
Ўзбекистонда норасмий «Бирдамлик» ҳаракати раҳбари Баҳодир Чорев bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб беради.
Ҳозирда Қўшма Штатларда муҳожирликда яшаётган Баҳодир Чориевга саволларингизни саҳифамизнинг ўнг томонидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон манзилимизга йўлланг
Баҳодир Чориев
1969 йил 31-октябр – Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Арабон қишлоғида туғилди
1986 йил – ўрта мактабни тугатиб, Россиянинг Томск Политехника Институти Электрофизика факултетининг кечки бўлимига ўқишга кирди
1986-1990 йиллар – Томскдаги «Контур» заводида электрон аппаратлар бўйича радиопайвандчилик қилди
1987-1989 йиллар – Совет Армияси сафида хизмат қилди
1990 йил – ўқишини Томскдан Тошкент Техника Университетига кўчирди
1994-1995 йиллар – ўқишни тугатиб, Ўзбекистон Молия вазирлигида иқтисодчи бўлиб ишлади
1996-1999 йиллар – тадбиркорлик билан шуғулланди; кичик корхонага эгалик қилди
1999 йил – оиласи билан Ўзбекистон Фонд биржасидан Шаҳрисабз туманидаги «Кеш» ҳиссадорлик жамиятининг 60.55 % қимматли қоғозини сотиб олди
2000-2001 йиллар – «Кеш» ҳиссадорлик жамиятига раислик қилди
2001 йил 2 январида – Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан ҳибсга олинди
2002 йил – Қамаши туман маҳкамаси томонидан 6 йилга озодликдан маҳрум этилди ва амнистия қўлланиб, озодликка чиқарилди
2003 -2004 йиллар – ўз ҳуқуқларининг бузилишига қарши президент ва ҳукуматга қарши ўнлаб пикет ва намоишлар ўтказди
2004 йил апрелида – «Бирдамлик» ҳаракатини тузди
2004 йил ёзида – оиласи билан Ўзбекистонни тарк этди
2005 йил – Қўшма Штатларда сиёсий бошпана олди
2009 йил октябр – декабри – Ўзбекистонга қайтиб, сиёсий фаолиятини давом эттиришга муваффақиятсиз уринишлар қилди
“Бирдамлик” ҳаракати олти йил муқаддам Ўзбекистонда ташкил этилган.
Ҳаракат ўзининг асосий мақсади «Ўзбекистонда «эркинлик, адолат, бирдамлик тамойилларига асосланган, муносиб турмуш ва ҳар бир кишининг эркин, ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилишини таъминлайдиган сиёсат юритувчи ижтимоий демократик давлат тузишда кўмаклашиш» эканини таъкидлаб келади.
Ҳаракат аъзоларига кўра, ташкилот ҳозирги кунда «АҚШ, Норвегия, Шветсия давлатларида расмий рўйхатдан ўтган бўлиб, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Украина ва Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоқ Автоном республикасида ўз фаолиятини олиб бормоқда».
Баҳодир Чориев ўтган йил октябрида «ўз ихтиёри билан» Ўзбекистонга қайтди ва сиёсий фаолиятини давом эттиришга уриниб кўрди.
”Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Ўзбекистонга қайтишини ҳаракат аъзоларининг «оғир кунларида, улар билан ёнма-ён туриб курашмоқни лозим топдим,» – дея изоҳлаганди.
«Ўзбекистонда одамлар жуда тушкун кайфиятда, айниқса мухолифат фаоллари. Мен уларни руҳан, озми-кўпми қўллаб қувватламоқчиман», деб айтганди Баҳодир Чориев Би-би-си билан суҳбатда.
Ўзбекистонда тазйиқ остига олиниш эҳтимоллари ҳақида гапирар экан жаноб Чориев, ватан учун хизмат қилиш ва бу учун ҳатто қамалиш шараф эканлигини илова қилганди.
Бироқ кўп ўтмай «Бирдамлик» раҳбари яна Қўшма Штатларда пайдо бўлди.
Баҳодир Чориев Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни мамлакатдан мажбуран чиқариб юборишганларини айтди.
Ҳозирда жаноб Чориев бошчилик қилаётган «Бирдамлик» ҳаракати мухолифат кучларини Ўзбекистон ҳукуматига қарши «нозўравон кураш»га чақириб келади
Би-би-си меҳмони саволларингизга ҳам интернет ва ҳам радио орқали жавоб беради.
Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги «Дараклар» дастурида тинглай оласиз.
Саволларини радио учун ўз овозлари билан беришни истаган тингловчиларимиздан ўзларининг телефон рақамларини ҳам ёзиб юборишни сўраймиз.
Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?
Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.
Manba: BBCuzbek.com