“БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ҲАРАКАТИНИНГ ДЕМОКРАТИК МУХОЛИФАТГА МУРОЖААТИГА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раҳбариятининг ЖАВОБИ

Муҳтарам ватандошлар!

Ўзбек мухолифат кучларини мамлакатимизда шаклланган зулмкор авторитар тузумга қарши биргаликда ҳаракат қилишга чақирувингиз таҳсинга сазовор ва биз бу чақирувни қўллаб-қувватлаймиз.
Айни пайтда шуни ҳам айтишимиз лозим-ки, бундай ташаббуслар илгарироқ бошқа ташкилотлар томонидан ҳам илгари сурилган. Чуқур афсус билан таъкидлаш мумкин-ки, бу ташаббуслар бирёқлама ва нохолис руҳда бўлганлигини вақт кўрсатди. Масалан, шундай “ташаббус” қилаётган “Бирлик” партияси раҳбарияти БАРЧА МУХОЛИФ КУЧЛАРНИ фақат мазкур партияга БИРЛАШИШ (қўшилиб кетиш)ни таклиф қилган ҳолда бошқа ташкилотларни менсимаслик, уларнинг раҳбарлари ва фаолларини ҳақорат қилиш сиёсатини олиб бормоқда. Худди шундай нохолис ва ножиддий “ташаббус” “Эзгулик” ҳуқуқбонлик жамияти раҳбарияти томонидан ҳам эълон қилинди.
Табиий, бундай “ташаббус”ларни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раҳбарияти қабул қила олмайди. “Бирдамлик” халқ ҳаракати раҳбариятининг бу борадаги нияти пок эканлигига ишончимиз комил.
Масаланинг иккинчи томони шунда-ки, “Бирлик” партияси раҳбари даъват қилаётган “битта партия (“Бирлик”)да бирлашиш” бизнинг тасаввуримизга сиғмайди, чунки бир мамлакат миқёсида барча сиёсий ва носиёсий ташкилотларнинг битта партияга бирлашиши дунё амалиётида ё кўринмайди, ёки бўлса-да ғоятда кам ҳолдир. Шу сабабли мазкур масалада фақат битта платформада туриб, битта мақсад йўлида ҲАМКОРЛИК қилиш гап бўлиши мумкин, холос.
Масаланинг учинчи асосий жиҳати бундай ҳамкорликни ТАШКИЛ этиш, яъни олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан барча ташкилотлар раҳбарлари йиғилишини ташкил этиш, маълум бир келишув ишлаб чиқиш ва ҳамкорлик ПРОГРАММАСИНИ қабул қилиш лозим.
Масаланинг энг асосий нуқталаридан бири “Эрк” ва “Бирлик” партияларининг “бошини қовуштириш” масаласи деб ҳисоблаймиз. Бу партиялар раисларини ўзаро ҳамкорликка даъват этишга ҳар қандай уриниш мағлубиятга учрайди. Бу – аксиома. Фикримизча, бу масала ечилмагунча, ўзбек мухолифати фаолиятини бир маҳражга келтириш барбод бўла беради.
Ўзбекистонда декабрь ойида ўтадиган парламент сайловларига кўпи билан уч ярим ой вақт қолди ва, табиий, бу фурсатда сиёсий партияларни давлат рўйхатидан ўтказиб бўлмайди. Ўзбекистондаги реаллик шундай. Реал имконият эса, ўзбек мухолифати ҳамкорликда сиёсий партия ва ҳаракатлар ҳамда ҳуқуқбонлик ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш йўлида умумий, биргаликда КАМПАНИЯ бошлаши керак, деб ўйлаймиз. Бу масалани ТИНИМСИЗ ва энг юқори халқаро ташкилотларига мурожаатлар қилган ҳолда олиб бориш керак.
Бизнинг назаримизда ўзбек мухолифати ҳозирги кунда ўз олдига ИККИ асосий масалани қўйиши керак: (1) сиёсий ва ҳуқуқбонлик ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш; (2) барча сиёсий маҳбусларни озод эттиришга эришиш. Бу – мухолифат олдидаги ПРОГЛАММА-МИНИМУМ бўлиши лозим.

Ҳурмат ила

Абдужалил Бойматов
ЎИҲЖ президенти

Толиб Ёқубов
ЎИҲЖ вице-президенти

12 октябрь 2009 й.
Ирландия – Франция

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares