Ўзбек миллий адабиётининг забардаст вакили, Ватан ва Халқнинг фидоий ёзувчиси Одил Ёқубов 83 ёшида оламдан ўтди. Одатта бирор-бир шоир ё ёзувчи вафот этганда “Ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради” дейилади. Аммо ҳозир ҳақиқатдан ҳам ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради. Буни буюк ёзувчини билган ва унинг асарларини ўқиган ҳар бир инсон юрак-юракдан ҳис этиб турибди. На чора, ўлим ҳақ.
Одил Ёқубов 1926-йил Қозоғистоннинг Чимкент вилоятидаги Қарноқ қишлоғида хизматчи оиласида туғилган. Ижодий фаолиятини 1951-йилда бошлаган. Деярли 60 йиллик ижоди давомида у ўзбек халқининг ўтмиши, бугунги ҳаёти, миллатнинг асл фарзандлари ҳақида кўплаб роман ва қиссалар, ҳикоя ва мақолалар битди. Бу асарлар ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олди. Айниқса, унинг “Улуғбек хазинаси” романи жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналаридан бирига айланди. Ўз вақтида Чингиз Айтматов каби ёзувчилар бу асарга юксак баҳо берган эдилар.
Ёзувчининг деярли барча асарлари туркий ва бошқа миллат тилларига таржима қилинган. Унинг драмалари кўплаб театр саҳналарида қўйилган ва қўйилмоқда. Одил Ёқубов изидан борган ёзувчилар бугунги кунда ўзбек адабиётининг ётук вакиллари бўлиб туришибди.
Одил Ёқубовнинг ижоди тарозининг бир палласи бўлса, унинг ижтимоий фаолияти тарозининг иккинчи палласидир. У собиқ шўролар даврида халқ ва Ватан ҳақидаги оташин нутқлари, долзарб мақолалари билан миллатни уйғотишга муносиб ҳисса қўшган эди. У Москвадаги Кремл саройи минбарида туриб баралла Ўзбекистондаги энг муҳим муаммолар, айниқса, хотин-қизларнинг аянчли аҳволи ҳақида қўрқмай, мардонавор сўзлаган эди. Ёзувчинин миллатпарастлигини яққол ифода этувчи воқеа бу – “Бирлик” ва “Эрк” партияларининг у раислик қилган Ёзувчилар уюшмасида қарор топгани эди. Деярли ҳар куни юқори ташкилотлардан, шаҳсан Ислом Каримов томонидан қўнғироқлар қилиниб “Бу ташкилотларнинг Ёзувчилар уюшмасидан қувиб чиқаринг” деган тазйиқлар бўлишига қарамай, Одил Ёқубов уларга бўйнсунмади, иймонига собит қолди.
Одил Ёқубов ана шундай инсон эди. У ўзбек халқи қалбида абадий яшайди. Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин.
“Бирдамлик” ҳаракати