ололмайдилару, сен, мухолифатчи бўлатуриб, бемалол Ўзбекистонга бешикаст бориб келасан?

 

Баҳодир Чориев: Энди очиғини айтсам, “бешикаст” дейишингиз жуда ҳам ноўрин. Агар, шахсан менинг тарихим билан яхши таниш бўлсалар… 2004 йиллари менга қилинган суйиқасд, оиламизга қилинган кучли зўравонликлар… Очиғини ҳозир айтишга мажбур бўлаяпман, Ўзбекистонга борганимда ҳам, мени тинч қўйишгани йўқ. Бир марта суйиқасд қилинди. Бизнинг машинага тўсатдан қарама-қарши томондан келаётган машина уришга ҳаракат қилди. Афсуски, машинамизнинг бир томонини ямлаб, машина қочиб кетди. Иккинчи масала. Мен у ерда озгина тишимни даволашга ҳаракат қилгандим, лекин бир-неча кундан кейин, жуда ҳам ҳолсизланиб, юрагимни ушлаб қолдим. Сабаби, мен ҳеч қачон бунақанги ҳолатга тушмаганман. Лекин, бу куч ишлатар тизимларининг амали бўлса керак. Врач ҳузурига охирги боранимда у мендан кўп нарсани сўрашга ҳаракат қилди. Ҳар-хил саволларни беришга ҳаракат қилди. Мен ўйлайманки, ўша ерда озми-кўпми юракни ишдан чиқарадиган ёки тўхтатадиган дори қўшилган бўлиши мумкин. Чунки, юрагим санчиб, шунақанги ёмон ҳолатга тушиб қолдим. Бор дори-дармонлар билан ўзимни оёққа турғизишга ҳаракат қилдим ва бунга эришдим ҳам.
Бахтиёр Панжиев, Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманидан: 1. Баҳодир ака,
“Бирдамлик” таянч устунлари – сизнинг ўринбосарингиз Швециядаги таниқли мухолифат фаоли Аваз Фаёзов ва Европа бўлими раҳбари, Ҳолландиядаги сиёсатшунос ва шоир Баҳодир Узоқовларнинг бир вақтнинг ўзида, яқинда эса Франциядаги истеъдодли ижодкор Тўрабек Санонинг ҳаракатни тарк этишини қандай изоҳлайсиз?


Баҳодир Чориев: Авазбек Фаёзов ҳаракатдан чиққан вақтда унинг оиласи Ўзбекистонда эди. Унга оиласи орқали кучли таъсир кўрсатилган бўлиши мумкин. Аваз Фаёзовнинг сиёсий фаоллиги жуда ҳам баланд эди охирги пайтларда. Аммо Баҳодир Узоқовнинг чиқиб кетишига тушунмадим. Балки унинг ҳам Ўзбекистондаги яқинларига тазйиқ ўтказишгандир. Лекин, мен бунга ишонмайман. Очиғини айтишим керак, бу ерда мухолифат ҳукумат билан биргаликда дўстларимизни бизга анча қарама-қарши қилиб қўйишга ҳаракат қилиб келаяпти. Ичимиздаги дўстларимизни гиж-гижлаб, бизга қарши қўйишга ҳаракат қилаяпти. Афсуски, улар йўлдан озишди. Лекин, нимаям қилардик? Фаолиятимизни давом эттираверамиз уларсиз ҳам. Тўрабек Сано масаласида… Тўрабек Сано Ўзбекистондан Қирғизистонга келди. Қирғизистонда бизнинг сафимизга қўшилди. Биз имкон даражасида унга ёрдам беришга, уни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдик. Францияга келгандан кейин йигит биз билан алоқани буткул узди. Сабабини биз охирига қадар била олмадик. Кейинчалик, мен Ўзбекистондалигимда, шунақанги билдиришнома чиқардики, гўёки мен моддий ёрдамларни қайтаришни сўраган эканман. Лекин, бундай эмас. Мени унга ёзган охирги хатларим, унинг менга ёзган жавоблари турибди. Ўзи ҳеч қанақанги моддий… пулни қайтариб олиш ёки бошқа бир моддий бойликларни қайтариб олиш тўғрисида гап-сўз бўлгани йўқ. Ваҳоланки, бу пул ҳаракат аъзоларининг пули ҳисобланса ҳам. Фақат, у Францияга келганидан кейин, биз ундан сиёсий фаолликни бўшаштирмасликни қаттиқроқ талаб қилдик. Балки мана шу унга оғирлик қилгандир. Балки баъзи бир мухолифатдаги инсонларнинг ёлғон ёки ҳавойи гапларига учиб, ёшлик қилиб мана шу йўлга киргандир. Лекин биз вазиятнинг тузалишига, албатта, ишонамиз.
Бахтиёр Панжиев, Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманидан: 2. Сиз озгина маблағ ёрдам қилган одам бўлиб, эвазига катта хизматлар талаб этишингиз тўғрисида интернетда кўп ёзилмоқда. Бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?


Баҳодир Чориев: Тўғри, биз қўлимиздан келганича ёрдам қилаяпмиз. Фақат, ўша инсонларни сиёсий фаолликка чақираяпмиз. Уларнинг хизмати шахсан менга, менинг бойлик орттиришимга ҳеч қанақасига қаратилмаган. Ҳамма хизматларимиз инсонларнинг сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган. Биз уларни режимга қарши курашишга чорлаб келаяпмиз. Шу мақсадда биз ёрдам қилаяпмиз, ёрдам қилганмиз ва бундан кейин ҳам ёрдам қиламиз. Биз нафақат биз ёрдам берган одамларни, балки бошқаларни ҳам сиёсий фаолликка чақириб қоламиз.
Комрон, Япония: Ҳозирги давлат рухсат берган партия ва ҳаракатларга қандай ғоя ва таклифларни бера оласиз?


Баҳодир Чориев: Биласизми, Каримов, умуман олганда, дунёвий мухолифатни, ҳақиқий мухолифатни узоқ масофада сақлаб туриб, ўзининг янги, чўнтак партияларини ишга солиб, бошқариладиган демократияни ишга солиб, имкон қадар ўзининг ҳокимиятини давом эттиришга, мана шу бошқарувини давом эттиришга ҳаракат қилаяпти. Лекин, унинг режалари барбод бўлади. Менинг уларга берадиган ҳеч қанақанги таклифим йўқ. Чунки, авваламбор, улар биз берган таклифни қабул қилишмайди. Қабул қилган тақдирда ҳам, бу демократик мухолифатга тегишли таклиф эди демасдан, балки ўзимиз ишлаб чиққан ғоя, деб эълон қилишади. Улар билан боғланиш ёки уларга қандайдир таклиф билан чиқиш самарасиз деб ўйлайман.
Саид: Жаноб Чориев, “Бирдамлик” ҳаракати бошлиғи сифатида қандай босқичларни режалаштираяпсиз ва бу режалар ҳақиқатга қанчалик яқин?


Баҳодир Чориев: Биз шу вақтгача имкон қадар ҳаракат қилиб келдик Ўзбекистонда фаолликни оширишга. Лекин, афсуски, куч ишлатар тизимлар бизга йўл бермаяпти. Лекин, шу билан биз тўхтаб қолмаймиз. Ўзбекистонда ҳозирча кучли фаолият қилиш имкони йўқ экан биз унинг атрофида – Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда фаолликни оширишга ҳаракат қиламиз.
Ўзтурк, Финландия: Сиз Ўзбекистонда тинч йўл билан демократик давлат қуриш мумкинлигига ишонасизми?
Баҳодир Чориев: Ҳа, ишонаман. Мен йўлимдан қайтмадим ва қайтиш ниятим ҳам йўқ. Фақат, тинч йўл билан Каримов режимини тугатиш мумкин. Шу билан бирга, яхшигина тактик, стратегик курашларни олиб боришимиз керак. Ўшандагина бу нозўравон кураш, тинч кураш иш беради.

www.BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares