Ўзбекистондаги қашшоқлик ва болалар меҳнати борасидаги “Исёнкор” саволларига таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти Толиб Ёқубов жавоблари.
Юсуф Расул: Сизнингча Ўзбекистондаги қашшоқлик илдизлари қаерда? Қашшоқлик муаммосини бартараф этиш бўйича нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
Толиб Ёқубов: Бу масаланинг икки муҳим омили бор: бирининг асосида – урушлар, табиат офатлари, эпидемиялар ётса; иккинчисининг асосида эса соф сиёсий сабаблар ётади. Биринчи омил мамлакат тарихида аҳъён-аҳъёнда содир бўлиши мумкин, уруш эса ҳатто ва кўпинча сиёсат билан боғлиқ бўлади, бироқ мамлакат миқёсида қашшоқликнинг юзага келишининг иккинчи омили айнан ҳукумат сиёсатига бориб тақалади.
Буни тушуниш учун дастлаб икки тушунча: “сиёсий кураш тажрибаси ва анъанаси шаклланган (ёки шаклланмаган) жамият” ҳамда “жамиятнинг сиёсатлашуви” ҳақида айтиб ўтмоқчиман.
Давлат бошқарувининг асосий элементларидан бири бўлган сиёсий кураш тажрибаси ва анъанаси шаклланган жамиятларга, мас., АҚШ, Канада, қатор Европа мамлакатлари, Япония каби (ва б.) мамлакатларни, сиёсий кураш тажрибаси ва анъанаси шаклланмаган жамиятлар қаторига эса барча авторитар ва тоталитар системалар, қиролликлар (араб ва кўпгина Африка ҳамда Осиё мамлакатлари, Саудия Арабистони, Бруней ва б.), собиқ СССРдан чиққан қатор янги давлатлвр (ва б.)ни киритиш мумкин.
“Жамиятнинг сиёсатлашуви” масаласига келганда аввало шуни айтиш керак-ки, икки ҳолатда, яъни жамият ўта тўқ ёки қашшоқлик ҳолатида, жамиятнинг сиёсатлашуви даражаси энг паст бўлади. Бу тушунарли: жамият ўта тўқ бўлса, инсонларнинг сиёсий партияларга уюшиши, сайловолди ва сайлов пайти фаоллигининг ошиши, партияларнинг халқ фаровонлигини ошириш йўлидаги ваъда-программалари маълум маънода ўз қийматини йўқотади. Франция ва Саудия Арабистони ўта тўқ жамиятлар бўлса-да, уларни таққослаганда ушбу асосий фарқни кўрамиз: демократик қонунлар ишлаётгани сабабли Францияда коррупция кузатилмайди, яъни қонунлар давлат раҳбарлари халқ ҳисобига бойиб кетишига йўл қўймайди, фақат нефть сотиш ҳисобига бойиган Саудия Арабистонида эса шайхлар мамлакат бойлигини ўзлаштириш йўлида на демократик ва на исломий қонун-қоидаларга бўйинсунадилар.
Қашшоқлик ҳукм сурган жамиятда халқнинг аксарият қисми бугунги ва эрталик кунни ўйлаш доирасига тушиб қолади, одамларда сиёсий фаолликка на вақт, на имконият ва на қизиқиш қолади. Бу ҳолатни яхши тушунган авторитар, нияти бузуқ раҳбарлар жамиятни қашшоқлик гирдобига ташлашни ўз сиёсатининг асосий йўналишига айлантиришади.. Мазкур сиёсатни йўлга қўйиш қийин эмас: юксак даражадаги коррупция ўз ишини “аъло” даражада бажаради ва авторитар раҳбар кўп жиҳатдан “ютади”: (1) шаклланган коррупцион омма (бошқарув системаси мулозимлари, прокуратура, суд, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва ҳ.) унинг ижтимоий базаси (тўла қўллаб-қувватловчи асоси)га айланади; (2) халқ сиёсий фаолликдан маҳрум қилинади; (3) инсоннинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари йўқ қилинади ёки кескин чегараланади; (4) халқнинг ҳукумат олдидаги қўрқуви шаклланади ва кучаяди, ва ҳоказо. Бошқача айтганда, қашшоқлик давлат сиёсатига айланади ва Ўзбекистон бунга классик мисол бўла олади.
Табиий, бундай шароитда жамият қашшоқлик муаммосини еча олмайди, сиёсий фаолликдан узоқлаштирилган халқ фақат қўзғолонга қодир бўлиши мумкин, холос. Бироқ содир бўлиши мумкин бўлган халқ исёнларининг олдини олиш учун авторитар режимлар ўз мамлакатларида ички ва ташқи душман излаш йўлига ўтадилар. Ислом Каримов 90-чи йиллар бошида ички ва ташқи “душман” сифатида ўша пайтда, асосан АҚШ ва Россиянинг саъй-ҳаракати билан, “мода” тусига кирган исломий экстремизм ва терроризмни танлади. Танланган афсонавий “душманни” қоралаш учун давлат ўзининг барча ресурслари (оммавий ахборот воситалари, миш-мишлар тарқатиш каналлари, прокуратура, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари, агитация ва пропаганда)ни ишга солади, душман образини жамият зеҳниятига сингдириш, ўз афсоналари “ишончлилигини” ошириш мақсадида онда-сонда турли портлашлар, отишмалар, “ҳужумлар” уюштиришни амалга ошириб туради. Шундай қилиб, Ўзбекистондаги қашшоқликнинг асосий сабаби жорий ҳукумат ва давлат раҳбарининг шу ҳолатдан манфаатдорлиги туфайли олиб бораётган сиёсатидир деб бемалол айтиш мумкин.
Ю.Р.: Ўзбекистонда болалар ва мажбурий меҳнат нега ҳамон давом этмоқда? Бу муаммоларга мухолифатдаги партия ва ҳаракатлар нега шу пайтгача эътиборсиз қараб келишмоқда?
Т.Ё.: Бир француз файласуфининг: «Қулликнинг энг даҳшатли томони шунда-ки, қул бора-бора ўз қўлларидаги кишанларга меҳр қўя бошлайди» деган фикрини ўқиганман. Файласуфнинг «қўлидаги кишанлар» иборасини инсоннинг (қулнинг) эрксизлиги дея тушуниш керак. Қул бора-бора эркинликни унутади, яъни унда қул психологияси юзага келади. Бундай психологияни балоғатга етган эркин инсондан кўра нов-ниҳол болада шакллантириш осонроқ кечади. Авторитар тузум учун бу бебаҳо топилмадир: қуллик психологияси болалигида сингдирилган инсон тузумга умрбод эътирозсиз, сассиз ва зулмга қарши исёнсиз хизмат қилади. Ўзбекистон халқининг ҳолати бунга яққол ва афсусланарли мисолдир.
Тарихга бир назар ташланг. Чор Россияси интервенциясига қадар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида пахта жуда кам экилган, пахта етиштириш ҳатто чор ҳукумати даврида ҳам оммавий тусга эга бўлмаган. Чигит экиш ва пахта етиштириш коммунистик совет даврида оммавий тусга кирган. Пахта етиштиришда болалар, талабалар, зиёлилар ва турли бошқа ишлаб чиқариш соҳалари ходимлари меҳнатидан оммавий равишда фойдаланиш 2-чи жаҳон уруши давридан бошланган. Ўтган асрнинг 60-чи йилларигача бу амалиёт, образли қилиб айтганда (кўп ҳолларда ҳақиқатан ҳам) қамчи остида уюштирилган бўлса, 60-чи йилларга келиб давлат бу сиёсатни халқни кучли агитацион-пропагандистик лақиллатиш, «ихтиёрий»-мажбурийлик асосида сафарбар қилиш йўли билан амалга ошира бошлади. «Оқ олтинни олтин қўллар теради!», «Оқ олтин – шарафимиз-шонимиз!», «Оқ олтинни охирги граммигача териб давлатга топширайлик!» – шу каби беҳисоб шиорлар ҳар қадамда кўзга ташланар, газета ва журналлар саҳифаларидан жой олар, радио ва телевидениедан янграр эди. Мактаб, техникум ва олий ўқув юртлари раҳбариятлари ўқувчилар ва талабалар номидан «оқ олтинни нест-нобуд қилмай йиғиб-териб олиш» ташаббусини кўтариб чиқар эдилар. Ўзбек ёзувчилари [қаранг: «Синчалак», «Олтин водийдан шабодалар» каби беҳисоб роман, повесть ва қиссалар] ва шоирлари [қаранг: «Зайнаб ва Омон» ва бошқа поэтик қиссалар] қўлларидан келгунча пахтани мадҳ этдилар ва ўз халқида қуллик психологияси шаклланишига етарлича ҳисса қўшдилар.
Шуни ҳам айтиш лозим-ки, замонавий технологиялардан тамоман орқада қолиб кетган СССР иқтисодиётининг инқирози кучайгач, совет раҳбарияти Ғарб билан муносабатни яхшилашга ҳаракат бошлади. Бироқ Ғарб муносабатнинг асосий элементи сифатида мамлакатда инсон ҳуқуқлари, хусусан болалар ҳуқуқларини тиклашни талаб этди. Шу сабабли СССРда пахта етиштириш соҳасини ҳам механизациялаш ва уни мукаммаллаштириш программаси қабул қилинди.
СССР тарқалишидан олдин пахтанинг 60-70 фоизини машиналар ёрдамида териб олишга эришилди. Мас.., бизнинг колхозимизда пахта териш сезонида 45 та терим машинаси далага чиқар эди. Ҳозирда эса ўша ҳудудда битта ҳам терим машинаси далада кўринмайди – маҳаллий раҳбарлар уларни Қозоғистонга сотиб юборишди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда яхшими-ёмонми ишлаб турган Тошкент трактор, қишлоқхўжалик машинасозлик, Ўзбек қишлоқхўжалик машинасозлик заводлари барбод бўлди. Миллионлаб одамлар ишсиз қолди ва иш излаб ватанни тарк этишди. Тракторчи ва шоферлардан ташқари қишлоқ хўжалигида барча ишлар асосан аёллар ва болалар зиммасига юклатилди. Қўл меҳнати давлат харажатларини кескин камайтирди. Бу эса пулларни давлатнинг репрессив машинасига айлаган кучишлатар системаларини молиялашга сарф этишга имконият яратди, пахта сотиш давлат мулозимлари учун хазина даражасига кўтарилди.
Бундай ҳолат қандай авторитар раҳбариятни қаноатлантирмаслиги мумкин?
Қуллик психологияси мамлакатда ривожланишни тўхтатади, жамият деградация (ҳар томонлама бузилиш, инқироз)га учрайди. Бу эса сиёсий режим учун айни муддаодир.
3-4 кун илгари интернет-сайтларда чоп этилган икки ватандошимизнинг фикрларини ўқиб мен ҳайратландим. Дастлаб улар Ўзбекистонда кузатилаётган қашшоқлик ва болалар меҳнатидан фойдаланиш сабабларини мамлакатдаги сиёсий тузумга боғлаганлар – бу тўғри позиция, албатта. Бироқ улар болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши курашиш ҳозирги Ўзбекистон шароитида бефойда деган хулосага келганлар. Уларнинг бири эса бу фикрда янада илгарилаб, Ислом Каримов режимидан кейин шаклланадиган ҳукумат ҳам 4-5 йиллар болалар меҳнатидан фойдаланишини башорат қилган. Бу фикрлар, айниқса охиргиси, Ислом Каримов қўлига муҳим карт-бланш, яъни шу ишда тўлиқ эркинлик беради. Маълум-ки, икки йилдан бери дунёнинг нуфузли ҳуқуқбонлик ташкилотлари, пахта сотиб олувчи йирик корпорациялари Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши акциялар олиб бормоқдалар. Табиий, бу акциялар бир лаҳзада Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга барҳам бермайди. Бироқ мазкур акциялар Ўзбекистон ҳукуматини вужудига титроқ солди, халқаро ҳамжамият босими ошган сайин бу титроқнинг кучайиши аниқ. Болалар меҳнатидан фойдаланиш Ўзбекистондаги режимнинг бир ён илдизидир. Битта ўқ илдизи ва юзлаб ён томирлари бўлган дарахтни ўқ томир эмас, унинг ён томирлари тик ушлайди, уни йиқитиш учун эса ён томирлари кесилиши шарт. Сиёсий ва ижтимоий ҳаётда ҳам шу қонун ўз кучини сақлайди.
Халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги бедодликларга қарши курашаётган пайтда ўзбек мухолифати кимнинг тарафида бўлиши керак? Ёки «ҳеч нарса қилиб бўлмайди» деб бетараф бўлиб туришлари керакми? Бундай позиция аввало халқаро ҳамжамият кўзи олдида ўзбек мухолифатинининг обрўсини кескин пасайтиради.
Бир пайтлар шу икки ватандошимизнинг бири «Зулмга рози бўлган одамнинг ўзи зулмкордир» дея ёзган эди. Нега шу ватандошимиз болаларга нисбатан ўтказилаётган зулмга қарши овозини чиқариш ўрнига «фойдаси йўқ» деган позициясини эгаллаганини мен тушуна олмадим.
Ю.Р.: Қашшоқлик ва болалар меҳнати муаммоларини бартараф этиш йўлида мухолифат қандай режа ёки дастурлар асосида иш олиб бориши мумкин ва уларни бу йўналишдаги ҳаракатлари қандай натижа беради, деб ўйлайсиз?
Т.Ё.: Бу саволга мен юқорида жавоб бердим, деб ўйлайман.
Суҳбатдош: Юсуф Расул.
www.isyonkor.ucoz.ru