БАРБОД БЎЛАЁТГАН УМИДЛАР

“Бирдамлик” матбуот маркази хабар қилади

Мана, бир неча йилдирки Сирдарё вилояти Сардоба тумани аҳолиси тоза ичимлик сувига зор бўлган ҳолда кўлмак ва зовур сувларидан истеъмол қилиб келишмоқда.
Эҳтимол, Сиз бунга Давлат томонидан эътибор қаралмаётгандир деб ўйларсиз? Асло ундай эмас. Сўнгги 4 йилга назар ташлайдиган бўлсак, Сардоба тумани йўналишидаги 12 км узунлик тоза ичимлик суви қувурларини реконструкция қилиш учун бюджетдан қуйидаги маблағлар ажратилган:
— 2006 йилда 120.000.000 (бир юз йигирма миллион) сум;
— 2007 йилда 76.000.000 (етмиш олти миллион) сум;
— 2008 йилда 56.000.000 (эллик олти миллион) сум;
— 2009 йилда 121.250.000 (бир юз йигирма бир минг икки юз эллик) АКШ доллари кийматида
Аммо бу маблағлар Сирдарё вилоятидаги яккаю-ягона нуфузли «Оқава сув» корхонаси раҳбари Юнус Жалолов, туман тоза ичимлик суви йўналишига масъул ходим Ҳусан Ўрмонжоновлар томонидан ямламай ютилмоқда. Оқибатда фуқаролар умидлари саробга айланмоқда.
Ушбу масала юзасидан Сирдарё вилоят ҳокими, Халқ Депутатлари Кенгаши раиси, Сенатор А.Жалоловга қилинган шикоятларнинг сон-саноғи йўқ. Энг қизиғи – натижаси ҳам йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида: «Давлат халқ иродасини ифода этиб,унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдир» деб белгилаб қўйилган. Бу шаввозлар эса Қомусни ҳам назар-писанд қилишмаяпти.
Ачинарлиси шандаки, мазкур йўналишга ётқизилган полетеллин қувурлар мўлжалланган сув миқдорини кўтара олмай, ҳар жойдан ёрилиб кетмоқда. Шундан кўриниб турибдики, вилоят “оқава сув» корхонаси бу ерда ҳам қаллобликка йўл қўймоқда.
Яқинда янги гап чиқиб қолди. Сардоба туманига етказилиши лозим бўлган тоза ичимлик суви йўналишини таъмирлаш бўйича иш олиб бориш масъулияти Германия давлати мутахассислари зиммасига юклатилибди. Хорижлик мутахассислар 2009 йил 14-август куни Сардоба туманида бўлиб, лойиҳа бўйича иш юритиш ва аҳоли эхтиёжини қондириш юзасидан фаолият олиб боришга ваъда ҳам беришибди.
Эҳтимол, Германия давлати мутахассислари ўз ваъдаларида туриб тоза ичимлик сувини туманга олиб келишар. Ўша кунни интизорлик билан кутаётган халқ шоду-хуррам ҳам бўлар.
Аммо давлат бюджетидан ажратилган юз миллионлаб пулларни ҳавога совурган раҳбарларни тартибга чақирувчи ташкилот топилармикан? Ахир бу маблағлар халқнинг пешона тери билан топилган!

Сирдарё вилояти

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares