…фақат эркин одамлар, ўз ҳуқуқ ва эркинликларига эга…
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти Абдужалил Бойматов билан суҳбат.
-Ўтган йилнинг декабр ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган Парламент ва
маҳаллий Кенгашларга сайловлар халқаро ташкилотлар томонидан демократик
эмас деб топилди. Бу биринчи марта эмас. Ислом Каримов иқтидорга
келгандан буён ўтказган барча сайловлар шундай баҳоланган ва уларда
иштирок этган партиялар сохта, қўғирчоқ партиялар деб номланади.
Шулардан келиб чиқсак, Ўзбекистонда ҳақиқий сайловлар бўлиши ва уларда
ҳақиқий демократик партияларнинг қатнашиши учун яна қанча кутиш керак?
Абдужалил Бойматов: – 2009 йилнинг 27 декабрида
Ўзбекистон парламентига, вилоят ва туман Кенгашларига сайловлар бўлиб
ўтди. Уларда Ислом Каримов тузган тўртта қўғирчоқ партия иштирок этди.
Афсуски, “Бирлик” ҳаракати партияси, “Эрк” демократик партияси, “Озод
деҳқонлар” партияси, “Бирдамлик” халқ ҳаракати бу сайловларда қатнаша
олмади. Ислом Каримов режими бу мухолиф партияларнинг ва ҳаракатнинг
легал фаолият олиб боришига йўл қўймаяпти.
Дастлабки сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон Либерал демократик
партияси энг кўп овоз олиши, иккинчи ўрин – “Миллий Тикланиш”
партиясига, учинчи ўринда Халқ Демократик партияси (ХДП ), тўртинчида –
“Адолат” социал демократик партияси овоз олиши кутилмоқда.
Биз бу партиялар ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз. Ўз номи билан улар
қўғирчоқ партиялардир. Улар ҳатто гапириб вақт сарфлашга ҳам арзимайди.
Бизнинг асосий мақсадимиз келажакда сохта сайловлар ўрнида эркин ва
демократик сайловлар ўтказиш учун нима қилиш кераклиги тўғрисида фикр
юритиш.
Ҳаммамизга маълумки, Ислом Каримов Ўзбекистон Коммунистик
партиясининг биринчи секретари сифатида мамлакатни бошқара бошлаган. У
бутун ҳаёти давомида комунистик ғояларга эътиқод қўйиб шу ғояларни
Ўзбекистон шароитида тадбиқ қилиш билан шуғулланган. Воқеаларнинг
ривожланиши шуни кўрсатдики, Ислом Каримов Ўзбекистон мустақил
бўлганидан кейин шошилинч равишда, тезлик билан коммунистик партияни
таъқиқлади ва уни ўрнига ХДПни тузишга киришди. Ҳар қандай сиёсий
савияси юқори одамга маълумки, ғояни таъқиқлаш мумкин эмас. Бу ғоя
келажакда мана шундай ишлар қилинса, бу халқни иқтисодий, сиёсий
томондан аҳволини яхшилайди, деб фаолият кўрсатади. Шу сабабли дунёнинг
кўп давлатларида, жумладан Россияда, Тожикистонда ва бошқа пост совет
мамлакатларда комунистик партия таъқиқланмади.
Ғояни таъқиқлаш, бу – сиёсий савияси ўта паст одамнинг қиладиган
ишидир. Афсуски, Ўзбекистонни бошқариб келаётган Ислом Каримов
Ўзбекистонда президент бўлганидан кейин бирданига иқтисод фанлари
номзодидан академик унвони олишга эришди. Ҳаттоки, қизи Гулнора
Каримова ҳам жуда тезлик билан политология фанлари доктори унвони
олишга муваффақ бўлди. Ислом Каримов фақат коммунистик партияни
таъқиқлаш ва ХДПни тузиш билангина чекланиб қолмади, яна учта қўғирчоқ
партия ташкил қилишга ҳам эришди. Бу партияларнинг номлари бир -биридан
чиройли, маъноли. Ғарб давлатларидаги шу номдаги партияларнинг
фаолиятини кўриб, бу партиялар ҳам ғарб мамлакатларидаги партиялардек
сиёсат юритса, Ўзбекистон келажакда ҳақиқатдан ҳам Каримов айтганидек
буюк давлат бўлади деб ўйлайсиз.
Масалан, Ўзбекистон Либерал Демократик Партиясининг номидан ҳам
кўриниб утрибдики, бу партия жамиятни либераллаштириш, асосий
эркинликлар учун курашадиган партия. Асосий эркинликлар деганда биз
фуқароларнинг эркин намойишлар ўтказиши, ўзаро уюшиб ҳар хил
ташкилотлар тузиш эркинлиги, уларнинг мамлакат ичида ва мамлакат
ташқарисида эркин ҳаракатланиши, дунёнинг исталган жойида эркин яшаш
жойи танлаш ҳуқуқига эга эканлиги, бирор динга эркин эътиқод қилиш
эркинлиги, ўзини эркин ифодалаш, яъни бошқача айтганда сўз эркинлигини
тушунамиз. Лекин шуниси ҳайратланарли ва ачинарлики, Ислом Каримов
яратган бу тўртта қўғирчоқ партиялар, Юсуф Жума, Мамадали Маҳмудов,
Мурод Жўраев, журналистлардан, Жамшид Каримов, Солижон Абдураҳмонов,
инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан Норбой Холжигитов, Алишер Кароматов,
Ҳабибулло Оқпўлатов, Аъзам Фармонов ва бошқа жуда кўплаб Ўзбекистон
ҳукумати сиёсатига танқидий муносабатда бўлган , ижтимоий -сиёсий актив
фуқароларнинг сохта айблар билан минг хил турли қийноқларга солиниб,
қамоққа олинганлигини кўрмайди. Каримов даврида намойишлар ўтказишга
милиция томонидан, миллий хавфсизлик томонидан намойишлар ўтказиш
эркинлигини йўққа чиқарилганини кўрмайди. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон
конституциясини оёқости қилиб, ўн йил ўрнига 20 йилдан ошиқ вақт
давомида президент бўлиб келаётганини ҳам кўрмайди. Бу қўғирчоқ
партиялар Ўзбекистонда коррупциянинг жамиятнинг ҳамма жабҳаларини
қамраб олганлигини, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий
ривожланишини йўққа чиқараётганини кўрмайди. Камида уч миллион
Ўзбекистон фуқароларининг қашшоқлик туфайли бошқа мамлакатларда меҳнат
муҳожири бўлиб ишлаётгани, уларнинг Россия, Қозоғистонда ҳуқуқлари
бузилаётгани ва ҳаттоки ўлдириб юборилаётганини бу қўғирчоқ партиялар
кўрмайди. Ҳаттоки, 2007 йилда бошланган болалар меҳнати туфайли
Ўзбекистон пахтасига дунё бўйича бойкот эълон қилинганини ҳам кўрмайди.
Яна шуниси ажабланарлиси, бу кампанияга мухолифатдаги “Эрк”, “Бирлик”
партиялари ва “Бирдамлик” ҳаракати ҳам қўшилмади.
Ислом Каримовнинг комунистик партия аъзоси ва раҳбари бўлганлиги,
қолган тўртта қўғирчоқ партияларни яратганлиги шуни кўрсатадики, унинг
учун бу ғояларнинг жамиятга келтирадиган фойдаси Ўзбекистоннинг
ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ривожланишига қўшадиган ҳиссаси муҳим эмас,
бу партиялар Каримовнинг ҳокимиятда қолиши учун, унинг оиласи ва
атрофидагиларнинг бойиши учун хизмат қилаяпти. Яна шуниси ачинарлики,
ўзбек жамияти Каримов ва унинг атрофидаги айрим шахсларнинг ноғаросига
ўйнаяпти.
Ҳақиқатдан ўзбек жамияти 70 йил давомида коммунистик партия
ғояларини мажбуран ва ихтиёрий қабул қилди. Компартияга кириш учун
айрим Ўзбекистон фуқаролари пора беришдан ҳам, таниш-билишчиликдан
фойдаланишдан ҳам тап тортишмади. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин
шахсий бойлик орттириш учун, халқни талаш учун кўплаб Ўзбекистон
фуқаролари ҳар қандай ғоя ортидаги партияларга аъзо бўлиб киришаяпти.
Афсус надоматлар бўлсинки, бу тўрт қўғирчоқ партияларнинг ҳеч қайсисида
демократия йўқ. Уларни Ўзбекистон фуқароларига эркинлик бериш, зулмдан
халос қилиш қизиқтирмайди.
-Аҳвол шундай экан, Ўзбекистонда ҳақиқий демократик партиялар пайдо бўлиши учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
А.Б.: -Демократия бу, халқнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг
ҳокимият органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, давлатни бошқариш
ҳуқуқи борлигини билдиради. Бошқача қўпол қилиб айтганда, фақатгина,
Ислом Каримов эмас, бошқа Ўзбекистон фуқароларининг ҳам мамлакатни
бошқариш, яъни президент бўлиш ҳуқуқи бор. Ҳар бир ўзбек фуқароси
Парламент депутати бўлиши мумкин, ёки туман ва вилоят ҳокимликларини
бошқариши мумкин.
Асосий муаммо шундаки, фақат эркин одамлар, ўз ҳуқуқ ва
эркинликларига эга инсонларгина давлатни бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.
Яъни, эркин жамият қуриш демократик жамият қуришдан сал олдинроқ амалга
ошади. Аслида, бу икки жараённинг бориши бир – бирига узвий боғлиқ
ҳолда кечади. Қаерда эркинлик кўп бўлса, ўша ерда фуқароларнинг
давлатни бошқаришда қатнашиш имконияти кўп бўлади.
Айрим мамлакатларда эркинлик демократиядан кўпроқ бўлиши мумкин.
Масалан, Иордания бунга мисол бўлиши мумкин. Покистонда эса демократия
олдинда бўлганига қарамай эркинликлар кам. Шулардан келиб чиқсак,
биринчи навбатда Ўзбекистон фуқаролари намойишлар ўтказиш эркинлигига
эришиши керак. Намойиш ўтказиш эркинлигига эришишга ишсиз ёки қашшоқ
бўлиб қолган фуқароларнинг ҳам қурби етади.
Иккинчиси – ташкилотлар тузиш эркинлиги. Бунинг учун юқори билим, ташкилотчилик қобилияти ва маблағ талаб қилинади.
Учинчиси – эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи. Бунинг учун фуқародан маблағ ва билим талаб қилинади.
Тўртичниси – сўз эркинлиги. ОАВ эркинлигига эришиш учун маълумотли журналистлар, маблағ ва ташаббускорлик керак бўлади
Бешинчиси – эътиқод эркинлиги.
Демак, Ўзбекистон фуқаролари биринчи бўлиб намойишлар эркинлигини
қўлга киритиши керак. Шу эркинлик орқали қолган барча эркинларга эришиш
мумкин. Ўз ғояси асосида эркин, демократик партиялар тузиши мумкин. Бу
партиялар албатта ҳокимият учун курашишади. Бу ғояларни амалга ошириш
учун юқори малакали мутахассислар талаб қилинади.
-Демак, бизда ҳали – бери демократик партиялар пайдо бўлмас экан-да?
А.Б.: -Ўзбекистонда демократик партиялар пайдо бўлиши учун ҳамма
имкониятлар бор. Лекин бу имкониятларни Ислом Каримов режими йўққа
чиқараяпти. Албатта бунда сохта партияларнинг, яъни қўғирчоқ
партияларнинг ва мухолиф партиялари лидерларининг ҳам айби бор.
Бундан ташқари Ўзбекистон фуқароларида эркинлик тушунчаси ва
эркинлик учун кураш малакаси тўла шаклланмаган. Кўпинча эркинлик
деганда иқтидордаги собиқ коммунистлар ва ҳозирги исломчилар
гомосексуализм, фоҳишабозлик, гиёҳвандликни тушунади. Бошқача айтганда
собиқ коммунистлар ва исломчилар ўзбек фуқароларига юқорида биз
таъкидлаб ўтган беш асосий эркинликларни бермаслик учун фуқароларни
чалғитиб, демократик эркинликларни фақат гомосексуализм, фоҳишабозлик
ва гиёҳвандлик деб одамлар онгига сингдиришга ҳаракат қилишади.
Ўзбекистон фуқароларида эркинлик ва демократия тўғрисида тўғри фикр шакллантириш учун ҳали кўп тер тўкишга тўғри келади.
Суҳбатдош: Юсуф Расул.
www.yangidinyo.com