“Бирдамлик” матбуот маркази хабар қилади
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида: «Ҳар ким билим олиш хуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир» деб белгилаб қўйилган.
Дарҳақиқат, маҳаллий ҳокимият раҳбарлари томонидан мактаблар давлат назоратида эканлиги исботланмоқда. Фақат бу исбот мактаб болаларини ёппасига пахта теримига олиб чиқиш билан ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2009 йил 3 октябрдан 10 октябрга қадар мактаб ўқувчилари пахта теримига умумий сафарбар этилди.
Тонг саҳар соат 7:00дан то кеч соат 19:00га қадар, яъни 12соат давомида 8-9 синф ўқувчилари пахта далаларида кун бўйи жавлон уришмоқда. Ҳаётнинг аччиқ қисматларига ёшликдан кўникиб бориш ҳолатларини ўз бошларидан кечиришмоқда.
Шаҳар болалари-ку пахта теримига автобусларда олиб борилмоқда. Туманлардаги болаларнинг аҳволлари эса бутунлай оғир. Манбааларнинг хабарларига кўра қишлоқлардаги 5-синф болалари ҳам пахтага жалб қилинган.
Вилоят раҳбарлари томонидан пахта теришга белгиланган муддат қисқа бўлишига қарамай, болалар бу муддат ўтганидан кейин ҳам пахта далаларини тарк этмаслиги аниқ. Чунки пахта мавсуми тугамагунга қадар ўқувчилар пахта теримидан озод қилиниши амри маҳол.
Ҳақли савол туғилади:
«Умид ниҳоллари – 2009 йил» спорт анжуманида март, апрель ва май ойларида дарсларини қолдирган болалар энди пахта теришга мажбур қилинса, улар қачон таълим олишади?
Яна бир гап: гарчи пахта ўзбек халқининг умумхалқ бойлиги бўлсада, ундан келадиган даромад фақат «айрим» шахсларгагина тегишлидир. Пахта теримига чиқишга қаршилик қилган ҳар қандай киши эса дарров «халқ душмани»га чиқарилади.
Энди дўппини ерга қўйиб ўйлаб кўринг-чи:
Ҳақиқий халқ душманлари кимлар экан?
Сирдарё вилояти